Видеоселектор тарзида ўтказилган мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъул ходимлари, Ҳукумат аъзолари, Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси вакиллари, тегишли вазирлик ва идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари ва масъул ходимлари қатнашди.
Жойлардан Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар, вилоятлар, туман-шаҳар ҳокимлари, прокурорлари, тегишли вазирлик ва идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳудудий тузилмалари раҳбарлари ҳамда масъул ходимлари иштирок этишди.
Очиқ ва ошкора руҳда ўтган йиғилишда Бош прокурор Н.Йўлдошев кун тартибидаги масала юзасидан маъруза қилди.
Маълумки, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси ва қатъий сиёсий иродаси билан мамлакатимизда коррупцияга қарши муросасиз кураш олиб борилмоқда.
Энг аввало, ҳуқуқий асосларни яратишга эътибор берилиб, сўнгги тўрт йилда 70 дан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилинди.
Давлат хизмати тизими тубдан такомиллаштирилди. Давлат хизматчиларининг ижтимоий ҳимояси кучайтирилиб, сўнгги йилларда иш ҳақлари сезиларли оширилди.
Коррупция кенг тарқалган капитал қурилиш ва олий таълим соҳаларида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасини амалга ошириш бошланди.
Вазирлик ва идораларда, маҳаллий ҳокимликларда “комплаенс назорат” тизими йўлга қўйилмоқда.
Қисқа муддатда кўрилган чора - тадбирлар ўзининг дастлабки натижаларини ҳам кўрсата бошлади.
Ўзбекистон сўнгги тўрт йилда Жаҳон банкининг “Бизнес юритиш” индексида 18 поғонага, Мерос жамғармасининг “Иқтисодий эркинлик” индексида эса, 52 поғонага кўтарилди.
Шунингдек, Жаҳон банкининг “Коррупцияни тийиб туриш”, “Трансперенс интернешнл” халқаро ноҳукумат ташкилотининг “Коррупцияни қабул қилиш”, Жаҳон одил судлов лойиҳасининг “Коррупциянинг мавжуд эмаслиги” индексларида сезиларли юқорилади.
Шу билан бирга, айрим соҳаларда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишда тизимли муаммо ва камчиликлар мавжудлиги кўрсатилди.
Бош прокурор Н.Йўлдошев маърузасида, немис давлат арбоби Бисмаркнинг “Ёмон қонунлар ва яхши амалдорлар билан давлатни бошқарса бўлади. Аммо амалдор ёмон бўлса, энг яхши қонунлар ҳам ёрдам бермайди”, деган сўзларидан иқтибос келтириб, бу пурмаъно сўзлар бугунга қадар долзарблигини йўқотмаганлигини таъкидлади.
Таассуфки, республикамизда ўтган икки йилда 1.986 нафар мансабдор шахслар коррупциявий жиноятларни содир этганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилган. Бундай жиноятлар оқибатида етказилган моддий зарар миқдори 2 трлн. сўмдан ошган.
Йиғилишда прокуратуранинг назорат тадбирлари ҳамда тергов натижалари таҳлили асосида коррупция энг кўп учраётган соҳалар, вазирлик ва идоралар кесимида аниқ мисоллар ва рақамларда кўрсатиб берилди.
Иқтисодий соҳадаги коррупциявий ҳолатлар асосан бюджет маблағларидан фойдаланиш жараёнида содир этилаётанлиги таъкидланди.
Ўтган икки йилда республика бўйича 371 млрд. сўм бюджет маблағларини талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланиб, бу қилмишлар учун 2.477 нафар шахслар жиноий жавобгарликка тортилган.
Бюджет маблағларининг рационал тақсимланиши ва мақсадли ишлатилиши юзасидан давлат назоратига масъул молия органларида юклатилган вазифалар талаб даражасида бажарилмаётганлиги танқид остига олинди.
