Ҳасса суяниб оҳиста одимлаб бораётган маҳалладошим Абдулхай отани қишлоққача олиб кетиш учун машинани тўхтатдим. Салом-аликдан сўнг, бир неча кундан буён кўринмай қолгани сабабини сўрадим.
— Сўхлик жиянларим меҳмонга олиб кетишувди. Бормаганимга анча бўлганди. Очиғи, Сўхни кўриб танимадим, жуда обод бўлиб кетибди. Одамлар ўзларига кўрсатилаётган эътибордан, ғамхўрликдан миннатдор, ичларига сиғмай юрибди. Бориб-келиш ҳам осонлашибди, ортиқча оворагарчилик, қоғозбозлик йўқ. Машинада эмин-эркин бориб келдим. Йўллар, ичимлик сув, электр таъминоти яхшиланганини, янги ерларга сув олиб борилганини, кўркам биноларни қўриб қувондим. Меҳнат қилган одам кам бўлгани йўқ. Дастурхони тўкин-сочин.
Дарҳақиқат, қадим гўшанинг бугунги қиёфасини бундан уч-тўрт йил аввалги ҳолат билан қиёслаб бўлмайди. Туманда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни жадаллаштириш, оилалар фаровонлигини таъминлаш, маънавий муҳитни барқарорлаштириш йўлидаги талай муаммоларга ечим топилди. Аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида янги саноат ва ишлаб чиқариш корхоналари бунёд этиш, тадбиркорликка шароит яратиш ва рағбатлантириш, қишлоқ хўжалиги тармоқларини замонавий мезонлар асосида ривожлантириш кўлами кенгайди.
Ҳудудда саноат маҳсулотлари турини кўпайтириш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, мавжуд имконият, хомашё ва бошқа ресурслардан самарали фойдаланиш, маҳаллий саноат тармоқларини ривожлантириш ҳисобига 146 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Биргина хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш ҳисобига 314 миллиард сўмлик 185 та лойиҳа амалга ошириляпти. Ярим йил якунлари бўйича саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришдаги ўсиш суръати 106,8 фоизни ташкил этди.
Туманда ер майдони 7,1 гектар бўлган 4 та кичик ва ёшлар саноат зонаси ташкил этилиб, умумий қиймати 44,8 миллиард сўм бўлган 44 та лойиҳани ишга тушириш мақсадида тизимли ишлар олиб борилмоқда.
— Президентимизнинг “2020–2021 йилларда Фарғона вилоятининг Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилган ислоҳотлар сўхликлар ҳаёт тарзини бутунлай ўзгартириб юборди, — дейди туман ҳокими Сайидбаҳром Сайидмусаев. — Буни амалий ишлар, рақамлардан ҳам билса бўлади. Жорий йилда ҳудудий инвестиция дастури доирасида 3,9 миллион доллар қийматидаги тўғридан-тўғри инвестиция ўзлаштирилиши ҳисобига саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларида 62 та лойиҳа ишга туширилади. Бунинг ҳисобига 70 миллиард сўмдан ортиқ қўшимча саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, хизмат кўрсатиш тармоқлари кўпаяди. Қиймати 98 миллион доллар бўлган 40 та янги лойиҳани шакллантириш борасида иш олиб боряпмиз. Ҳозирга келиб, 42,9 миллион доллар бўлган 9 та лойиҳа ташаббускорлари аниқланди. Шунингдек, “20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” дастури доирасида 24 нафар тадбиркор билан тузилган ҳамкорлик шартномаларига кўра, 2366 та янги иш ўрни яратилади.
“Арслон экспрес инвест” МЧЖ томонидан қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, “Сўх Шафран экспорт” кооперативи томонидан шафран доривор маҳсулотлари етиштириш ва қадоқлашни йўлга қўйиш, травертин, гипс, кўмир конларини ўзлаштириш ҳисобига ҳам саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми оширилади.
Илгари ҳеч ким ишонмасди
Яқин-яқингача сўхликлар хорижга саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилади деса, ҳеч ким ишонмасди. Бу йил сўхлик тадбикорлар саъй-ҳаракати билан 9,2 миллион долларлик саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини амалга ошириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Шу кунга қадар амалга оширилган экспорт миқдори 4 миллион доллардан ошди. Жорий йилнинг ўзида 5 та янги экспортчи корхона фаолият бошлади.
“AVILON – SO‘X TEXTILE” МЧЖ тикувчилик корхонаси ана шундай истиқболли лойиҳалар сирасига киради. “Девайрон” маҳалла фуқаролар йиғинида иш бошлаган корхона маҳаллаларда ишсиз ўтирган 100 га яқин хотин-қизни бир мақсад йўлида бирлаштирди. Бу ерда маҳаллий хомашёдан болалар ва катталар мавсумий трикотаж кийимлари ишлаб чиқариляпти.
