Тадбирда Европа давлатларининг тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати мутахассислари, Европанинг йирик ишлаб чиқарувчилари, тўқимачилик маҳсулотлари чакана савдо корхоналари раҳбарлари ҳамда мода олами вакилларининг иштирок этиши кутиляпти.
Конференция европалик ҳамкорлар билан Европа Иттифоқининг импорт қилувчи тўқимачилик саноатининг тузилиши ва ташкил этилиши, Ўзбекистондан тўқимачилик импорти стандартлари, тўқимачилик, кийим-кечак ва мода бўйича ЕИ импортидаги ҳозирги тамойиллар сингари долзарб йўналишлар бўйича фикр алмашиш имконини беради.
Ўзбекистон делегацияси пахта, тўқимачилик ва тикувчилик маҳсулотларига қўшилган қиймат занжири бўйича тақдимотни ўтказади, шунингдек, республиканинг пахта ва тўқимачилик саноатида янги саноат сиёсати асослари, таркибий ўзгаришлар ҳамда Ўзбекистонда пахта ва тўқимачилик бозорини ривожлантириш ҳақидаги маълумотларни ўртоқлашади.
Конференция доирасида, шунингдек, B2B форматида музокаралар ташкил этилади. Унда ўзбекистонлик тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларининг аниқ бизнес таклифлари тақдим этилади, деб хабар беради «Дунё» АА.