Ғояни аниқ ҳаракатга айлантириб, ишлаб чиқаришга фаол жорий этиш муваффақиятли бизнеснинг асосий шартларидан бири. Аммо ҳамма ҳам бунинг уддасидан чиқолмайди. Чунки ҳар қандай бизнесни ривожлантириш учун уни иқтисодий манбалар билан таъминлаш, яъни молиялаштириш талаб этилади. Сармоя қанча кўп бўлса, янги бизнес лойиҳалар, тадбиркорлар сони шунча ортиб боради. Бунинг ортидан тадбиркорлик муҳити шаклланади.

Гап кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш ҳамда зарур шарт-шароитларни яратиш ҳақида боряпти. Сўнгги йилларда мамлакатимиз бу борада сезиларли тажриба тўплагани, юртимизда қулай ва эркин бизнес муҳити яратилиши ортидан барча соҳада ишбилармонлар сони ортаётгани сир эмас. Аниқ бизнес ғоясига эга, истиқболли лойиҳалар устида иш олиб бораётган ҳар бир фуқарони молиявий қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқий кўмак беришга йўналтирилган марказлар, ташкилотлар фаолияти йўлга қўйилган. Юртимизнинг барча ҳудудларида ишлаб турган коворкинг ва инновацион марказлар, технопарк ва бошқа йирик ишлаб чиқариш майдонларида юзлаб, минглаб ғоялар молиялаштирилиб, ҳаётга тадбиқ этилмоқда. Янги ихтиро, ишланмалар, илмий кашфиётлар эса барча соҳалар ривожига хизмат қилаётгани, айниқса, қувонарли. Ваҳоланки, бир неча йиллар олдин биз фақат хорижликлар яратган янги ихтиролар ҳақида ҳайрат билан эшитар, кузатар эдик. Бугун эса уларни ўзимизнинг ёшларимиз, иқтидорли йигит-қизлар яратмоқда.

Меҳнат бозорида иш берувчилар кўпаяди

Янги ихтиро, бизнес ғояларни илмий асосларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Яъни, ҳар қандай ғоя асосида маълум билим, изланиш ётади. Шу боис, жаҳон амалиётида интеллектга сармоя киритиш, таълимни молиялаштириш энг муҳим йўналишлардан ҳисобланади. Дунёдаги илмий изланишлар, янгилик ва кашфиётларнинг кўпи айнан таълим даргоҳларида яратилиши бунинг исботи.

Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган катта ислоҳотларнинг асосий йўналишларидан бири ҳам таълим, илм-фанни ривожлантириш экани сир эмас. Бу борада ташланган қадамлар, қисқа вақтдаги ўзгаришлар ҳақида узоқ гапириш мумкин. Аммо биз иқтисодий жиҳати, яъни 2022 йил 1 январдан 35 та етакчи давлат олий таълим муассасаларига молиявий мустақиллик ва қўшимча ваколатлар берилганига эътибор қаратмоқчимиз. Бир қарашда, бу оддий қарордек. Бироқ ўз маблағини ўзи бошқариш имкониятидан кўплаб мақсадларда унумли фойдаланиш мумкин. Масалан, молиявий мустақиллик ОТМга талабалар орасида бизнес муҳитини шакллантириш, истиқболли ғояларни кўпроқ молиялаштириш, бизнес бўйича назарий билимлар бериш имкониятларини ҳам оширади. Бу орқали талабалар ўқиш билан бирга, ўз тадбиркорлиги ортидан молиявий мустақилликка эга бўлади. Зеро, замонавий таълим муассасаларининг бугунги кундаги вазифаси билим бериш, кадрларни тайёрлаш билан бирга, ўзини иқтисодий таъминлай оладиган шахсларни шакллантиришдан ҳам иборат.

