Озарбайжонда бўлиб ўтаётган Ўзбекистон маданияти кунлари доирасида Боку шаҳридаги Озарбайжон Миллий кутубхонасида Ўзбек миллий адабиёти экспозицияси ташкил этилди. Тадбирнинг очилиш маросимида икки мамлакат маданият вазирлари ва адабиёт соҳаси вакиллари иштирок этди.
Қувонарлиси, унда буюк ўзбек ёзувчиси Абдулла Қодирийнинг озарбайжон тилида қайта чоп этилган “Ўткан кунлар” романининг тақдимоти бўлиб ўтди.
"Асар илк бор 1929 йилда озарбайжон тилига ўгирилиб, бир неча бор қайта нашр этилган. Бу икки халқ адабиётининг ўзаро муштараклиги меваси. Асарда кўтарилган масалалар, тарихий воқеалар, қаҳрамонлар тақдири озарбайжонликларга ҳам бегона эмас. Шу сабабли туркий халқлар "Ўткан кунлар" асарига қайта-қайта мурожаат қилади. Шу нуқтаи назардан, бу асарни бутун туркий халқларнинг адабий мулки, деб айтсак хато бўлмайди", дейди Қодирийнинг набираси Хондамир Қодирий.
Ўзбек ва озарбайжон миллий адабиёти вакиллари, санъатшунос олимлар қатнашган тадбир доирасида икки мамлакатнинг адабиёт ва китобхонлик соҳасида эришган ютуқлари ва ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.