Тил – инсон руҳиятини ифодалагувчи илоҳий кучдир. Айтар сўзимизнинг шавқи, жозибаси, теранлиги, фасоҳати бизнинг ким эканлигимиздан далолат беради. Биз чиройли ва мазмунли мулоқотимиз орқали она тилимизнинг қанчалар латофатли ва теран эканлигини кўрсата оламиз.
Институт проректори Сайфиддин Баймаков маърифий анжуманни очиб берар экан, ўзбек тилининг бугунги қадру қиммати, тарихийлиги ва она тилимизнинг дунё ҳамжамияти олдида ошиб бораётган эътирофи тўғрисида сўзлади.
Байрам тадбирида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси бўлим бошлиғи, “Шуҳрат” медали соҳибаси, шоира Фароғат Худойқулова ҳамда “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари таҳририяти катта мухбири, шоира Мухтасар Тожимаматовалар иштирок этишди.
– Бугунги кунда ер юзидаги 50 000 000дан ортиқ одамлар ўзбек тилида гаплашади, – дейди шоира Фароғат Худойқулова. – Аммо, минг афсуски, она тилимиз йўқолиб бораётган тиллар сафида турибди. Алишер Навоий даврида 120 000 тадан кўпроқ эски ўзбек сўзлари бўлган. Ҳозир эса, 5 жилдлик “Ўзбек тилининг изоҳли лўғати”да 83 000 та сўз мавжуд. Аждодларимиз 3000 йил сақлаб, авайлаб-асраб олиб келган бу жавоҳирларни асраб-авайлашимиз зарур. Зеро, ҳар бир кунимизни Ўзбек тили байрами куни деб билишимиз муҳимдир.
Дарҳақиқат тилни миллат яратади, миллатни тил яратади. Ҳар қандай тил ўз ички ва ташқи омиллари асосида бойийди. Буни 1000 йил муқаддам Маҳмуд Кошғарий бобомиз ўзининг "Девону луғот-ит-турк" асари орқали исботлаб кетган. Масалан, Кошғарийдан бизгача 268 мақол ўз ҳолатида етиб келган. Бу эса минг йил давомида тилимиздаги анчагина сўзлар ҳеч бир бузилиш ва хавф-хатарларсиз сақланаётганини билдиради.
Шоира Мухтасар Тожимаматованинг “Болам, жоним оғрир тилингни бузма!” деб номланган шеъри янграганида талабалар ва устозлар қарсаклар билан олқишладилар:
Болам, жоним оғрир тилингни бузма,
Оқ сутим ҳурмати дилингни бузма.
Ҳазрати Навоий тузган лашкар бу,
Сўз мулкин забт этган элингни бузма.
Энди бу лашкарни уйғотди султон,
Жаҳон минбаридан сўз айтди шодон.
Сўз қиличин берма, ўзбек бўл ҳар он,
Амир Темур аҳдин, йўлини бузма!
Шунингдек, тадбирда институт талабалари ўзларининг шеър, қўшиқ ва рақслари билан иштирок этдилар. Айниқса, “Ёш филолог” ижодий тўгараги аъзоларининг “Тилимизга “Скорая помошь” керак! Срочно!” деб номланган саҳна кўринишлари йиғилганларда жуда катта таассурот қолдирди. Мазкур саҳна кўринишида ёшларнинг ўзига хос сўзлашув услуби пайдо бўлгани ва бу муаммоларга қарши жиддий курашишимиз зарурлиги таъкидлаб ўтилган.
Зилол сув танага озиқ, эзгу сўз эса руҳиятга жуда зарурдир. Маърифатга ошна, маънавиятга ташна қалбларнинг тилимизга, қадриятларимизга меҳр-муҳаббати юқори бўлади. Эътиборнинг эҳтиром ва эъзозга айланишида фуқароларимизнинг давлат тилига бўлган муносабати муҳим ўрин тутади. Бу эса чин маънодаги инсоний ва виждоний бурчимиз бўлиши табиийдир.
Зеро, Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Она тилимиз — миллий маънавиятимизнинг битмас-туганмас булоғидир. Шундай экан, унга муносиб ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки муқаддас инсоний бурчимиздир”.
Муҳаббат ХОЛМУРОДОВА,
Тошкент давлат стоматология институти доценти