Молия органларининг бюджет сарфини тўлақонли назорат қилишига тизимдаги коррупция ҳолатлари ҳам тўсқинлик қилмоқда.
Ўтган икки йилда молия органларининг 41 нафар ходими коррупция ҳолатлари учун жиноий жавобгарликка тортилган.
Масалан, Давлат молиявий назорати департаментининг Сурхондарё вилояти бошқармаси бош назоратчи-тафтишчиси Н. Узун қурилиш коллежида аниқланган 265 млн. сўмлик камомадни яшириш эвазига коллеж бош ҳисобчиси А.дан 2.000 доллар ва 500 минг сўм олганлиги учун суд ҳукми билан жазога тортилган.
Ёки, Ғазначиликнинг Андижон вилояти бошқармаси мансабдор шахслари ходимларга иш ҳақи бериш важи билан банкдан 1 млрд. сўм ортиқча пул олишга эришиб, уни шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юборганлиги юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ўтказилмоқда.
Вазирлик тизимидаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг 22 нафар ходими пенсия учун ажратилган маблағларни талон-торож қилганлиги ва бошқа суиистеъмолчиликлари учун жиноий жавобгарликка тортилган.
Масалан, жамғарманинг Пискент тумани бўлими бош инспектори М. “Халқ банки” кассири Ҳ. билан бирга, 142 нафар вафот этган фуқаролар номига пенсия расмийлаштириб, жами 86 млн. сўмни ўзлаштириб юборган.
Банк тизимида маблағларни талон - торож қилиш, банк хизматларини кўрсатиш, айниқса, кредит ажратишдаги суиистеъмолчилик ҳолатлари танқид остига олинди.
Ўтган икки йил мобайнида банкларнинг 166 нафар мансабдор шахслари коррупциявий жиноятлари учун жавобгарликка тортилган.
Масалан, Халқ банки ва Микрокредитбанкда бошқарув раиси лавозимларида ишлаб келган Э. ўз мансабидан фойдаланиб, қатор коррупциявий жиноятларга қўл урган.
Хусусан, муқаддам қатор жиноятларни содир этиб, АҚШда яшириниб юрган Х. билан тил бириктириб, Сирдарё вилоятида 4 та сохта фирма ташкил қилган. Бу фирмаларни амалда бошқариш учун 18 нафар шахслардан иборат уюшган гуруҳ фаолиятини йўлга қўйишган.
Уюшган гуруҳ 2019 йил сўнгги 9 ойида қарийб 732 млрд. сўмни қонунга хилоф тарзда нақдлаштириб, 7 млрд. сўмга яқин бюджет маблағини талон - торож қилган. 215 млрд. сўм турли пластик карталарга молиявий ёрдам кўринишида ўтказилиб, 22,5 млн. доллар нақд пулга айлантирилиб, хорижга олиб чиқиб кетилган.
Уюшган гуруҳ раҳнамолик қилган фирмалар 101 млрд. сўм солиқ тўловларидан ҳам бўйин товлаган.
Бундан ташқари, Э. Халқ банки бошқаруви раиси лавозимига тайинлангач, банк биноси қурилишини олиб бораётган пудратчиларни ўзига таниш пудратчиларга алмаштириб, объект қурилишида 5,5 млрд. сўмлик банк маблағини талон-торож қилган.
“Микрокредитбанк”ка раҳбар этиб тайинланганда эса, ўз раҳнамолигидаги фирмалар орқали биргина хизмат кабинети учун 100 млн. сўмлик мебель жиҳозларини 273 млн. сўмга, банкнинг Сирдарё филиали учун 700 млн. сўмлик бинони 4 млрд. 700 млн. сўмга сотиб олиб, маблағларни ўмарган.
Ҳозирда Э. ва унинг жиноий шериклари қамоққа олиниб, суд олдида жавоб бермоқда.
