Мамлакатимизда биржалар тарихи ўтган асрнинг 90-йилларига бориб тақалади. Ўшанда ташкил этилган “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” акциядорлик жамияти айни пайтга келиб Марказий Осиёдаги энг йирик, МДҲ мамлакатлари ичида энг етакчи хомашё савдо майдончаларидан бирига айланди.
Биржалар уларда савдога қўйиладиган объектларга қараб турларга бўлинади. Валюта биржасида пул, фондда қимматли қоғозлар асосий ўрин тутса, товар биржасида эса хомашё ва маҳсулотлар унинг муҳим объекти ҳисобланади. Республика товар-хом ашё биржасида ҳам миллий ва хорижий компанияларнинг мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган юқори ликвидли товар активлари, шу жумладан, қора ва рангли металлар, нефть маҳсулотлари, минерал ўғитлар, шакар, ун, дон ва бошқа товарларнинг олди-сотдиси амалга оширилади.
2020 йилда коронавирус пандемияси билан боғлиқ муракабликлар ва чекловларга қарамай, 53,6 триллион сўмлик битимлар имзоланган бўлиб, бу 2019 йилдагига нисбатан 24,7 фоиз кўплигини кўрсатади.
Айни пайтда биржада 800 мингдан зиёд савдо иштирокчиси рўйхатдан ўтказилган. Унинг 300 дан зиёд маҳаллий савдо майдончаси мамлакатимизнинг деярли барча туманларида фаолият юритмоқда. Бундан ташқари, 14 та хорижий савдо майдончаси Хитой, Россия, Беларусь, Украина, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистонда очилган.
— Бу жараёнда тадбиркорлик субъектларининг фаоллиги ортиб боряпти, — дейди “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Зулфиддин Камолов. — Ўтган йили кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иштирокида тузилган шартномалар ҳажми 20,5 триллион сўмни ташкил қилди. Хусусан, тадбиркорлар биржа орқали 13,3 триллион сўмлик товар ресурсларини сотиб олган бўлса, 7,2 триллион сўмга тенг маҳсулотларини савдо майдончаларимиз орқали сотишди. Сотувчи корхоналар биржа савдоларида ҳақиқий бозор нархи шаклланганлиги туфайли 2019 йилдаги фойдадан 40,4 фоиз ортиқ, яъни 3 триллион сўм қўшимча даромад олди.
Жорий йилнинг январь-февраль ойида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси 11,3 трлн сўмлик битимлар тузилди. Бу ўтган йилнинг мос даври билан солиштирганда 46,2 фоизга кўпдир. Тузилган битимларнинг 90 фоизи биржа савдоларига, қолган 10 фоизи электрон тижорат савдо тизимларига тўғри келди.
Яна бир рақамга эътиборингизни тортмоқчиман. 2020 йил давомида савдо платформаларимиз орқали умумий ҳисобда 97,4 миллион АҚШ долларига тенг маҳаллий маҳсулот ташқи бозорга сотилган. Йирик экспорт шартномалари полиэтилен (52 фоиз), нефть маҳсулотлари (13 фоиз) ва пахта толаси (12 фоиз) бўйича тузилди. Шу билан бирга, хорижий савдо майдончалари тармоғининг кенгайиши нафақат маҳаллий товарларни ташқи бозорларга олиб чиқишга, балки талаб юқори бўлган маҳсулотларни мамлакатимизга олиб кириш орқали ҳам ички бозор нархларнинг барқарорлашишига ёрдам беради. Ўтган йили хорижий савдо майдончаларимиз кўмагида 24,8 миллион АҚШ долларига тенг минерал ўғит, озиқ-овқат ва нефть маҳсулотлари импорт қилинди.
Мамлакатимиз биржа луғатига “форвард”, деган тушунча кириб келганига ҳали кўп вақт бўлгани йўқ. Аслида бу инглизча сўз, илгари, аввал деган маънони билдиради. Биржа фаолиятида форвард сўзи шартномага нисбатан қўлланилиб, товарни аввалдан белгиланган нархда келажакда етказиб бериш юзасидан олинган мажбуриятни назарда тутади. Ушбу механизм, бир томондан, яқин истиқболда етказиладиган товар учун нархларни олдиндан белгилаш, иккинчи томондан, маҳсулотлар учун тўловларни олдиндан олиш имконини беради. Яъни, маҳаллий тадбиркорлар ва фермерлар харид қилинадиган товарлар бўйича нархлар ўзгарувчанлигидан ўзларини ҳимоя қилишлари, товар ишлаб чиқарувчилар эса ўз фаолиятларини янада самарали режалаштиришлари мумкин.
— Ўтган йили Республика товар-хомашё биржасида илк марта қиймати 1,88 триллион сўмга тенг бўлган 1 480 та форвард шартномаси имзоланди, —дейди Зулфиддин Камолов. — Бундай савдоларда шакар, цемент, пахта толаси, пахта ёғи, техник пахта чигити, нефть маҳсулотлари ва чорва учун ем каби 21 турдаги маҳсулот сотилган. Форвард битимлари бўйича ўтказилган электрон савдоларда 102 нафар сотувчи ва 250 нафар харидор иштирок этган.