Чунки мамлакатимиз аҳолисининг ярмидан кўпини ёшлар ташкил этади. Ҳар йили минглаб йигит-қиз таълим муассасаларини тамомлайди. Битирувчиларнинг барини муносиб иш билан таъминлаш эса асосий муаммолардан бири. Бордию, барча таълим муассасаларида мутахассисликдан ташқари, бизнесга оид билимлар берилиб, талабалар тадбиркорликка йўналтирилса, меҳнат бозорига иш изловчилардан кўра кўпроқ иш берувчилар кириб боради. Яъни, ҳозирги даврда биз таълим даргоҳини тамомлаган ёшларнинг қаерга ишга жойлашгани ҳақидаги хисоботларни талаб қилишдан кўра, битирувчиларнинг қанчаси ўз бизнесига эга бўлди, қанча иш ўрни яратгани ҳақида кўпроқ ўйлашимиз, мониторингини юритишимиз зарур. Бунинг учун эса таълимнинг барча йўналишларида тадбиркорликка оид билимларни бериш, қобилиятли йигит-қизларни молиявий қўллаб-қувватлашни ошириш мақсадлидир. Бизнесни ривожлантириш марказлари фаолиятини йўлга қўйиш эса бунинг энг самарали ечимлардан бири бўла олади.

Номидан ҳам маълумки, бундай марказлар кичик ва ўрта бизнеснинг бошланғич ривожланиши учун қулай шарт-шароитларни яратишни назарда тутади. Бу талабага тадбиркорликка оид билимларни беришдан то унинг истиқболли бизнесини молиялаштиришгача бўлган жараённи ўз ичига олади. Жаҳон тажрибасида, ёш авлоднинг ғоя ва лойиҳалари аксарият ҳолларда катта фойда келтиришини кўрсатмоқда. Аммо йигит-қизларнинг ҳаммаси ҳам ўз ғояларини амалга ошириш учун амалий, молиявий жиҳатдан етарли билимга эга эмас. Таълим муассасаларида жорий этиладиган бизнесни ривожлантириш марказлари ана шу зарур назарий билимларни шакллантириш, амалий кўмаклашиш вазифасини ўтайди. Қолаверса, бундай марказлар хусусий секторга турли хизматларни кўрсатиш орқали иқтисодий манфаатга ҳам эга бўлади.

Ҳозир бизнес марказлари анча оммалашиб боряпти. Ўтган асрнинг 80-йилларида жаҳонда 100 га яқин бизнес марказлари мавжуд бўлган бўлса, 1992 йилда уларнинг сони 972 тага, 1995 йилларда эса салкам икки мингтага етди. Бугунги кунда эса дунё бўйича 3,5-4 мингдан ортиқ йирик бизнес марказлари бор. Улар инновацион марказ, технопарк, технопол, илмий пакр, ўқув ишлаб чиқариш маркази ва бошқа турли кўринишларда фаолият юритяпти. Бундай марказларнинг асосий мақсади ресурсларни ўзлаштириш, инновацион маҳсулотларни истеъмолчиларга етказиш, иш ўринлари яратиш ва иқтисодий ривожланишга кўмаклашишдан иборат.

Сўнгги йилларда эса дунёнинг кўплаб давлатларида ушбу марказларга тадбиркорликни қўллаб-қувватлашнинг муваффақиятли шакли сифатида қаралмоқда. Нафақат АҚШ, балки бошқа қатор мамлакатларда шундай марказлар сони кескин ўсишда давом этяпти. Қатор МДҲ давлатлари, хусусан, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистонда ҳам бундай инновацион қўллаб-қувватлаш тизими аллақачон ривожлана бошлади.

Зарурат ҳам, шароит ҳам бор

Бизнесни ривожлантириш марказлари деярли барча соҳаларга фаол кириб боряпти. Таълим тизимида ҳам унга зарурат бор ва юртимиз таълим соҳасидаги ислоҳотлар ҳамда ОТМларга молиявий мустақилликнинг берилиши бундай марказларга бўлган талабни янада оширмоқда. Қолаверса, мамлакатимизда яратилган қулай, эркин тадбиркорлик муҳитидан талабалар, ёш интеллект эгалари ҳам унумли фойдаланишлари лозим.