Аҳолининг иқтисодий фаоллигини қўллаб-қувватлаш учун турли ижтимоий лойиҳаларга бюджет маблағлари муҳтожларга етиб бормасдан, айрим банк мансабдор шахслари томонидан талон-торож қилинаётганлиги кўрсатиб ўтилди.
Биргина “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида сўнгги икки йилда аҳолига тарқатилиши лозим бўлган 1,7 млрд. сўм имтиёзли кредит маблағлари банк мансабдор шахслари томонидан талон-торож қилинган.
Масалан, “Миллий банк”нинг Шаҳрихон филиали раҳбари Р. ва касса мудири Д. 19 нафар фуқаро номига қалбаки ҳужжатлар тайёрлаб, имтиёзли кредит маблағларидан 378 млн. сўмини шахсий манфаатлари учун ўзлаштириб юборган.
Ўтган икки йилда мансаб ваколатларини суиистеъмол қилганлиги учун 31 нафар солиқ ходимлари ҳам жиноий жавобгарликка тортилган.
Масалан, Данғара тумани давлат солиқ инспекцияси раҳбари Т. пул маблағларини нақдлаштириш билан шуғулланувчи жиноий гуруҳ тузган. Уюшган гуруҳ бошқа фуқаролар номига 22 та сохта фирмаларни очиб, уларга норасмий раҳбарлик қилиб келган.
Ушбу фирмаларда 268 млрд. сўмлик ноқонуний пул айланмалари амалга оширилиб, 19 млрд. сўм солиқ тўловидан қочишга эришилган, шунингдек жиноий йўл билан топилган 200 млн. сўм легаллаштирилган.
Ҳозирда Турғунбоев ва унинг 14 нафар жиноий шериклари судда жавоб бермоқда.
Қурилиш соҳаси коррупциялашган соҳалардан бири бўлиб қолаётганлиги оқибатида сўнгги икки йилда 1.233 нафар шахслар жиноий жавобгарликка тортилган.
Қурилиш учун ер ажратиш, танлов ва тендер ўтказиш, шаҳарсозлик ҳужжатларини расмийлаштириш, муҳандислик - коммуникация тармоқларига уланиш жараёнларида коррупция кўплаб кузатилмоқда.
Мисол учун, Навбаҳор туман ҳокимининг 1 - ўринбосари Х. “Конимех балиқчи” жамияти раҳбари А.дан балиқчилик ҳавзасига коллектор қазилишига рухсат бериши эвазига 11 минг доллар олганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилган.
Бюджетдан молиялаштириладиган қурилиш ишлари учун пудратчиларни таниш-билишчилик ёки пора эвазига танлаб олиш каби коррупциявий амалиёт кузатилмоқда.
“Сувоқова” корхонаси Қашқадарё вилояти бошқармаси мутахассиси Н. “Диёрбек Учқун” корхонаси раҳбари Б.га танишлари орқали қурилиш объекти олиб бериш эвазига 14 минг доллар беришни талаб қилиб, 9 минг доллар олганда қўлга олинган.
Бу соҳада давлат бошқаруви ва назоратига масъул Қурилиш вазирлиги тизимида ҳам суиистеъмолчиликлар кузатилаётганлиги алоҳида таъкидланди.
Мисол учун, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг капитал қурилиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари А. ва Чилонзор туман ҳокимияти бўлими бошлиғи Ш. “Max Saodat” жамиятига кўп қаватли уй - жой қуриш учун Чилонзор туманидан 1 гектар ер ажратиш эвазига 1 млн. 400 минг доллар талаб қилиб, 50 минг долларни олган вақтда ушланган.
Транспорт соҳасида коррупциявий ҳуқуқбузарликларнинг сабаб ва шарт - шароитлари бартараф этилмаганлиги кўрсатиб ўтилди.
Сўнгги икки йилда Транспорт вазирлиги ва соҳадаги корхоналар ходимларидан 57 нафари коррупциявий жиноятларга қўл урган.
