Риштон тумани ҳудудидан ўтувчи «ўзбек-қирғиз» чегараси орқали кириб келган Учкўприк туманида яшовчи 41 ёшли фуқаронинг ёнидан жами 9 542 дона «Зардекс» кучли таъсир қилувчи дори воситалари топилди.
Қайд этилишича, ушбу дори воситаларининг умумий қиймати 1 миллиард 320 миллион сўмни ташкил этади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, «Зардекс» препарати таркибидаги «Прегабалин» моддаси Ўзбекистон қонунчилигига кўра кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига киритилган ва унинг эркин савдоси тақиқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан ушланган шахсга нисбатан Жиноят кодексининг чегарани ноқонуний кесиб ўтиш, контрабанда ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг қонунга хилоф муомаласи моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.
Гумонланувчига нисбатан «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.