Миллий урф-одатларни, қадриятларни, миллий маънавий мерос-манбаларни билиш, ўзлаштириш, тарғиб қилишда бирламчи восита тилдир. Бошқа тилларни билиш – муваффақият, ўз тилини билиш мажбуриятдир. Ўндан ортиқ тилни билиб, ўз тилини билмасликни эса маънавиятсизлик дейиш мумкин.

Бугун она тилимизнинг, таъбир жоиз бўлса, маънавиятимизнинг нуфузини оширишга қаратилган эътибор ҳар доимгидан-да долзарблик касб этмоқда.

Ўтган бир ярим йил мобайнида мамлакатимизда давлат тилини ривожлантириш, ўзбек тилининг мавқеини оширишга қаратилган 20 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Шунинг ўзиёқ тил масаласининг давлатимиз, миллатимиз учун нақадар муҳим эканлигидан далолат беради. Бу борадаги ислоҳотлар бош ташаббускори, ижодкори давлатимиз раҳбарининг ўзи экани эса ҳар бир соҳа вакилидан ҳам ташаббускорлик, ватанпарварликни талаб этади.

 “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятида ҳам давлат тилини соҳада қўллаш, шунингдек, маънавий-маърифий ишларга катта эътибор қаратилмоқда. Президент фармони, қонун ва қонуности ҳужжатлар эълон қилинганидан кўп ўтмай, жамиятнинг шу соҳага оид тўртта тегишли меъёрий ҳужжати имзоланди. Уларга қатъий амал қилган ҳолда темир йўл тизимида давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишда қатор тизимли ишлар олиб бориляпти.

Хусусан, корхона ва муассасаларнинг идоравий ҳужжатлари ҳамда иш қоғозлари, шунингдек муҳр ва тамғаларининг Давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқлиги назоратга олинди. Бунинг самараси ўлароқ, 400 дан ортиқ турли мазмундаги меъёрий-ҳужжатлар тўлиқ давлат тилига мувофиқлаштирилди. Темир йўл соҳасига бошқа тиллардан кириб келган ва айни вақтда фойдаланилаётган атамалар хатлов қилиниб, уларнинг ўзбек тилидаги муқобиллари шакллантирилди. Корхона ва ташкилотларнинг бино ва иншоотларидаги реклама, пешлавҳа ва эълонлар, ахборот матнларининг давлат тилида бўлишини таъминлаш юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди. Бир қатор талабга жавоб бермайдиган ташқи ёзувлар ўзгартирилди. Корхона ва ташкилот раҳбарлари ҳамда мутасадди ходимларга ушбу йўналишдаги ишларни Давлат тили тўғрисидаги қонун талабларига мувофиқ ташкил этишлари бўйича кўрсатмалар берилди.

Ўзбекистон Республикаси Давергеодезкадастр қўмитаси эксперт комиссияси билан ҳамкорликда темир йўл тизимидаги мавжуд 244 та станция, 27 та разъезд, 2 та блокпост номларининг ўрганиб чиқилиши ҳам соҳада давлат тилини кенг қўллаш йўлидаги саъй-ҳаракатлардан бири бўлди. Ўрганиш натижаларига кўра, “Географик объектларнинг номлари тўғрисида”ги Қонун талабларидан келиб чиқиб, Эксперт комиссияси томонидан 90 та географик объектлар номлари ўзбек тили имло қоидаларига мувофиқлаштирилди. 1 та станция номи қонун ҳужжатлари талабларига номувофиқ деб топилиб, ҳозирда унинг номи ҳам ўзгартирилмоқда.

Бундан ташқари, темирйўлчи ходимларнинг давлат тилида иш юритиш малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази билан ҳамкорликда, пандемия шароитини ҳисобга олган ҳолда, темирйўлчи ишчи-ходимларнинг анъанавий ва масофавий ўқитилиши ташкил этилди. Шунингдек, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ тасарруфидаги Тошкент темир йўл техникуми қошидаги кадрлар малакасини ошириш, тайёрлаш ва қайта тайёрлаш марказида ҳам 2021 йил учун ўқув курслари ташкил этилган. Йил давомида 2000 дан ортиқ раҳбар ва ишчи ходимларнинг давлат тилида иш юритиш малакасини ошириш кўзда тутилган.

Темир йўл соҳасида давлат тилини ривожлантириш борасидаги ишлар Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Департамент ташаббуси билан янгидан нашр этилган “Давлат тилида иш юритиш” амалий қўлланмасининг кирилл ва лотин алифбосидаги нашри ҳамда “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” китобининг темир йўл соҳасига ҳам тақдим этилиши соҳада давлат тилида иш юритиш бўйича темирйўлчиларнинг билим, кўникма ва малакаларини янада оширишга хизмат қилмоқда.

Ўрни келганида ҳозирда тизим фаолиятида тўлиқ давлат тилида иш юритиш учун соҳавий сўз ва атамаларнинг ўзбек тилидаги муқобилларига эҳтиёж сезилаётганини таъкидлаш жоиз. Шу боисдан Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг бир қатор техник-мутахассислари томонидан темир йўл транспорти соҳасига бошқа тиллардан кириб келган ва ҳозирда фойдаланилаётган атамалар хатлов қилиниб, ўзбек тилидаги муқобиллари шакллантирилди. Айни кунларда 1300 дан ортиқ сўз ва атамаларни ўз ичига олган “Темир йўл соҳасига оид сўз ва атамаларнинг изоҳли луғати” нашри устида иш олиб борилмоқда.

Миробод туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда туман ҳудудида жойлашган бино, кўча ва объектлардаги пешлавҳа, реклама, эълон ва бошқа ташқи ёзувлар давлат тили қонун ҳужжатларига мос бўлиши ҳақида жисмоний ва юридик ташкилотлар, тадбиркорлар билан мунтазам равишда тушунтириш ишлари олиб борилиб, юзлаб ташқи ёзув матнлари давлат тилига муқобиллаштирилмоқда.

 Хулоса қилиб айтиш мумкинки, юқорида амалга оширилаётган ишлар – она тилимизга бўлган ҳурмат ва эҳтиромимизни англатибгина қолмай, халқимиз маънавиятининг юксалиши йўлидаги муҳим қадамлар ҳисобланади.

Зеро, маънавият миллатни тараққиётга бошлайдиган, ҳар қандай давлатнинг салоҳиятини оширадиган омилдир. Донишмандлар айтганидек, “Қайси мамлакатда маънавият юксак даражада бўлса, ўша жойда, ўша мамлакатда салбий иллатларга ўрин қолмайди”...

Норбута БАБАХАЛОВ,

“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ

Бошқаруви раиси маслаҳатчиси