Хорижий олимлардан бири, иқтисодиёт бўйича Нобель мукофоти совриндори Г.Беккер ўзининг назарияларидан бирида интеллектуал капиталга ҳам давлат, ҳам хусусий сармоянинг киритилиши зарурат, эканлигини асослаб берган. Унинг фикрича, таълим, тиббиёт ва кадрлар салоҳиятини оширишга йўналтирилган ижтимоий дастурларга сармоя киритиш — бу янги технологияларни яратишни қўллаб-қувватлаш бўлиб, келажакда, албатта, катта фойда келтиради. Бизнесни ривожлантириш марказлари ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. ОТМ ва хусусий тадбиркор биргаликда талабанинг ғоясини қўллаб-қувватлаши асносида янги бизнесларнинг яратилишига кўмаклашади. Яъни, таълим муассасаси марказ фаолияти учун зарур бино, жой ва бошқа манбааларни яратиб берса, тадбиркор у ерда талабаларнинг бизнесга ўқиши ва амалий ҳаракатларини молиялаштиради.

Дунё тажрибаси бизнесни ривожлантириш марказлари сонининг ўсиши бир қатор муаммоларни ҳал этишда самарали ечим эканлигини ҳам кўрсатмоқда. Хусусан, таълим муассасаларининг иқтисодий-молиявий фаоллигини яхшилаш, ички имконият бозорларини ривожлантириш, кичик ва ўрта бизнес ташкил этадиган талабалар сонини ошириш, капитал, меҳнат, ишлаб чиқариш, табиий ва бошқаларни ўз ичига олган ҳудудий минтақа ресурсларидан тўлиқ фойдаланиш, стартап лойиҳалар фаоллигини ошириш ҳамда "ноу-хау" технологияларини тижоратлаштириш шулар жумласидан. Бу ўз-ўзидан аҳоли бандлигини таъминлаш орқали турмуш даражасини оширишга хизмат қилади. Яъни, тадбиркорлар сони қанча кўп бўлса, ҳудудларда шунча кўп иш ўрни яратилади.

Бунинг учун, аввало, миллий ОТМларда “бизнесни ривожлантириш марказ”ларини молияштириш манбааларини (моделини) ишлаб чиқишимиз зарур. Талабалар улардан ўз бизнес хизматларининг барча турларида фойдалана олишлари керак. Жараёнда истиқболли ғоя ва лойиҳалар экспертлар кенгаши томонидан бир неча босқичдаги хулосалар асосида танланади. Танловдан муваффақиятли ўтган талаба ўз бизнесини бошлаши учун барча ҳуқуқий ва амалий ёрдамлар кўрсатилади.

Бизнесни ривожлантириш марказининг яна бир ўзига хос томони шундаки, янги иш бошлаётган талаба-тадбиркорга бинони ижарага олишдан тортиб барча жараёнларда имтиёзли шартлар асосида хизмат кўрсатилади. ОТМ ҳам талабанинг тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашда қатор вазифаларни зиммасига олади. Жумладан, номзодлар билан тадбиркорлик фаолияти асослари бўйича ўқув тадбирларини ўтказиш, ёш тадбиркорларни рўйхатдан ўтказишга кўмаклашиш, маркетинг тадқиқотларини олиб бориш, ярмаркалар ва кўргазмаларда биргаликда иштирок этишни ташкил қилиш ва ҳоказо.

Таълим муассасаларида бизнесни ривожлантириш марказларининг ташкил этилиши (қайта очилиши) ҳозирги вақтда университетлардаги ўқув хоналари ва зарур замонавий ускуналар билан жиҳозланган ўқув лабораториялар, бўш хоналарнинг мавжудлиги билан осонлашади. Уларни лойиҳалар амалга ошириладиган махсус хоналарга айлантириб, керакли воситалар билан жиҳозлаш мумкин.

Бир сўз билан айтганда, олий ўқув юртларида ҳам замонавий бизнес марказларини очишнинг вақти келди. Улар талабаларнинг ўз бизнес ғояларини амалга оширишлари учун муҳим платформа вазифасини ўтайди. Бу кўплаб ёшларга рағбат бериб, қисқа вақтда иш берувчи, тадбиркор талабалар сони ортишига хизмат қилади. Кичик ва ўрта бизнесда қўшимча қиймат ярата оладиган янги тадбиркорлик субъектлари, солиқ тўловчилар вужудга келади. Битирувчилар орасида эса иш берувчилар сони ортиб боради.

Шодиёр НАРЗУЛЛАЕВ,

Тошкент давлат иқтисодиёт университети тадқиқотчиси

(Мақола “Янги Ўзбекистон” газетасининг 11.10.23 й, 210-сонида эълон қилинган)