Еттита йўналиш бўйича 100 та мақсадни ўзида жамлаган, том маънода халқчил ҳужжат бўлган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси яқин келажакдаги ривожланиш йўлимизни белгилашнинг муҳим асоси сифатида барчамиз учун дастуриламалдир. Мазкур ҳужжатнинг тарихий аҳамиятга эга жиҳатларидан бири шундаки, ундаги режа ва мақсадлар нафақат соҳа мутахассислари, илмий доира вакиллари, маҳаллий ва халқаро экспертлар билан, шунингдек, кенг жамоатчилик, халқ билан кенгашиб муҳокама қилинди.

Бугун, мамлакатимиздаги олий таълим муассасалари сонининг 159 тага етганини, аввало, Президентимизнинг ташаббуси ва саъй-ҳаракати натижаси деб таъкидлашни истардим. Йиллик қабул 200 минг нафардан ортгани ёки олий таълимдаги қамров доираси 30 фоиздан ошгани ҳам эътиборга молик. Албатта, Ҳаракатлар стратегияси амалга оша бошлаган дастлабки даврдаги кўрсаткичларга нисбатан уч-тўрт баробар юқорилаганини билдиради. Ушбу рақамлар Янги Ўзбекистонни 2022–2026 йилларга мўлжалланган ривожлантиришнинг тараққиёт стратегиясида белгилаб берилган вазифалар юксалишнинг янги саҳифаси, янгича босқичини очиб беради, десак муболаға бўлмайди.

Эътироф этиш керакки, бу борада асосий эътибор инсон қадр-қимматига қаратилган. Табиийки, инсоннинг қадрли бўлиши учун давлатнинг ўз фуқаросига нисбатан кўрсатаётган эъзози, эътибори ҳар доим ҳисобга олиниши керак. Мазкур жараён ҳар хил йўсинда кечади. Айниқса, таълим тушунчаси ушбу жабҳада катта роль ўйнайди. Шу ўринда нима учун деган ҳақли савол  туғилади.

Азалдан яхши касб эгаси, малакали уста эл-улус орасида қадрланган, ҳурмат топган. Демак, намунали таълим олган, тажрибали мутахассиснинг жамиятдаги ўрни, нуфузи ошиб бораверади. Шунинг учун ҳам навбатдаги беш йилликда давлат дастурлари доирасида Ўзбекистонда ОТМлар сонини 200 тага етказиш режалаштирилган. Кўпчиликда булар фақат рақам ва сон ҳақида гапиряпти, сифат-чи, деган э ътироз ҳам туғилиши табиий ҳол.

Йўқ, биз сон ортидан қуваётганимиз йўқ. Масалан, олий таълимга қамровни 2026 йилга бориб 50 фоиздан ошириш бежиз назарда тутилмаган. Демак, мактаб, лицей битирувчиларининг эллик фоиздан ортиғи, насиб этса, олий маълумотли деган шарафли номни олиш бахтига муяссар бўлади. Ва асосий масала, албатта, давлатимиз раҳбари томонидан бизнинг олдимизга қўйилаётган жиддий вазифа таълим сифатини оширишдан иборат. Шунинг учун ҳам ОТМга қамров доирасини оширишни кўпроқ хорижий илм даргоҳларининг филиаллари ва албатта, очилажак янги хусусий ОТМлар ҳисобидан амалга ошириш режалаштирилган. Чунки ана шу давр ичида барча ОТМларда ўқув бинолари, замонавий жиҳозланган лаборатория ва ётоқхоналарни кўпайтириб олишимиз керак. Бу каби жиҳатларга ҳам алоҳида урғу берилади. Яна бир муҳим масалага алоҳида тўхталиш керакки, ўтган беш йил давомида ҳудудларда кўплаб олий таълим муассасалари очилди. Масалан, Сурхондарёда аввал битта ОТМ бўлган бўлса, ҳозир 6 тага етди. Бошқа вилоятларда ҳам 5-6 тадан олий ўқув юртлари ташкил этилди. Яъни 87 та олийгоҳнинг аксарияти чекка жойларда. Шунингдек, 2022 йил 28 январь куни Президентимиз раислигида мактаб таълимини ривожлантириш масалалари юзасидан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари томонидан ҳар бир ҳудудда педагогика олийгоҳларини ташкил этиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди. Бундан кўзланган мақсад эса ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда таълимнинг ўрнини кўрсатиб бериш ва юксак тараққиётга шу йўл орқали эришишдан иборат.