Таҳлилларга кўра, тизимда йўл қурилиши учун ажратилган бюджет маблағларини талон - торож қилиш, йўловчи ва юк ташиш хизматидан тушган пулларни ўзлаштириш билан боғлиқ жиноятлар содир этилмоқда.
Мисол учун, “Каттақўрғон туман йўллардан фойдаланиш” корхонаси директори Р. бош ҳисобчи Ш. ҳамда муқаддам шу корхонада содир этган қатор жиноятлари учун судланиб, корхонада фаолиятини яна давом эттириб келаётган жиноий шериклари билан тил бириктириб, умуман таъмир кўрмаган 20 та йўлни таъмирдан чиқарганликлари ҳақида қалбаки ҳужжатларни тузиб, 2,4 млрд. сўм бюджет маблағларини ўмарган.
Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги вазирлик ва идораларда ҳанузгача турли қонун бузилишлар, суиистеъмолчиликларга барҳам берилмаётганлиги танқид остига олинди.
Ўтган икки йилда қишлоқ хўжалиги соҳасига дахлдор вазирлик ва идораларнинг 391 нафар ходимлари турли кўринишдаги жиноятлари учун жавобгарликка тортилган.
Мисол учун, Янгийўл тумани қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи Ю. “Валиев Инвест барака” фермер хўжалиги раҳбари В. билан тил бириктириб, фермер хўжалигининг 30 сотих ер майдонини сохта кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш орқали 38.400 долларга сотиб юборган.
Қишлоқ хўжалиги соҳасининг ривожи, аввало, ер майдонларидан оқилона ва самарали фойдаланиш билан чамбарчас боғлиқ.
Айрим раҳбарлар томонидан ерлардан хўжасизларча ва ноқонуний фойдаланиш ҳолатларига йўл қўйилаётганлиги таъкидланди.
Хусусан, ер майдонларини хатловдан ўтказиш жараёнида республика бўйича 967 та ҳолатда 34.822 гектар ер майдони қонунга зид ажратиб берилган.
Ер ажратиш ва ундан фойдаланишда коррупция, таниш - билишчилик, ошна - оғайнигарчилик ҳолатлари мавжудлиги қайд этилди.
Бухоро вилоятида қисқа муддатда ўтказилган ўрганишларда 21.493 гектар ерни ноқонуний муомалага қаратиш билан боғлиқ қонунга зид қарорлар қабул қилинган.
Мисол учун, Жондор туман ҳокими 2020 йил 16 майдаги қарори билан ўринбосарининг яқин қариндошига 100 гектар ер майдонини чорвачилик йўналишида, гарчи етарли чорваси бўлмасада, ноқонуний ажратиб берган.
Ер ажратиш жараёнларида коррупциявий жиноятлари учун сўнгги икки йилда ҳокимликларнинг 22 нафар масъул ходимлари жавобгарликка тортилган.
Хусусан, Арнасой туман ҳокимининг ўринбосари С. “Оққуш ҳалол парранда” жамияти раҳбари Ж.га 10 гектар ер ажратиб бериш эвазига 13 минг доллар талаб қилиб, 2 минг доллар олганида қўлга тушган.
Шу каби, ер ажратиб бериш эвазига Юнусобод туман ҳокими ўринбосари З. 5 минг, Бувайда туман ҳокими ўринбосари Д. 20 минг, Мирзо Улуғбек туман ҳокимлиги уй - жой ширкатлари уюшмаси раиси А. 35 минг доллар олганлиги учун қонун олдида жавоб берди.
Айрим ходимлар тадбиркорларга ёрдам бериш ўрнига, улардан тамагирлик қилиб, пул ундираётганлиги ташвиш билан таъкидланди.
Мисол учун, Сурхондарё вилоят ҳокимлиги бўлими бошлиғи И. Шўрчи туман ҳокимлиги бош мутахассиси Т. орқали тадбиркор Б.дан 1 млрд. сўм имтиёзли кредит олишида ёрдам берганлиги учун 2 минг долларни талаб қилиб олган.