Кейинги пайтда жорий этилаётган янгиликларнинг самараси ҳақида гап борганда, электрон тижоратнинг В2В моделини акс эттирувчи кўргазма-ярмарка савдолари эътиборни тортади. Унинг ҳажми 2019 йилги кўрсаткичга нисбатан 53 фоизга ортиб, 2,4 триллион сўмдан ошди. Бу тизимда илк марта биржанинг ҳисоб-китоб клиринг палатаси орқали тузилган битимларнинг кафолатини таъминловчи механизм ҳам ишга туширилди. Ушбу тизимнинг мобиль иловаси ҳам йўлга қўйилди. Унда yarmarka. uzex.uz веб-сайтининг барча функциялари ҳавола этилган. Яна бир янгилик биржанинг transport. uzex.uz логистика порталида махсус электрон савдо йўналишининг жорий этилиши бўлди. Бу платформа товарларни, шу жумладан, биржада сотилган юқори ликвидли маҳсулотларни харидорларга етказиб бериш бўйича логистика хизматларини кўрсатишга мўлжалланган.
Электрон тижорат соҳасида бир нечта йирик инновацион лойиҳа амалга оширилди. Хусусан, давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталидаги электрон дўкон савдо майдончасида буюртмачилар томонидан ҳудудлар кесимида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўртасида амалга ошириш имкониятини берувчи milliydokon.uzex.uz (emilliydokon. uzex.uz) қўшимча саҳифаси иш бошлади. Бунда давлат буюртмачилари ушбу саҳифадан фойдаланган ҳолда, ўртадаги масофанинг яқинлиги эвазига қўшимча вақт ва пул маблағларини тежашларига, маҳаллий тадбиркорлар эса ўзларининг ҳудудидаги давлат харидларида кенгроқ иштирок этишларига имкони яратилди.
— Биржанинг avtoraqam.uzex.uz веб-сайтининг қамро тоборо кенгайиб боряпти, — дейди “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ матбуот хизмати раҳбари Ҳикматилло Тиллабоев. — Ўтган йили мазкур шаффоф онлайн-аукциони орқали 246,6 миллиард сўмлик 100 мингдан зиёд автомобиль рақамлари сотилди. Бу кўрсаткичи аввалги йилга нисбатан 2,7 баробарга, қиймат бўйича 58 фоизга ошган. Битта битимнинг ўртача қиймати 2,4 млн сўмга тенг бўлди. Бундан ташқари, биржанинг transport.uzex.uz логистика порталида электрон савдо тизими ҳамда электрон ҳужжат алмашинуви бўйича янги exdoc.uz хизмати ҳам йўлга қўйилди.
Хўш, жорий йилда яна қандай замонавий хизматлар жорий этилиши кутиляпти?
— Биринчи навбатда, Президентнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида ва Давлат дастурида белгилаб берилган биржа савдоларига янги товар ресурларини, хусусан, табиий газни жалб қилиш, унинг улгуржи савдосини ташкил этиш, кумуш ва бошқа қимматбаҳо металлар савдосини кенгайтириш мўлжалланмоқда, —дейди Зулфиддин Камолов. — Биржа IT-компания эканлигини инобатга олган ҳолда, Маълумотларни қайта ишлаш марказини модернизация қилиш ва электрон савдо тизимларнинг ахборот хавфсизлигини кучайтириш бўйича қўшимча чоралар кўрилади. Улар савдоларнинг янги механизмларини йўлга қўйишга, жумладан, биржа савдоларининг янги электрон тизими ва ягона клиринг фаолиятини йўлга қўйишга хизмат қилади.
Тез орада давлат харидлари бўйича ягона портал ишга туширилиши кутилмоқда. Бу эса электрон савдоларда иштирок этиш тартибини янада енгиллаштиради. Барча турдаги давлат харидлари замонавий дизайн ва қулай интерфейсга эга битта порталга бирлаштирилади. Порталда товарларнинг ягона классификатори жорий этилади ҳамда мижозларни биржанинг барча савдо тизимларида ягона рўйхатдан ўтиши мумкин бўлади.
Бундан ташқари, биржа ходимлари малакасини ошириш ва брокерларни тайёрлаш бўйича ўқув марказини ташкил қилиш ҳам мўлжалланган. Айни вақтда хорижий экспертлар ва малакали мураббийларни жалб қилган ҳолда, биржа ходимлари учун ўқув машғулотлари ўтказилиб келинмоқда. Ушбу ташаббус электрон савдоларининг янги шаклларини жорий этиш ва трейдерлик касби йўналишида ёшлар учун янги иш жойларини яратиш имконини беради.
Абдурауф ҚОРЖОВОВ,
иқтисодий шарҳловчи