2022 йилда соҳада соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ҳамда ёшларнинг олий таълим билан қамров даражасини 38 фоизга етказиш мақсадида нодавлат олий таълим муассасалари сони 27 тадан, жами олийгоҳлар сони эса 170 тадан оширилади.

Жумладан, Исҳоқхон Ибрат номидаги Наманган давлат чет тиллар институти, Андижон давлат чет тиллар институти фаолияти йўлга қўйилса, Навоий давлат кончилик институти негизида Навоий политехника университети ташкил этилади.

Олий таълимнинг меъёрий-услубий тизими халқаро стандартларга мувофиқ жорий этилиши натижасида келгуси йилларда мамлакат олий таълим тизими жаҳон таълим маконига тўлиқ интеграция қилинади. Халқаро академик ва илмий мобиллик ҳуқуқий асосга эга бўлган ҳолда кескин кенгаяди, дипломлар, академик ва илмий даражалар конвертацияси учун кенг имкониятлар яратилади. Таълим дастурларини халқаро миқёсда уйғунлаштириш имконияти кенгайиб, мамлакат олий таълим муассасалари халқаро рейтингларда тенгма-тенг иштирок этиши имконияти янада ошади. Таълим жараёнига хорижий мутахассисларни жалб қилиш кенгаяди, халқаро академик ва илмий лойиҳалар кўлами ошади, қўшма дастурлар асосида ўқитиш имконияти ортади.

Ҳозир ҳеч бир соҳани ахборот-коммуникация технологияларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шу боис, биз ҳам олий таълим тизимида маъмурий, ўқув, илмий ва молиявий жараёнларни бошқаришни тўлиқ электронлаштиришни назарда тутганмиз. Бунда талабалар ва профессор-ўқитувчиларнинг асосий фаолияти ўқув жараёнига қаратилади ва қоғозда тартибга солиш амалиётидан тўлиқ воз кечилади.

Дарс жадвалидан тортиб рейтинг дафтарчагача талаба ва унинг ота-онасининг телефонида бўлиши керак, биз бу ишни бошладик ва жорий йилда якунига етказамиз.

Барча олий таълим муассасаларининг ахборот-кутубхоналарини бирлаштирган ҳолда, ягона рақамли кутубхона тизимини жорий этиш ҳам талабаларнинг илмий-интеллектуал салоҳияти ошишига хизмат қилади. Бунинг учун мавжуд барча ўқув ва илмий адабиётларни рақамлаштириш, электрон, аудиокитоблар яратиш орқали кутубхона базасини бойитамиз.

Талабаларга ўз олий таълим муассасасида мавжуд бўлмаган китобларнинг бошқа олийгоҳда мавжудлигини кўриш ва ушбу китобни буюртма қилиш имконияти яратилади. Кейинчалик Рақамли кутубхона тизимини халқаро илмий кутубхона тизимларига интеграция қилиш режалаштирилган.

Бугунги талаба — эртанги мутахассис, малакали бошқарувчи, эртага давлат ва жамиятда ўз ўрнига эга бўладиган етук шахс. Шу боис, инсонларни, халқни қадрлашни таълим орқали рўёбга чиқариш тараққиёт стратегиясининг асосий ўзагидир.  Ва барча диққат-  эътибор таълим сифатига қаратилади.