— Болалар нафас аъзолари касалликларига нималар киради?
— Болаларда нафас аъзолари касалликлари бир неча гуруҳга бўлинган бўлиб, уларга инфекцион-яллиғланиш билан кечадиган ўткир ва сурункали касалликлар, аллергик касалликлар, чақалоқлик даврида ривожланган, туғма ва наслий касалликлар киради.
Инфекцион-яллиғланиш билан кечадиган ўткир ва сурункали касалликларга юқори ва пастки нафас аъзолари касалликлари киради. Юқори нафас аъзоларидан кўпроқ ринит, фарингит, тонзиллит, отит, синусит, ларингит; пастки нафас аъзолари касалликларидан эса трахеит, бронхит (ўткир, сурункали, обструктив, қайталанувчи), бронхиолит, пневмония, плеврит, бронхоэктатик касалликлар учрайди.
Аллергик касалликларга бронхиал астма, чақалоғлик даврида ривожланган касалликларга бронх-ўпка дисплазияси, Вилсон-Микити синдроми каби хасталикларни киритиш мумкин.
Наслий касалликларга ўпканинг идиопатик диффуз фибрози, идиопатик ўпка гипертензияси, ўпканинг альвеоляр микролитиази, картагенер синдроми, муковиссидоз, альфа-1 антитрипсин танқислиги каби қатор касалликлар киради.
Туғма касалликларга эса ўпканинг ривожланиш нуқсонларини киритишимиз мумкин.
— Уларнинг хавфлилик даражалари ҳам турлича, шундай эмасми?
— Албатта, юқорида тилга олинган ҳар бир хасталикнинг хавфлилик даражаси ҳар хил. Баъзилари енгил шаклда кечса, аксариятининг хавфлилик даражаси анча юқори.
Нафас олиш тизимининг асосий вазифаси — организмни кислород билан таъминлашдир. Бу тизимнинг бирор бўғинида шикастланиш кузатилса, бутун тизим ишдан чиқиши мумкин, бу эса организмда кислород етишмаслиги (гипоксия)га ва ундан кейин қайтариб бўлмайдиган жараёнларни юзага келишига сабаб бўлиши мумкин.
Бола организмида гипоксиянинг келиб чиқишига тўхталсак, биринчидан, бу боланинг нафас йўллари анатом-физиологик хусусиятларига боғлиқ бўлса, иккинчидан, нафас йўллари ўта сезувчан бўлиб, турли инфекция, аллерген ёки бошқа қўзғатувчига дарров гиперсезгирлик реакциясини бериб, нафас сиқиши, ҳансирашга олиб келиб, боланинг хаётига хавф туғдириши мумкин. Юқорида санаб ўтилган касалликларнинг барчаси озми-кўпми боланинг ҳаётига хавф туғдиради.
Айниқса, ўткир бронхообструкция, ўпкада газлар алмашинувининг бузилиши, нафас қисиш хуружи (астматик статус) ва бошқа ҳолатлар ўткир нафас етишмовчилиги натижасида боланинг ҳаёти учун ўта хавфли ҳисобланади.
— Болалардаги пульмонологик касалликларнинг енгил даражаларини уй шароитида даволаш имкони қай даражада?
— Болаларда нафас олиш аъзолари касалликларининг енгил даражасини даволашни уй шароитида ҳам ташкил қилиш мумкин. Даволаш жараёни Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган даволаш стандартлари асосида участка шифокори назоратида олиб борилиши керак. Ота-оналар боласига ўз вақтида дориларни бериб, касалликнинг кечиши ҳақида участка шифокорига маълумот бериши керак. Уйда хоналарни тез-тез шамоллатиб, тозаликка риоя қилиб, боланинг ёшига мос витамин ва минералларга бой маҳсулотлар билан тўғри овқатлантириш, кўп суюқлик ичириш керак. Болага тўғри нафас олишни, ва нафас олиш гимнастикасини ўргатиш лозим. Сурункали касалликлари бор болаларга эса касаллик хуружи пайтида уй шароитида ингаляция(дори моддаларини нафас йўлларига киритиш)ни ёки нафас олишга ёрдам берувчи қурилма (небулайзер)дан фойдаланишни ҳам ўргатиш керак. Бола тузалгандан кейин унга шахсий гигиена қоидаларини, соғлом турмуш тарзига риоя қилишни тушунтириб бориш зарур бўлади.
Мутахассис билан суҳбатни Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати олиб борди.