БМТнинг денгиз ҳуқуқи тўғрисидаги конвенциясида белгиланган тамойилларга асосланиб, мазкур ҳужжат жаҳон океанининг учдан икки қисмини муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий асосларини сезиларли даражада мустаҳкамлайди. Хусусан, океан ва унинг ресурсларини ўзлаштиришда халқаро ва идоралараро ҳамкорликнинг зарурий асосларини белгилайди.
Қайд этилишича, заҳарли кимёвий моддалар ва миллионлаб тонна пластик чиқиндилар қирғоқ экотизимларини тўлдириб, балиқлар, денгиз тошбақалари, қушлари ва сутемизувчиларининг ҳалок бўлишига олиб келади ёки катта зарар етказади. Бундан ташқари, хавфли зарралар инсон истеъмол қиладиган овқатлар таркибида ҳам учрайди.
Шартнома океанни ифлослантирувчиларга жавобгарликни юклайди ва юзага келиши мумкин бўлган низоларни ҳал қилиш механизмларини белгилайди. Унинг қоидаларига кўра, ўз миллий юрисдикциясидан ташқаридаги сув ҳавзаларида режалаштирилган ҳар қандай фаолият учун томонлар ўз ҳаракатларининг атроф-муҳитга потенциал таъсирини баҳолашлари шарт.
Бундан ташқари, у балиқ заҳираларининг ҳаддан ташқари эксплуатациясига қарши курашиш бўйича халқаро ҳамкорликни кенгайтиришни таъминлайди ва океанларни бошқариш, экотизимларнинг иқлим ўзгариши ва океанларнинг кислоталанишининг салбий оқибатларини енгиб ўтишга қаратилган комплекс ёндашувни таклиф этади.
Ҳужжат 2023 йил 20 сентябрдан бошлаб икки йил давомида имзоланиш учун тақдим этилади. Ҳужжат 60 та давлат уни ратификация қилганидан кейин кучга киради, деб хабар беради korrespondent.net.