Айни вақтда Ўзбекистонда фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида давлат бюджетидан ўндан ортиқ турдаги нафақа ва моддий ёрдам пуллари тўлаб келинади.

Аҳолининг заиф қатламига тўланадиган ижтимоий нафақалар, яъни, кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси, ногиронлиги бўлган шахсларга нафақалар, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик бўйича нафақалар ва шу каби бошқа моддий ёрдам пуллари давлат томонидан бериладиган ижтимоий ҳимоя маблағлари ҳисобланади.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 21-моддасига асосан, шартноманинг истеъмолчи ҳуқуқларини чеклаб қўядиган ва қонунчиликка зид бўлган талаблари ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

Агар уларни қўлланиши натижасида истеъмолчига зарар етказилган бўлса, бу зарар ишлаб чиқарувчи (сотувчи, ижрочи) томонидан қопланиши лозимлиги кўрсатилган. Шу ўринда Шартномага истеъмолчиларнинг қонунчиликда назарда тутилган ҳуқуқларини камситадиган шартларни киритиш, шунингдек уларга қонунчиликда белгиланган имтиёзлар ва афзалликларни бермаслик тақиқланган.

Сўнгги вақтларда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ва унинг қуйи тизимларига фуқаролар томонидан аҳолининг ижтимоий нафақалари (болалар пули, ногиронлик, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақалари ва шунга ўхшаш давлат ёрдам пули) маблағлари уларнинг банк пластик карталарига тушиши биланоқ, фуқаронинг розилигисиз — автоматик тарзда кредит қарзи тўлови ҳисобига ечиб олиб қўйилаётганлиги юзасидан кўплаб мурожаатлар бўлмоқда.

Фуқароларнинг мурожаатларида келтирилаётганидек, уларнинг розилигисиз Банк ва микромолия ташкилотлари томонидан ижтимоий нафақаларни қарз тўлови эвазига автоматик ечиб олиш амалиёти фуқаролик қонунчилигидаги оферта-аксепт нормасига мутлақо зид ҳолат ҳисобланади, шунинг билан бир қаторда Конституциявий ва қонунчилик нормаларининг адолат тамойилларига ҳам умуман тўғри келмайди.

Юқоридагиларни эътиборга олган ҳолда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси томонидан Ўзбекистон Марказий банк бошқарувига жамоатчилик сўрови киритилиб, ваколатли орган сифатида барча банк ва микромолия ташкилотларининг ички тартибларига ижтимоий нафақаларни акспетсиз (розиликсиз) қарзга йўналтириш амалиётини чеклаш нормасини киритилиши, шунингдек барча банк ва микромолия ташкилотларининг мавжуд автоматик ечиб олиш электрон дастурларидан ижтимоий ҳимоя маблағларини автоматик ечиб олиш амалиётини чиқариб ташланиш, фуқароларнинг истеъмолчи сифатида бузилаётган қонуний ҳақ ва ҳуқуқларининг ҳимоя қилинишини таъминлаш борасида зарур таклифларини билдирди.