Бўш биноларни тадбиркорликка жалб қилиш борасида ҳам турли қонун бузилишларга йўл қўйилмоқда.
Мисол учун, Андижон вилоят ҳокимлиги мутахассиси Қ. муқаддам судланган А. ва М. билан тил бириктириб, сохта ҳужжатлар билан Шаҳрихон туман Силга қарши курашиш диспансери биносини “ноль” харид қийматида қўлга киритган.
Кейинчалик бинода ҳеч қандай тадбиркорликни йўлга қўймасдан, бинони бузиб, қурилиш материалларини 760 млн. сўмга сотиб юборган.
Жойларда бозорлар фаолиятини тўғри ва самарали ташкил қилиш ҳокимликлар зиммасидаги асосий вазифалардан биридир.
Айни пайтда, бозорларда таниш - билишчилик, турли суиистеъмолчилик ва талон-торожликлар кузатилмоқда.
Биргина, пойтахтдаги “Янгиобод ихтисослашган бозори” директори И. қатор коррупциявий жиноятларни содир этишда айбланиб, тергов ўтказилмоқда.
У муқаддам савдо ва бозор соҳаларида ишлаб, бир неча маротаба судланган, сўнгги бор “Сергели деҳқон бозори” директори лавозимида ишлаганда содир этган суиистеъмолчиликлари ва талон - торожликлар учун 2016 йилда суд ҳукми билан жазоланган.
И. 2019 йил февраль ойида яна “Сергели деҳқон бозори” директори лавозимига тайинланиб, ўша йилнинг апрель ойидан эса “Янгиобод ихтисослашган бозори” директорлигига ўтган.
Бу бозорда ҳам “эски ҳунарини” давом эттирган И. бозорга шахсий мулки сифатида қараб, тушумларни ва бозор мулкини талон - торож қилиш билан шуғулланиб келган.
Ғараз мақсадларини амалга ошириш учун атрофига ўзига ҳайриҳоҳ шахсларни тўплаб, қисқа муддатда 2,7 млрд. сўмлик тушум пулларини ўмарганлиги, 919 млн. сўм солиқдан бўйин товлаганлиги, бозорда 124 та ноқонуний қурилмалар қурдирганлиги аниқланган.
Талон - торож қилган пуллардан қарийб 740 млн. сўмини легаллаштирган, жумладан, 340 млн. сўмга 5 хонали квартира, 200 млн. сўмга “Траилблезер” автомашинасини сотиб олган.
Бундай талон - торожлик оқибатида бозор ўта аянчли ҳолатга келиб қолган.
Шу билан бирга, “Сергели деҳқон бозори”, “Фарҳод деҳқон бозори”, “Авиасозлар деҳқон бозори”га ўзига яқин шахсларни лавозимга ўтказишга эришиб, ушбу бозорларга ҳам ўзи норасмий раҳбарлик қилган.
Аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш ижтимоий соҳадаги давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Ана шундай шароитда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимидаги айрим ходимлар бевосита зиммасидаги вазифаларни бажаришда турли суиистеъмолчиликларга қўл ураётганлиги ҳам кўрсатиб ўтилди.
Сўнгги икки йилда вазирлик тизимидаги 57 нафар ходимлар турли коррупциявий жиноятлари учун жавобгарликка тортилган.
Масалан, Тўрақўрғон туман бандликка кўмаклашиш маркази директори Э. аҳоли бандлигини таъминлаш учун ажратилган бюджет маблағларини талон-торож қилган.
Э. 3 нафар ходимлари билан жиноий тил бириктириб, 2019 йилги пахта мавсумида тўрақўрғонлик 327 нафар ишсизлар Тошкент ва Жиззах вилоятларига теримга жалб этилганлиги, уларга жамоат ишлари жамғармасидан мукофот пули берилиши ҳақида сохта ҳужжатларни тузиб, сохта ҳужжатларни банкка тақдим қилиб, мукофот пули сифатида жами 276,4 млн. сўм нақд пулларни олиб, “чўнтакка урган”.
