“Бобурнома” қирғиз тилига қирғизистонлик бобуршунос олима, филология фанлари бўйича фалсафа доктори Хосият Бекмирзаева томонидан ўгирилди.
Қирғизистоннинг “Улу тоолор” нашриёти томонидан чоп этилган ушбу таржимага бир гуруҳ қирғиз ва ўзбек олимлар муҳаррирлик қилишган. Хусусан, олим ва журналист Тўланбой Қурбанов, қирғиз ёзувчиси Абибилла Пазылов адабий таҳрир ишларини бажаришган.
Китобга Қирғиз Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби, Қирғиз Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги “Мирас” жамғармаси бошқаруви раиси, тарих фанлари номзоди, профессор Кияс Молдоқосимов, Қирғиз Республикаси Миллий фанлар академиясининг академиги, А.А.Алтмышбаев номидаги Фалсафа институти директори, фалсафа фанлари доктори, профессор Нур Саралаев, шунингдек, Қирғиз Республикаси Миллий фанлар академиясининг А.А. Алтмышбаев номидаги Фалсафа институти бўлим бошлиғи, филология фанлари номзоди, тарих фанлари доктори, профессор Сулайман Қайипов илмий тақризчи сифатида қатнашган.
“Бобурнома” асарининг қирғизча таржимасига Қирғиз Халқ ёзувчиси, ТУРКСОЙ бош котиби Султон Раев кириш сўзи ёзган. Таржиманинг нашрдан чиқишида филология фанлари доктори, бобуршунос олим Шуҳрат Ҳайитов масъул муҳаррирлик вазифасини бажарган ҳамда таржимадан ўрин олган Бобур ҳаёти ва фаолиятига оид муҳим илмий-тарихий маълумотлар бўлимини ёзган.
Таржима таҳрири жараёнида Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, филология фанлари доктори Шуҳрат Сирожиддинов, Бобур халқаро жамоат фонди раиси Зокиржон Машрабов, адабиётшунос олим ва таржимон Зуҳриддин Исомиддинов, филология фанлари доктори, профессор Мақсуд Асадов ва доцент Дилафруз Муҳаммадиевалар ҳам иштирок этишган.
Ўйлаймизки, ушбу таржима қардош халқлар ўртасидаги адабий алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.