Давлат бюджети маблағларининг шакллантирилиши ва сарфланиши аҳолини энг кўп қизиқтирадиган масалалардандир. Бу табиий ҳол бўлиб, фуқаролар мазкур йўналишдаги саволларига жавоб олишга тўла ҳақли.

Давлат бюджети мамлакатнинг пул даромадлари ва харажатлари рўйхатини ўзида ифодаловчи асосий молиявий ҳужжат бўлгани ҳолда унинг очиқ ва шаффоф бўлиши юрт ривожи, жамият қурилишини такомиллаштириш, ислоҳотлар самарадорлигига эришишда муҳим ўрин тутади.

Шу боис, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг жорий йил 25 май куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2020 йил ва 2021 йилнинг биринчи чораги якунлари бўйича ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар асосий муҳокама марказида бўлди.

Афсуски, илгарилари давлат бюджети тўғрисидаги маълумотлар сир сақланиб, фақат масъул давлат идораларигагина маълум бўлган. Мамлакатимизда кейинги йилларда бошланган очиқлик сиёсати туфайли мазкур йўналишда ҳам аҳолига барча маълумотлар очиқ-ошкора етказиб келиняпти. Жорий йилнинг 12 май куни Президентимиз иштирокида макроиқтисодий вазият, ҳудудлар ва тармоқларда иқтисодий ўсишни таъминлаш бўйича биринчи ярим йилликдаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида 2021 йилнинг биринчи чораги бўйича ЯИМ кўрсаткичининг эълон қилиниши ҳам бу борада яна бир муҳим қадам бўлди.

Биз ижтимоий ҳаётда кўп тилга оладиган давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари лойиҳалари ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш устуворликлари, молия йилига мўлжалланган макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари асосида тузилади. Бюджет даромадлари эса бюджетга беғараз тушган ва қайтариб олинмайдиган пул маблағлари ҳисобланади.

Давлат бюджети даромадларининг асосий қисми солиқлар ҳисобига шакллантирилиб, йиғилган маблағлар жамият манфаати, халқ ҳаётини яхшилаш мақсадида турли соҳаларга йўналтирилади. Бироқ 2020 йилнинг оғир келиши, айниқса, коронавирус пандемияси дунё мамлакатлари қатори юртимизда ҳам кўпгина режаларни амалга оширишга жиддий салбий таъсир кўрсатди. Айрим соҳаларда белгиланган маблағларнинг ўз вақтида ажратилиши билан боғлиқ қатор муаммолар юзага келди.

Инқироз ва иқтисодий ўсиш

Пандемия сабаб ўтган йил нафақат юртимиз, балки жаҳон аҳли учун ҳам оғир кечди. Коронавирус балоси, у юзага келтирган ижтимоий-иқтисодий инқироз жаҳон иқтисодиётига сезиларли даражада салбий таъсир этди. Жаҳон банкининг дастлабки маълумотларига кўра, глобал занжирнинг узилиши ва қатъий карантин чораларининг жорий этилиши натижасида ўтган йилда жаҳон иқтисодиёти 4,3 фоиз қисқарди.

Мамлакатимизда “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун қабул қилиниб, унда қайси соҳага қанча миқдорда маблағ ажратилиши белгиланган. Демак, бу борада зарур ҳуқуқий асос яратиб берилди. Хўш, жорий йилнинг биринчи чораги давомида давлат бюджетидан ажратилган маблағлар асосан қайси йўналишларга сарфланди?

2021 йилда ҳам пандемия туфайли юзага келган глобал иқтисодий инқироз сабабли ташқи иқтисодий ҳолат бўйича хатарлар ноаниқлиги юқорилигича сақланиб қолаётгани, жумладан, унинг қўшни мамлакатлар ва йирик савдо шериклар иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатишда давом этаётгани қайд этилди. Шунга қарамай, жорий йил январь-март ойларида республикамиз иқтисодиёти 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 3 фоиз ўсиб, ЯИМ ҳажми 128,6 триллион сўмни ташкил этди. Бунда саноат 3,8 фоиз, қурилиш 0,5 фоиз, қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги 3,1 фоиз ҳамда хизматлар 2,8 фоиз ўсган.

Ўтган уч ойлик давр мобайнида давлат бюджети даромадлари 33,9 триллион сўмга ошириб бажарилган. Харажатлар 34,1 триллион сўмни, бюджет дефицити эса 188,2 миллиард сўмни ёки ЯИМга нисбатан 0,1 фоизни ташкил этди ва прогноз даражасида бўлди. Шу вақтда ижтимоий харажатлар ҳам ошди. Бу борадаги кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 21 фоиз ошиб, 18,2 триллион сўмга етди. Иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар 12,5 триллион сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 16,1 фоиз кўпроқ бўлди.

Маҳаллий бюджетларнинг даромад

кўрсаткичи ортиғи билан ижро этилди

Маҳаллий бюджетларнинг маблағлари ҳудудий тараққиётнинг молиявий манбаларидан биридир. Демак, бу маблағлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фан, таълим, маданият, соғлиқни сақлаш, жисмоний тарбия ва спорт, ижтимоий таъминот, иқтисодиёт тармоқларини ривожлантиришнинг мақсадли дастурлари ва тадбирларини амалга ошириш учун сарфланиши лозим.