Э. пандемия шароитида жамоат тадбирларига жалб қилинган фуқароларга иш ҳақлари жамоат ишлари жамғармасидан тўланиши белгиланганидан фойдаланиб, ушбу маблағларни ҳам ўзлаштириш пайига тушади.
Шу мақсадда, дарҳол яқинлари номига 6 та сохта фирмаларни ташкил қилиб, ушбу фирмаларга, гўёки, пандемия даврида 179 нафар ишсизлар жамоат ишларига юборилганлиги ҳақида сохта ҳужжатларни тузиб, 325,5 млн. сўм маблағни талон - торож қилган.
Э. жиноий йўл билан топилган маблағлар ҳисобига 2 та Ласетти ва 2 та Дамас автомашинасини сотиб олиб, легаллаштирган.
Ҳозирда Э. ва унинг жиноий шериклари қамоққа олинган, тергов ўтказилмоқда.
Олий таълим тизимида ҳам коррупцияни келтириб чиқарувчи омиллар тўлиқ бартараф этилмаганлиги ҳам кўрсатиб ўтилди.
Ўтган 9 ойда тизимдаги 70 нафар ходимлар таълим жараёни билан боғлиқ жиноятларни содир қилган. Тизимда энг кўп кузатилаётган коррупция ўқишга киритиш масаласи билан боғлиқ бўлиб қолмоқда.
Нострификация жараёнида коррупциявий омиллар танқид остига олинди.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғининг ёрдамчиси Ш. шериклари орқали 4 нафар фуқародан хорижий дипломларни нострификация қилиб бериш эвазига жами 6.500 доллар олганда ушланган.
Таълим сифатини назорат қилишга масъул идорага хорижий дипломни нострификация қилиш, яъни бошқарув идораси функциясининг берилиши коррупциянинг олдини олиш имконини чеклаши таъкидланди.
Маданият, соғлиқни сақлаш, жисмоний тарбия ва спорт, халқ таълими, ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирликлари ҳамда Экология ва атроф - муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси тизими ҳам коррупциядан холи эмаслиги кўрсатиб ўтилди.
Масалан, Маданият вазирлигининг айрим мансабдорлари ўзига хос жиноий схема яратишган.
Муқаддам ўғирлик ва талон - торожлик жиноятлари учун 7 йил озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаб чиққан И. 2019 йил февраль ойида вазирлик бош ҳисобчиси лавозимига тайинланган. Бюджетни ўмаришда қулай имкониятни қўлга киритган И. дастлаб ишни танишлари Ё. ва К билан жиноий режа тузишдан бошлайди.
Режага кўра, И. вазирлик харидларини фуқаро К. ва унинг яқинларига тегишли фирмаларга бериш учун 26 минг доллар улуш олади.
Шундан сўнг, вазирлик тизимидаги театр, маданият уйлари ва бошқа ташкилотларга зарур грим маҳсулотлари учун таниши К.га тегишли фирмаларга 2,6 млрд. сўм ўтказиб берилади.
Ўз навбатида, бу фирмалар грим ўрнига “Ўрикзор” бозоридан 264 млн. сўмга арзон ва сифатсиз косметика маҳсулотларини сотиб олиб, уни грим эканлиги ҳақида сохта ҳужжатларни тузиб, вазирликка топширади.
Вазирлик эса, маданият муассасаларига умуман керак бўлмаган бу маҳсулотларни грим сифатида сохта ҳужжат қилиб, уларга етказиб беради.
Схемага кўра, маҳсулот нархи ҳужжатларда бир неча баробар қиммат кўрсатилиб, 2,3 млрд. сўм маблағ талон - торож қилинган.
