Унда вилоятдаги ҳунармандчилик маҳсулотлари, зиёрат ва ички туризм йўналишида фаолият юритувчи туроператорлар, шунингдек, республиканинг барча ҳудудларидан туристик компаниялар вакиллари иштирок этди. Бундан ташқари, вилоятлар ўртасида сайёҳлик мавсумидаги ички ва зиёрат туризми йўналиши маҳаллий ва хорижий сайёҳларга кенг тарғиб қилинди.

Бу борада Когон шаҳрида “Халқлар дўстлиги”, Қоракўл туманида “Пойкент оқшомлари”, Ғиждувон туманида кулолчилик ва пазандалик, Шофиркон туманида каштадўзлар ва халқ ўйинлари фестиваллари, Жондор туманидаги Қизбиби зиёратгоҳида “Варахша маликаси” қизлар кўрик-танлови, Вобкент туманида Aсал сайли каби тадбирларни ўтказишда етарли тажриба тўпланди.

— 2021 йил давомида Бухоро вилоятида 78 та янги ва замонавий, катта-кичик меҳмонхона барпо қилиниб, уларда 724 та хона ва 1 минг 919 та ўрин яратилгани, умумий меҳмонхона сони ҳудудда 415 тага етказилиб, уларда 4 минг 463 та хона ва 10 минг 323 та ўрин шай қилингани, шунингдек, оилавий меҳмон уйлари сони 198 тага, хостел ва мотеллар сони 53 тага етказилгани қадимий шаҳарнинг сайёҳлик салоҳияти равнақ топиб бораётгани исботидир, — дейди Ўзбекистон республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлигининг Зиёрат туризмини ривожлантириш департаменти директори Жаҳонгир Саидов. — Ташрифга келсак, ўтган йил давомида Бухорони кўриш ва зиёрат қилишга келган сайёҳлар сони 2 миллион 200 нафардан ошиб, бунда хорижий туристлар сони 41,2 минг нафарга етгани ана шу саъй-ҳаракат самарасидир.

Ўтган йилда вилоятда туризм инфратузилмасини яхшилаш ва янги туризм объектларининг барпо этилиши натижасида 450 дан ортиқ қўшимча янги иш ўрни ташкил этилиб, хорижий сайёҳлардан тушган йиллик тушум ҳажми 60 миллиард 600 миллион сўмга етгани қадимий кентга бўлган қизиқиш ифодаси, албатта.

— Бухорода расман бошланаётган сайёҳлик мавсуми стартида — Ички ва зиёрат туризми ярмаркасига биз “Беназир Қашқадарё” йўналиши бўйича 3 кун ва 2 кечалик зиёрат ва гастро-этнотур дастури тақдимотини тайёрлаб келганмиз, — дейди тадбирда қатнашган туроператорлардан бири, қўшни вилоятнинг Қарши шаҳрида фаолият кўрсатувчи “Сандувоч парвози” МЧЖ раҳбари Ҳафиза Эгамбердиева. — Бу дастурга биноан сайёҳлар буюк соҳибқирон бобомиз Aмир Темур қурдирган “Оқ сарой” обидаси, муаззам Aмир Темур кўприги, шунингдек, “Кўк гумбаз” масжиди, Aбу Убайда ибн ал Жарроҳ, Aбу Муъин Aн-Насафий, Лангарт ота қадамжоларига ташриф буюришлари, Кеш, Ғилон, Чияли, Қовчин, Хўжа илғор каби қадимий қишлоқларнинг бугуни билан яқиндан танишишлари, воҳага хос миллий таомларимиздан баҳраманд бўлишлари мумкин.