Газ босимининг пастлиги сабабли, биринчи навбатда аҳоли хонадонлари ҳамда ижтимоий соҳа объектларини табиий газ билан узлуксиз таъминлаш устувор вазифа этиб белгиланган.
Шу муносабат билан, бугун метан газ қуйиш шохобчалари фақат ижтимоий соҳа объектларига хизмат кўрсатувчи ҳамда жамоат транспорти учун фаолият юритади, дея хабар беради Энергетика вазирлиги.
Маълум қилинишича, мазкур чоралар аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини барқарор газ таъминоти билан таъминлашга қаратилган.
Шу билан бирга, биржа савдоларига чиқарилаётган автобензин ва суюлтирилган газ (пропан) ҳажми оширилган бўлиб, улар етарли миқдорда етказиб берилмоқда.
Мутасаддилар хусусий автозаправка эгаларидан нархларни сунъий равишда оширмасликни, шунингдек, автобензинни сифат ва миқдор жиҳатидан тўғри сотишни сўрамоқда. Ваколатли ташкилотлар томонидан назорат тадбирлари кучайтирилиб, нархларнинг асоссиз оширилишига йўл қўйилмаслиги таъкидланди.