Меҳр нури, қалб қўри билан тўқилган мазкур гиламнинг хом ашёси туя жуни ҳисобланади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, гилам ўзида иссиқлик сақлайди, электр токини ўтказмайди, гард юқтирмайди, узоқ вақт тоза сақланади. Инсон танаси чиқарадиган хавфли моддаларни ҳам зарарсизлантириш хусусиятига эга.

Шуҳрат медали соҳиби Мафтуна Азизова ташаббуси билан 8 нафар ҳунарманд қизлар томонидан яратилган ушбу санъат асарининг нақшлари ноёблиги билан ҳам ажралиб туради. Қўлигул ҳунармандлар гилам учун танлаган нақшлар бугунги кунда йўқолиб кетган.

– Бу санъат намунасини тиклаш ва аҳолига кенг тарғиб қилиш мақсадида ушбу лойиҳани амалга оширдик, – дейди Мафтуна Азизова. — Маҳсулотимизни тайёрлашда табиий хом ашё ва бўёқлардан фойдаланганимиз учун ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон ҳунармандчилик кенгаши (WCC) томонидан сифат белгиси сертификати билан тақдирландик. “Бойсун баҳори” фестивалигача яна тўқишда давом этиб, гиламни 50 метрга етказиш ниятимиз бор.   

Мафтуна Азизова ҳунармандчилик билан шуғулланиб келаётган сулоланинг 6-авлод вакили. Бугунги кунда у яратаётган 50 турдаги ноёб миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари ўз бозорига эга. Қувонарлиси, у яратаётган гиламларга чет эллик сайёҳлар томонидан катта қизиқиш билдирилмоқда.

 Айтиш керакки, ҳозирги кунда халқ амалий санъатининг гиламчилик тури моҳир ҳунармандларимизнинг намунали меҳнатлари боис янада ривожланмоқда. Асрлар оша аждодлардан авлодларга ўтиб, сайқал топиб келган бу санъат турини асраб-авайлаш, келгуси авлодга етказиш барчамизнинг бирдек вазифамиз бўлиши даркор.

Наргиза РАҲМАТУЛЛАЕВА,

Республика Маънавият ва маърифат маркази

Сурхондарё вилоят бўлими раҳбари.