Сир эмас, юртимиздаги бугунги ҳолат ҳар биримизни эҳтиёт бўлишга ундайди. Шундай оғир пандемия шароитида ўз жонини хатарга қўйиб, бу кўзга кўринмас «душман»га қарши курашаётган шифокорларимиз, юрт ҳимоячиларию бир қатор ташкилот ходимлари борлиги бизга умид, ишонч, яшашга бўлган меҳр-муҳаббатни уйғотади.
Бироқ «гуруч курмаксиз», «беш қўл баробар» бўлмаганидек, «дунёни сув босса ўрдакка не ғам» қабилада иш тутаётганларнинг борлиги эса нақадар аянчли.
Айниқса, ўзини «реклама» қилиб ижтимоий тармоқларни тўлдириб турган ёшларимиз аслида ватанпарварлик деган тушунчаларни қачон англар экан. Яқинда «Менинг юртим» канали орқали бериладиган «Очиқчасига гаплашамиз» кўрсатувида бир қатор «интернет шоввозларию маликалари» билан бўлган мулоқотда ҳали ўзлигини англамаган ёшларни кўриб, юрагим оғриди.
Бироқ ижтимоий тармоқ орқали яна бир видео лавҳани кўриб ёқамни ушладим. Унда Ўзбек деган номга номуносиб бўлган йигитча вилоятимиз марказидаги буюк шоир ва мутафаккир бобомиз Алишер Навоийнинг табаррук ҳайкалларига боқиб «маска қани, бобой?», дея бемаъни ҳиринглаб, шайтоний қилиқларини кўз-кўз қилган.
Ўзини турфа кўйга солган кимсага қараб, «шу боланинг ҳам ота-онаси бормикан, фарзандининг бу қилиқларини кўриб, уни қандай қабул қилар экан?» деб ўйлаб қоласан киши... Хўш, бу каби ёшлар қаердан пайдо бўляпти, улар тарбия кўришяптими ўзи, нега, наҳотки ҳеч ким у кабиларнинг бўлмағур хатти-ҳаракатлари учун тартибга чақириб қўя олмайди?
Аслида унинг мақсади нима эди?
Ҳозир баъзи бир ёшлар орасида урфга айланган «қай усулда бўлса ҳам фарқи йўқ, фақат тезроқ танилиш», «касаллиги»ми, ёки «берсанг ейман, урсанг ўламан» дея уйда ётволиб, зерикканидан кўча айланишга чиққан саёқми?! Тўғри, бу гапимдан «Ҳамма уйда қолиш керакку», дейишингиз мумкин. Лекин тоғни урса талқон қиладиган ёшдаги бу «ўйинқароқ» ҳам қанчадан қанча кўнгилли ёшлар қаторида эзгу ишларга вақтини сарфласа бўлар эдику!
Маънавиятимиз, маданиятимизга, қадриятларимизу урф-одатларимизга зарар етказаётган «зараркунада»га бу сўзлар хайф эканлигини тушунасану, бироқ, бу кабиларнинг касрига қолиб кетётганлар борлигига ачинасан.
Беихтиёр, Ўткир Ҳошимовнинг «Дафтар ҳошиясидаги битиклар» китобида келтирилган: «Олимлар ер юзида одамсимон маймунлар камайиб кетяпти, деб бонг урмоқда. Улар ташвишланмаса ҳам бўлади. Ер юзида маймунсимон одамлар кўпайиб бормоқда...» дея қайд этгани ёдимга тушди.
Шунда Ватан нелигини англамаган ватансизга бобомизнинг ўз асарларида қўллаган ҳилмлиги ила бир сўз дея оласан, холос:
Нокасу ножинс авлодин киши бўлсун дебон,
Чекма меҳнатким, латиф ўлмас касофат олами.
Ким, кучук бирла хўтукка неча қилсанг тарбият,
Ит бўлур, доғи эшак, бўлмаслар асло одами.
Дилноза АБДУҲАМИДОВА,
Навоий вилояти.