Асарда буғу образи ҳам реалистик, ҳам рамзий-бадиий йўсинда талқин этилган. Нафис қайрилган узун ва серқирра шохлари, буғунинг ихчам танаси ва ҳаракатга шай ҳолатда тасвирланиши композицияга кучли динамика бағишлаган. Шакллар умумлаштирилгани, чизиқлар аниқ ва ифодали берилгани санъаткорнинг юксак маҳорати ва тасвирий тафаккуридан дарак.

Қадимги кўчманчи халқлар дунёқарашида буғу тимсоли алоҳида ўрин тутган. У куч-қудрат, серҳосиллик, ҳаёт бардавомлиги ва табиат билан уйғунлик рамзи ўлароқ эъзозланган. Айрим тадқиқотчилар эса ушбу образни осмон ва ер ўртасидаги рамзий боғловчи, руҳлар олами билан алоқадор муқаддас жонзот сифатида талқин қилади. Шу боис, бундай ҳайкалчалар қадимда кўпинча қабр ёдгорликларида, маросим мажмуалари ёки бошқа табаррук жойларда ўрнатилган деган фаразлар мавжуд. Шу нуқтаи назардан, мазкур ёдгорлик нафақат археологик жиҳатдан, балки маънавий-маданий мерос сифатида ҳам катта аҳамиятга эга.

Бундай ҳайкаллар одатда диний маросимлар, эътиқодий тасаввурлар ва уруғ-қабилавий рамзлар билан боғлиқ бўлганини инобатга олсак, экспонат бронза ва темир даври Ватанимиз сарҳадида истиқомат қилган халқлар, хусусан, скиф-сак маданий анъаналари, диний тасаввурлар ҳамда кўчманчи жамиятлар ҳаёти ҳақида қимматли маълумот беради. Шу маънода, ушбу нодир топилма аждодларимизнинг бой маданий мероси ва юксак бадиий диди ҳақида гувоҳлик берадиган бебаҳо ёдгорлик ҳамдир.

Аслиддин КАРИМҚУЛОВ,

журналист