— Шу кунга қадар Россия ва Озарбайжонга умумий қиймати 300 минг доллардан зиёд маҳсулот экспорт қилдик, — дейди тикувчилик цехи назортачиси Флюра Бўтаева. —Бу охиргиси эмас, албатта. Йил охирига қадар экспорт ҳажмини бир миллион долларга етказамиз. Қўшимча қувват ишга туширилиши ҳисобига яна 200 нафар аҳоли ишли бўлади. Корхона қошида қисқа муддатли ўқув курси фаолиятини ҳам йўлга қўйдик. Тикувчиликка қизиққан ёшлар шу курсда назарий ва амалий билим олишлари учун керакли шароитлар яратилган.
Кенг ва ёруғ хоналарда замонавий ускуналарни бошқараётган ишчи-хизматчилар ўз ишларидан хурсанд. Қувонмай бўладими, ахир. Кечагина уй юмушларидан нарига ўтмаган қишлоқ аёллари тикаётган бежирим, пишиқ-пухта кийим-кечаклар ички ва ташқи бозорда сотилмоқда.
Наргиза Қодирова “Чашма” маҳалла фуқаролар йиғинида яшайди. Иккинчи гуруҳ ногирони, бир фарзанди бор, ишсизлиги боис биринчи тоифа ”Темир дафтар”га киритилган.
— Тикувчилик малакасига эгаман, — дейди Наргиза. — Аммо уй шароитида ишлаш учун имкониятим йўқ. Менга шу корхонада иш бор, ишлайсанми, дейишди, жон-жон деб рози бўлдим. Бу ерда барча шароитлар бор, ойлигимиз ҳам, меҳнатимизга яраша. Бепул тушлик, ишга келиб-кетиш учун транспорт ажратилган. Олис қишлоқда, аҳоли фаровонлигини кўзлаб яратиб берилган шароит ва имкониятлар ҳақида ҳар қанча гапирсам, оз.
Кейинги икки йилда қурилиш соҳасида 80 дан ортиқ саноат корхонаси ташкил этилди. Улар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар туман саноат улушининг 30–40 фоизини ташкил қилмоқда. Шу мақсадда ишлаб чиқариш зоналари учун керакли бўлган мухандислик-коммуникация тармоқлари қуриш, электр, сув ва газ билан мунтазам таъминлаш ишлари алоҳида эътиборда.
Лойқа сувни тинитиб ичардик
“Лембур” маҳалла фуқаролар йиғинига ҳам тоза ичимлик сув кириб борди. Бу ерда янги лойиҳа доирасида 2 та тик қудуқ қазилиб, сув минораси ўрнатилди, 13 километрдан ортиқ тармоқ тортилди. Асрлар давомида дарёнинг лойқа сувини истеъмол қилиб келишган аҳоли яратилган имкониятлардан жуда мамнун.
— Эсимни таниганимдан буён лойқа сув ташиб келиб, тиндириб, қайнатиб ичганмиз, — дейди уй бекаси Гулҳаё Мирзаева. — Бу ҳолат айниқса, болалар ўртасида турли юқумли касалликлар келиб чиқишига сабаб бўларди. Минг шукрки, ҳамма қийинчиликлар ортда қолди. Бугун ҳамманинг уйида сув тармоғи бор. Энди шу сувдан исроф қилмасдан фойдаланишимиз керак.
Бундан уч-тўрт йил олдин туманда аҳолини ичимлик сув билан таъминлаш даражаси бор-йўғи 20 фоиз эди. Бугунги кунда бу борадаги кўрсаткич салмоғи қирийиб 90 фоиздан ошди. Шу кунга қадар “Офтобру”, “Ҳазрат Али“ ”, “Қалача”, “Сўх”, “Навобод”, “Ғазнов”, ”Тул”, “Соҳибкор” маҳалла фуқаролар йиғинлари ва Малбуд массиви аҳолиси учун янги тармоқлар тортилди.
“Обширсой” сув тозалаш тармоғи ҳам ишга туширилди. Эндиликда ҳудуддан оқиб ўтган булоқ сувлари шу ерда жамлангач, зарарсизлантирилиб, тозаланиб “Равон”, “Янги ариқ”, “Офтобру”, “Истиқлол” маҳалла фуқаролар йиғинларидаги 10 мингдан зиёд аҳолига етказиб бериляпти.
— Биринчи лойиҳа доирасида 154 километр сув тармоқлари тортилди, 18 та сув минораси ўрнатдик, — дейди “Янги авлод қурилиш инвест” МЧЖ раҳбари Муроджон Аҳмедов. — Бундан ташқари, аҳоли ва маҳаллий буютмачилар талаб ва истакларини инобатга олиб, қўшимча 90 километр сув тармоқлари қурдик. Бу жуда катта имконият. Йил охирига қадар туманда тоза ичимлик сув етиб бормаган маҳалла, хонадон қолмайди.
Йўлларимиз сонга кирди
Туманда ички йўллар, аҳоли яшаш ҳудудидаги кўчаларни таъмирлаш ишлари бир дам бўлса-да, тўхтагани йўқ. Шағал, афсальт ортган юк машиналари, грейдерлар шовқини тинмайди. Эгнига сариқ нимча кийган йўлсозлар шижоат билан меҳнат қилмоқда.