Вазирлик ишлар бошқармаси бошлиғи О. театр ва мусиқий мактабларга аслида етказиб берилмаган мебель ва мусиқа анжомлари етказиб берилгани ҳақида сохта ҳужжатлар тузиб, 1,7 млрд. сўмни ўзига таниш фирмаларга ўтказиб, талон - тарож қилган.
Шунингдек, 13,5 млрд. сўмлик мебель ва жиҳозларни танишларидан 20,2 млрд. сўмга олиш йўли билан 6,7 млрд. сўм ҳам талон - торож қилинган.
Бу жиноий схема билан 12 млрд. сўм бюджет маблағи ўмарилган. Ҳозирда бу шахслар қамоққа олиниб, тергов ўтказилмоқда.
Вазирлик ва идораларда коррупцияга имкон бераётган айрим сабаб ва шарт-шароитлар ўрганилганда, айрим соҳаларда ички идоравий назорат ҳамда юридик хизматнинг ўрни сезилмаётганлиги, баъзи раҳбарларнинг ўзи бундан манфаатдор эмаслиги ҳам коррупцияга чек қўйишга имкон бермаётганлиги таъкидланди.
Барча соҳаларда қонунлар ижросини бевосита таъминлашга масъул бошқарув идоралари, ижро устидан назоратга масъул эса 50 дан ортиқ назорат - текширув органлари мавжуд. Бироқ, назорат органларининг қонунийликка таъсири сезилмаётганлиги танқид остига олинди.
Йиғилишда ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятидаги коррупция ҳолатлари муҳокама қилинди.
Ўтган икки йилда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг 318 нафар ходимлари жиноий қилмишлари учун жавобгарликка тортилганлиги кўрсатиб ўтилди.
Масалан, “Арк булоқ” божхона пости бошлиғи Ж. бошчилигидаги бир гуруҳ божхона ходимлари пора эвазига турли субъектлар томонидан импорт қилинган товарлар қийматини пасайтириб кўрсатиб, давлат манфаатларига қарийб 9 млрд. сўм зарар етказган.
Тергов жараёнида Ж.нинг уйида ўтказилган тинтувда, пора сифатида олинган 311 минг доллар нақд пуллар олинган.
Бундан ташқари, жиноий йўл билан топилган пуллар эвазига Бўстонлиқ туманида 8 сотихли дала ҳовли қурганлиги, “Тошкент сити” мажмуасидан 2 та хонадон ва 1 та нотурар жой ҳамда “Каптива” автомашинасини сотиб олганлиги аниқланган.
Ҳозирда Ж. ва шериклари суд олдида жавоб бермоқда.
Комиссия йиғилиши қизғин муҳокамалар билан кечди. Сўзга чиққан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори А.Бурханов, Олий Мажлис Сенати Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Н.Умаров, Бош вазир ўринбосари Б.Мусаев, Адлия вазири Р.Давлетов ва “Халқаро пресс-клуб раиси” Ш.Кудратходжаевлар коррупцияни олдини олиш бўйича вазифалар борасида ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар.
Кун тартибидаги масала юзасидан Молия вазири Т.Ишметов, Молия вазири ўринбосари - Молия вазирлиги Ғазначилиги бошлиғи О.Исаков, Қурилиш вазири Б.Закиров, Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияси бошлиғи Ф.Салихов, Қишлоқ хўжалиги вазири Ж.Ходжаев, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н.Хусанов, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи У.Ташкенбаев, Маданият вазири О.Назарбеков, Марказий ва тижорат банклари раҳбар ва бошқа мутасадди ходимларининг тушунтириш ва изоҳлари эшитилди.
Йиғилиш якуни бўйича тегишли соҳалар, вазирлик ва идораларда коррупцияга барҳам бериш бўйича комплекс тадбирларни амалга оширишга қаратилган қарор қабул қилинди.
Бош прокуратура