Хисоботда 2021 йилнинг биринчи чораги давомида маҳаллий бюджетларнинг даромадлар қисми прогнозга нисбатан 116 фоизга бажарилиб, 7,9 триллион сўмни, харажатлар эса режага нисбатан 94,7 фоизга ижро этилиб, 10,9 триллион сўмни ташкил этгани таъкидланди. Маҳаллий бюджетлар мустақиллигини ошириш бўйича ҳукуматимиз томонидан кўрилган амалий чора-тадбирлар натижасида ўтган вақт давомида маҳаллий бюджетларнинг даромад кўрсаткичи 1 110 миллиард сўм ортиғи билан ижро этилди.

Албатта, бу борада қилинган ишлар эътиборга молик. Бироқ ҳисобот даврида ютуқлар билан бирга қатор муаммо ва камчиликлар ҳам кўзга ташланади. Аслида бу борада муаммонинг катта-кичиги бўлмайди. Айниқса, уларнинг ортида инсон тақдири, халқ манфаати турар экан, ютуқларга маҳлиё бўлмасдан, мавжуд камчиликларга танқидий ёндашишимиз зарур. Шу жиҳатдан, масаланинг ечимига оид бир қатор таклифларни ўртага ташлашимиз мумкин.

Биринчидан, бюджетлараро трансфертлар ва бюджет ссудасини ажратиш, унинг фоизларини тўғри, адолатли белгилаш зарур. Бюджет ссудаси юқори бюджетдан қуйи бюджетга ёхуд республика бюджетидан резидент-юридик шахсга ёки хорижий давлатга қайтариш шарти билан ажратиладиган маблағдир. Бюджет трансферти эса бюджетдан юридик ёки жисмоний шахсга бевосита ёки ваколатли орган орқали ажратиладиган қайтарилмайдиган пул маблағлари ҳисобланади. Ана шу йўналишлар борасида Бюджет кодексига ўзгартиришлар киритиш талаб этилади.

Иккинчидан, мамлакатимизда яширин иқтисодиёт даражаси юқори. Шу боис, кейинги йилларда бизнесга қўшимча қулайликлар яратиш орқали яширин иқтисодиёт улушини камайтириш, тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун, шу жумладан, тартибга солиш ва маъмурий юкни камайтириш ҳисобига тенг рақобат шароитларини яратишга катта эътибор қаратилмоқда. Чунки яширин иқтисодиёт билан курашишда эҳтиёткор бўлиш ва иқтисодий фаолликка зарар етказиб қўймаслик керак. 

Учинчидан, давлат раҳбарининг ҳудудларга ташрифи давомида берилган топшириқлар ижросини, ҳудудларнинг иқтисодий ўқув нуқталари бўлган соҳаларни қўллаб-қувватлашни молиялаштиришни тўлиқ ва муддатли амалга ошириш зарур. Бу борада Молия вазирлиги томонидан қонунчиликда белгиланган субсидияларнинг ажратилиши ва ўз эгасига етиб боришини алоҳида назоратга олиш талаб этилади.

Тўртинчидан, давлатимиз раҳбарининг 2018 йилдаги тегишли фармонлари билан қабул қилинган “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида кўплаб маҳалла ва қишлоқлардаги шароитлар яхшиланди. Биргина жорий йилнинг ўзида мазкур дастурлар доирасида жами 21 триллион сўм йўналтирилмоқда. Тегишли ташкилотлар бу маблағларни қишлоқ аҳолисининг энг катта муаммоларидан бўлган ичимлик сув, йўл, электр энергияси билан боғлиқ бирламчи ҳаётий масалаларини ҳал қилиб беришга сарфланишини назоратга олиши зарур.

Бешинчидан, кейинги йилларда давлат харидлари тизимида ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш ва тадбиркорлар учун электрон харид қилиш имкониятини янада кенгайтириш борасида салмоқли ишлар қилинмоқда. Аммо вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликлар томонидан давлат харидларини амалга оширишда ўтган йилда кўплаб салбий ҳолатлар кузатилган. Бу жараёнда жамоатчилик назоратининг кучайиши самарасиз давлат хизматларининг олдини олишга хизмат қиляпти. Жамоатчилик назорати қанча кўп бўлса, тизимда ишончсизликдан яхшиланиш сари ўзгариш шунча юқори бўлади. Шу боис, бу борада янада очиқ, шаффоф, барқарор, самарали ва яхлит давлат харидлари тизимини яратишга катта эътибор қаратиш зарур.

Хулоса қилиб айтганда, ҳозирги давр бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш тизимини янада такомиллаштиришни тақозо этмоқда. Бу мазкур тизим тараққиётимизга катта ҳисса қўшиш билан бирга халққа маълумотларни очиқ-ошкора, шаффоф етказиш механизмини йўлга қўйишга ҳам хизмат қилади.

Актам ҲАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари