Давлатимиз раҳбари Президентлик фаолиятини бошлаган илк даврларданоқ ёшлар тарбиясида муҳим ўрин тутадиган китоб мутолааси билан боғлиқ эзгу ишларни бошлаб берди. Шу боис, кейинги йилларда китобхонлик, мутолаа масаласига жиддий эътибор қаратилмоқда. Зеро, ўзи учун ўқиб, маънавиятини бойитган ёшларга автомашинагача совға қилишдан ортиқ рағбат бўлмаса керак китобхон учун.

Ёки давлат сиёсати даражасига кўтарилган, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга қаратилган беш муҳим ташаббуснинг тўртинчиси китобхонлик экани ҳам ёшлар ўртасида мутолаа маданиятини янада ошириш йўлида олиб борилаётган ишларнинг тизимли эканидан далолат беради. Буни ёшларимиз чуқур ҳис қилишлари лозим. Ҳеч қайси давлатда бирданига беш эзгу ташаббус илгари сурилмаса керак. Шундай саъй-ҳаракатларни жимгина кузатиб бўладими?

Шу маънода китобхонликка ўз ҳиссамни қўшиш мақсадида “Маданият ва маърифат” телеканалига Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” асарини тўлиқ мутолаа қилиб бердим. Қаерга борсам, ёшларга айтаман: “Барака топкурлар, мана асарни ўқишга эринсанглар, ойнаи жаҳонга тўлиқ ўқиб бердик, кўринглар. Жуда кўришга ҳам эринсанглар, “Юлдузли тунлар”нинг аудио вариантини Ўзбекистон радиоканалига тайёрлаб бердик. Қолаверса, ҳозир кўплаб китобларнинг шундай вариантлари бор интернетда. Китоб дўконларида ҳам китоблар сероб. Истаган китобингизни топишингиз мумкин. Ҳеч қандай баҳона қолмади китоб ўқимасликка. Фақат иштиёқ, муҳаббат бўлса бас! Тўғри, беш ташаббус ёшларда мана шундай иштиёқ, муҳаббатни уйғотиш мақсадида амалиётга татбиқ этилди. Бу борада ютуқларимиз талайгина. Аммо ҳар қайси муаммо ҳам бирданига ечим топиб кетмайди. Албатта, машаққатлар, тинимсиз меҳнатлар эвазигагина ижобий ҳал бўлади улар. Шундай экан, китобхонлик маданиятини ошириш, ёшларни мутолаага кенг жалб этиш ҳам аста-секин ўз самарасини бера бошлаяпти.

Яқинда 25 йилдан буён розилик бермай келаётганим бир ишга киришишга мажбур бўлдим. Санъат ва маданият институтидан бир курс беришди. Ўша курсга муносибларни қабул қилиш учун 900 нафар абитуриент билан юзма-юз суҳбатлашдик. Ўзим учун “қилкўприк” деб белгилаб олганим — китоб мутолааси шартига келганда, кўпи билан уларнинг нари борса 30 га яқинигина бизни хурсанд қила олди. Энг ачинарлиси, аксарият ёшлар ўзи ўқиб бераётган парчанинг қайси асардан олинганини билмайди.

Айниқса, “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён”, “Юлдузли тунлар”ни билмаслик мумкинми ўзбек фарзандларига? Тағин актёрлик остонасида турганларга? Ўзининг адабиётини билмаган одам дунё адабиётини, Чингиз Айтматовни биладими? Бир абитуриент Абдуллатиф монологини баланд овозда авж билан айтяпти. Уни айтиш учун Мақсуд Шайхзоданинг пьесасини тўлиқ билиши керак аслида. Монолог билан шеърнинг фарқини билмайди. Нега мантиққа қарамайсан, дедим. Сен Абдуллатифсан ахир, ҳеч ким эшитиши керак бўлмаган режаларинг ҳақида баланд овозда гапирасанми? Сарой. Бутун атрофинг хуфя-ку. Отангга етказади-ку улар. Пичирлаб айтиш керак-ку бу монологни.

Хуллас, ҳаммаси интернет билангина чекланиб қолишнинг оқибати. Айни пайтда саралаб олганимиз 30 нафар талабага бугун астойдил китоб ўқитяпман. Фалон китобни ўқинглар, фалон куни сўрайман дейман, муҳлат белгилайман. Хайриятки, ўқишяпти. Дарсдан ярим соат қирқиб бўлса-да, мутолаа соатини ўтказишга мажбур бўляпмиз. Натижа бор. Қатъий назорат бўлса, ёшларни албатта йўлга солиш мумкин. Фақат буни ҳамма бирдек ҳис қилиши керак. Актёрнинг нони адабиёт эканини бўлажак актёрлар батамом ҳис қилиши керак. Булар бошимиздан ўтгани, китоб ўқиб, асло кам бўлмаганимиз учун ёшларга қайта-қайта гапиришдан толмаймиз.

Сурхондарё вилояти театрида ишлаб юрган кезларим “Юлдузли тунлар” қўлимдан тушмасди. Китоб шундоққина иш столим устида турар, кечалари ҳам қайта-қайта ўқир эдим. 1982-83 йилларда қани энди шу асар бўйича бир спектаклми, видеофильм яратилса, Бобур ролини ўйнасам, деб орзу қилар эдим. Кейинчалик Тошкентга қайтиб келдим. Мана шу китобни қайта-қайта ўқийвериб, ёд олиб юборганим туфайли мен шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур образини муваффақиятли ижро эта олдим. Унинг ғоят чигаллик, айрилиқ, ҳижронларга бой ҳаётини акс эттира олиш учун асарнинг ичида яшашим кераклигини ҳис қилганман. Албатта, китоб энг беминнат дўст, ўқигувчини кўкларга кўтаради, қалбини илму урфон билан безайди. Ундан ҳеч қачон ёмонлик келмайди.

Хулоса қилиб айтмоқчиманки, нафақат актёрликни орзу қилаётганлар, балки барча ёшлар китоб мутолаасини кун тартибига бажарилиши зарур бўлган вазифа сифатида киритиб олиши лозим. Мўъжазгина бўлса-да кутубхонаси бор уйни мен уй эмас, нурхона дегим келади. Китоб билан сирлаша, тиллаша оладиган қалбларни эса энг гўзал қалблар деб биламан. Аслида ҳам шундай бўлса керак...

Муҳаммадали АБДУҚУНДУЗОВ,

Ўзбекистон халқ артисти