Бугунги кунда аёлларимизнинг ҳуқуқий хатолари, ишонч сабаб қўяётган имзолари, руҳий босим остида қабул қилаётган қарорлари кўплаб оғир оқибатларга олиб келмоқда. Кредитдан тортиб мулккача, никоҳ шартномасидан мерос масаласигача бир қадамда адолатли ечим бор экан, бошқа қадамда инсон умри давомида тузатиб бўлмайдиган вазият юзага келади.

Нега бу ҳолатлар такрорланмоқда? Нима учун аёллар кўпинча алданишади? Уларнинг ҳуқуқий ҳимояси қайерда бузиляпти?

Шу саволларга жавоб топиш мақсадида биз ҳуқуқшунос-мутахассис билан суҳбатлашдик.

Аёллар энг кўп қайси вазиятларда алданади?

Яккасарой туман «Инсон» ижтимоий хизматлар марказининг - Ҳуқуқий масалаларда (эксперт) маслаҳатчиси Бобурбек Сарабеков:

Сиз тўғри фикр айтдирнгиз. Ростдан ҳам битта имзо бутун ҳаётни ўзгаритиши мумкин. Энг катта муаммо ҳужжатларни ўқимасдан имзо қўйиш. Бу нафақат кредит ёки олди-сотдида, балки никоҳ шартномаларида ҳам жуда кўп учрайди. Аёллар кўпинча руҳий босим остида қолади: “Менга ишонмасанг — ажрашамиз”, “Бу шунчаки расмиятчилик”, “Оиламизни шарманда қилма” каби босимлар уларни имзо қўйишга мажбур қилади.

Кўп ҳолларда аёл ҳужжатнинг мазмунини тўлиқ тушунмайди, оқибатини тасаввур ҳам қилмайди. Лекин бир имзо билан у ўзининг умумий мулкдан улушини йўқотиши, ёки умуман ҳуқуқсиз қолиб кетиши мумкин.

Демак, босим остида имзо қўйиш амалиётда жуда кўп учрайди?

— Яккасарой туман «Инсон» ижтимоий хизматлар марказининг - Ҳуқуқий масалаларда (эксперт) маслаҳатчиси Бобурбек Сарабеков:

Жуда кўп. Ва энг муҳими буни судда исботлаш мумкин. Аёл босим остида бўлганини айтса, ҳужжат экспертизага юборилади. Эксперт имзонинг техник белгилари, ёзувнинг динамикаси, ҳатто исмни ёзишдаги руҳий ҳолатни таҳлил қилади.

Психолог ҳам жалб этилади. У аёлнинг имзо пайтидаги эмоционал ҳолатини ўрганади. Агар психолог “аёл босим остида имзо қўйган” деган хулосага келса, суд айнан шу хулосага таянади ва шартномани бекор қилиши мумкин.  

Ҳатто нотариуснинг ўзи ҳам босимни сезса, шартномани тасдиқлашдан бош торта олади.

Айтингчи, аёллар кўп учрайдиган мулк билан боғлиқ хатолар нималардан иборат?

Яккасарой туман «Инсон» ижтимоий хизматлар марказининг - Ҳуқуқий масалаларда (эксперт) маслаҳатчиси Бобурбек Сарабеков:

— Яхши мавзуни очдингиз. Тўғри ҳақиқатдан бундай ҳолатлар амалиётда кўп учраайди. Албатта. Энг оғир ҳолатлардан бири ҳам айнан шундай. Батафсил тўхталадиган бўлсак, биринчи хатолардан бири оғзаки ваъдаларга ишониш. “Бу уй сеники”, “Эртага расмийлаштирамиз”, “Ҳеч кимга берилмайди” каби гаплар ҳуқуқий кучга эга эмас.

Қонунга кўра:

  • Никоҳ даврида олинган мулк — умумий мулк.
  • Аммо мулк эрнинг ота-онаси ёки қариндоши номида бўлса энди бу умумий мулк эмас.
  • Аёл ажрашганда ундан улуш талаб қила олмайди.

Меросда ҳам кўп аёллар алдониб қолади. Чунки улар ўз вақтида нотариусга мурожаат қилмайди ёки “ваъда”га ишониб юради. Аммо мерос фақат ёзма асосда тарафларга тегишли бўлади. Танилмаган фарзандлар, шарий никоҳдаги фарзандлар ҳам тенг ҳуқуқли меросхўр саналади.

Шунинг учун аёллар ўз ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун фақат ҳужжатга таянишлари шарт.

Иш жойида қайси ҳуқуқлар энг кўп бузилади?

Яккасарой туман «Инсон» ижтимоий хизматлар марказининг - Ҳуқуқий масалаларда (эксперт) маслаҳатчиси Бобурбек Сарабеков:

Энг кўп учрайдиган ҳолатлардан бири меҳнат таътили масаласида. Қонунга кўра, янги ишга кирган ходим камида 6 ой ишласа, меҳнат таътилига чиқиш ҳуқуқига эга. Лекин айрим иш берувчилар “бир йил ишламасанг бўлмайди” деб ёлғон маълумот беради. Аёллар эса буни қабул қилиб, ўз ҳуқуқидан воз кечиб қўяди. Аслида янги ўзгартирилган қонунга кўра олти ойдан сўнг 21 кун муддатга меҳнат таътили олиш ҳуқуқига эга. У хафтада 5 кун ишласин ёки 6 кун, буни 21 меҳнат таътили олишига хеч қандай алоқаси йўқ. Меҳнат таътилини қонунга кўра иккига бўлиб ҳам олиш мумкин.

Шунингдек, шартнома, буйруқ ва иш ҳужжатлари асосида ҳар қандай адолатсизликни судда тиклаш мумкин.

Демак, асосий муаммо — ҳуқуқий саводхонлик пастлиги?

Яккасарой туман «Инсон» ижтимоий хизматлар марказининг - Ҳуқуқий масалаларда (эксперт) маслаҳатчиси Бобурбек Сарабеков:

Ҳа, бу энг катта муаммо. Аёллар имзо қўяр экан, унинг ҳуқуқий оқибатларини камдан-кам ўйлайди. Ҳуқуқни билган инсонни алдаш қийин. Ҳуқуқни билмаган инсон эса ҳатто ўз ҳақ-ҳуқуқиқидан ҳам хабардор эмас.

Имзо тақдирни белгилайдиган куч. Бу жавобгарлик, бу ҳимоя, бу инсоннинг ўзига бўлган ишончи.

Аёлларга энг муҳим тавсиянгиз?

Яккасарой туман «Инсон» ижтимоий хизматлар марказининг - Ҳуқуқий масалаларда (эксперт) маслаҳатчиси Бобурбек Сарабеков:

Икки нарса:

1.    Ҳар қандай ҳужжатни бир неча маротаба ўқинг.

2.    Тушунмаган жой бўлса — мутахассисга мурожаат қилинг.

Ҳужжатни тушунмасдан имзо қўйиш ўз тақдирингизни бошқаларга топшириш билан баробар. Аёл ўзини ҳимоя қила олса, фарзандини, оиласини, келажагини ҳам ҳимоя қилади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, ҳар қандай ҳужжат оддий қоғоз эмас, қарордир. У инсоннинг бугунги кунга бўлган муносабати, эртанги кунга қўяётган қадами ва келажакка юклаётган масъулиятидир.

Аёлларимизнинг кўплаб ҳаётий фожеалари бир имзодан бошланмоқда: ўқимаган, тушунмаган, ўйламаган имзо. Аммо қонун ҳиссиётни эмас ҳужжатни тан олади. Шунинг учун ҳар бир аёл, ҳар бир инсон ўз тақдирини қоғозга қўяётган имзо билан бирга ҳимоя қилмоғи шарт.

Ҳуқуқий саводхонлик — бу қўрқув ёки шубҳа эмас.

Бу — куч.

Бу — ҳимоя.

Бу — адолатга эга бўлишингизни таъминлайдиган идрок..

Агар ҳар бир аёл ҳужжатни ўқиб, тушуниб, маслаҳат олиб, ҳушёрлик билан имзо қўя олса у фақат ўзи эмас, фарзанди, оиласи ва келажагини ҳам асрайди.

Чунки ҳаётда баъзан энг катта фарқни катта қарорлар эмас, энг кичик ҳаракат битта имзо ҳал қилади.

Зулхумор АКБАРОВА