— Яшаш жойингдаги кўчалар текис ва ораста бўлишига нима етсин, —дейди Сўх туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси раҳбари Ҳабибжон Мирзоев. — Туманимизда 93 километр масофада умумфойдаланувдаги автомобиль ва 412 километр ички хўжалик йўллар мавжуд. Жорий йилнинг шу кунига қадар “Менинг йўлим” лойиҳаси асосида 3,2 километр ва бошқа дастурлар доирасида 10,8 километр йўл асфальтланди. Илгари йўл қуриш, таъмирлаш ишлар жуда қийин эди. Хомашё етишмасди. Қирғизистон орқали Фарғона ва Қўқондан асфальт олиб келишда тез-тез узулишлар бўларди. Эндиликда бу борадаги муаммо барҳам топди. Сўхда бир кунда 150 тонна асфальт ишлаб чиқариш қувватига эга янги корхона ишга тушди. Энди йўл қуриш, таъмирлаш билан боғлиқ ишлар кўлами кенгайди, сифати яхшиланди.
Ўтган олти ойи давомида туманнинг 12 та маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 6 километр йўлга бетон ётқизилди, 34 километр йўл асфальтланди. Йил якунига қадар ички йўлларнинг таъмирланганлик даражаси 95 фоизга етказилади.
— Бошқа қишлоқлардаги равон ва текис йўлларни кўриб ҳавас қилардик, — дейди “Лембур” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ғайратжон Неъматов. — Бизнинг маҳалламиз йўллари ҳам ҳавас қиларли даражада ўзгаряпти. Бу ишнинг бошида турганлар барака топишсин. Лой, ўнқир-чўнқир кўчалар энди тарихда қолди. Маҳалламиздаги 8 та кўчанинг 6 тасида қайта қуриш, таъмирлаш ишлари бажарилди. Бир километрдан ортиқ бетон йўллар қуриб берилди.
Кенг йўллар четига тартиб билан экилган манзарали ва мевали кўчатлар баравж ривожланмоқда. Пиёдалар ва велосипед ҳаракатланиши учун қурилаётган алоҳида йўлаклар эса аҳолига сайр қилиш, дам олиш имкониятини бераётгани билан эътиборни тортади.
Адирликка сув чиқди
Туманда шу кунгача фойдаланиш имконияти бўлмаган 2 минг гектарга яқин янги ерлар ўзлаштирилиб, фойдаланишга киритилди. Биргина Қайроқ массивидаги 1,5 минг гектар ерни ўзлаштириш мақсадида давлат ҳисобидан умумий қиймати 91,7 миллиард сўм бўлган икки кўтармали “Қайроқ” насос сатанцияси қуриб битказилди. Қарийб икки минг метр банландликка сув чиқарилиб, олма, ёнғоқ, малина, доривор гиёҳлар экилиб, кам таъминланган оилаларга кооперция асосида бириктириб берилмоқда.
Жавпая массиви ҳам асрлар оша эътибордан четда, қарвосиз бўлган. Адирликнинг пастидан Қалача ариғи оқиб ўтади. Аммо ундан сув олиш имконияти йўқ эди. Бу ерда янги сув олиш насос станцияси қурилгач, 223 метр баландликка сув олиб чиқилди. Секундига 200 литр сув тортиш қувватига эга 5 та насос станцияси 1000 гектар экин майдонларини сув билан таъминлаяпти. Биринчи босқичда 230 гектар майдонга интенсив усулда ўрикзор боғлар барпо этилиб, 50 сотихдан лотларга ажратилиб, кооперация асосида аҳолига бўлиб берилди. Ўрик дарахтлари оралиғида полиз ва бошқа сабзавот экинлари етиштирилмоқда.
— Лойиҳанинг афзаллиги шундаки, ер эгалари малакали агроном ва ирригаторлар хизматидан фойдаланади, — дейди туман ҳокими ўринбосари Муслимбек Мавлонбеков. — Экинларни ёпиқ сув қувурлари орқали суғориш тизими жорий этилди. Бу мақсадлар учун сиғими 32 минг литр куб бўлган сунъий сув ҳавзаси қурилди. Мажмуа ҳар қандай об-ҳаво шароитида ҳудуддаги экинларни мунтазам об-ҳаёт билан таъминлаш, сув сарфини 65 фоизгача тежаш имконини беради. Истиқболли лойиҳалар дастурига кўра, ҳудудда 200 гектар ерда малиначилик, 500 гектар ерда картошка, 300 гектар ерда полиз экинлари етиштириш кўзда тутилган.
Бир сўз билан айтганда, юрт ободлиги, эл фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар олис ва чакка ҳудудларда яшовчи одамлар ҳаёт тарзини ўзгартирмоқда. Улар қалбида фахр, ифтихор, шукроналик туйғуларини жўш урдирмоқда.
Расулжон КАМОЛОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири