А.Қодирий номидаги Жиззах давлат педагогика институти томонидан ташкиллаштирилган  қўшма хайр-саховат  лойиҳаси ана шундай номланди.

Бугун давлатимиз раҳбари раҳнамолигида ногиронларни, имконияти чекланган шахсларни манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ёрдамчи ва реабилитация, техника воситалари билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу йўналишдаги эзгу ишларда жамоат ташкилотлари ҳам фаол иштирок этмоқда. Жиззах давлат педагогика институти Ш.Рашидов тумани ҳокимлиги, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди Ш.Рашидов тумани таянч пункти ҳамкорлигида  ўтказилган хайр-саховат акцияси бунга ёрқин мисолдир.

Тадбирга имконияти чекланган, болалигидан ногиронлиги бор иқтидорли, уйда якка тартибда таълим олаётган болажонлар таклиф этилди. “Биз биргамиз” лойиҳаси имконияти чекланган бўлса-да, кўпчилик тенгдошларига намуна бўлаётган иқтидорли ўқувчиларнинг тасвирий саънат кўргазмаси намойиши билан бошланди. Шундан сўнг “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди таянч пункти қошидаги “Болажоним” дастаси ҳамда институт бадиий жамоаси томонидан тайёрланган концерт дастури йиғилганларга ҳавола этилди. Тадбир давомида Ш.Рашидов тумани ҳокими М.Холбўтаев ҳамда институт ректори Ш.Шарипов  муборак Рамазон айёми билан қутлаб,   уларнинг ҳар бирига ўз совға-саломларини улашди.

Абдулҳамид Содиқов 12  ёшда. Унга гўдаклигидан “ўсиб борувчи мушаклар дистрофияси” ташхиси қўйилган. Абдулҳамид  Содиқовнинг яқинлари билан бўлган мулоқот давомида бугун у бошқараётган ногиронлик аравачаси яроқсиз ҳолга келганлиги маълум бўлган эди. Абдулҳамид Содиқов бугунги байрамдан ҳомийлар томонидан берилган бир олам совғалар билан қайтди. Бу совғалар қаторида сўнгги русумдаги ногиронлик аравачаси ҳам бор. Совғани  унга институт ректори Ш.Шарипов топширди.

Бугунги қўшма лойиҳага ҳеч ким қуруқ қўл билан келмади. Туман ҳокими М.Холбўтаев шу ернинг ўзида унга илтимос билан чиққан  4 нафар имконияти чекланган болажонларга тикув машинаси, компьютер олиб беришга ваъда берди. Шу қаторида жами 17 нафар иштирокчи болажонларга институт томонидан совғалар топширилди.

Юксак меҳр-мурувват, оқибат ва бағрикенглик бизга буюк аждодларимиздан мерос фазилатдир. Инсонларнинг дардини эшитиш, мушкулини осон қилиш азалдан халқимизда эъзозланган юксак инсоний фазилатлардан. Бир эҳтиёжманд инсоннинг дарду ташвишини эшитиб, унинг кўнглини олиб, хурсанд қилиш Каъбани обод қилиш билан баробар дейилади. Шу хусусида мутафаккир бобомиз ҳазрат Навоий шундай дейди:

Кимки бир кўнгли бузуқнинг хотирин шод айлагай,

Онча борки, каъба вайрон бўлса, обод айлагай.

Кўнгли синиқ, меҳрга муҳтожларга яхшилик қилишда хайри барака бор дейишади. Кўмакка, эҳтиёжлиларга яхши қараш ҳар бир жамиятдаги ижтимоий тенгликнинг муҳим омилларидан биридир. “Биз биргамиз” хайр-саховат акцияси ҳам ана шу эзгу ниятларни ўзида мужассамлаштирган бир тадбир бўлди, десак хато қилмаган бўламиз. Буни  кўзлари кулиб турган, жажжи қўлчалари, ҳаракатлари билан ўз ташаккурини изҳор қилишга уринаётган болажонлар  қувончидан сезиш қийин эмас.                                                                                                                                  

Г.ШАРИПОВА,

Жиззах давлат педагогика институти ахборот хизмати