Маълумот учун: China Energy 2017 йил ноябрь ойида ташкил этилган бўлиб, бош қароргоҳи Пекинда жойлашган Хитойнинг энг йирик энергетика ва тоғ-кон саноати компаниясидир. У кўмир қазиб олиш, иссиқлик, шамол, қуёш ва гидроиншоотлардан энергия ишлаб чиқариш, шунингдек, нефть-кимё, темир йўл ва денгиз транспорти, логистика ва молия соҳасида хизматлар кўрсатишга ихтисослашган. Компания дунёдаги энг йирик 100 та компаниядан бири ҳисобланади, унинг молиявий айланмаси 240 миллиард доллардан, ходимлари сони эса 338,5 минг кишидан ошади. У дунёнинг 147 та давлатида ўзининг 206 та филиалига эга.

Йиғилишда Қашқадарё ва Бухоро вилоятларида умумий қуввати 1000 МВтга тенг бўлган фотоэлектр станциялари ва Самарқанд вилоятида қуввати 3 миллион тонна бўлган цемент заводини қуриш лойиҳаларини амалга оширилиши атрофлича кўриб чиқилди.

Томонлар ушбу объектларни имкон қадар тезроқ ишга тушириш муҳимлигини таъкидлаб, жорий йилда 400 МВт қувватга эга фотоэлектр станциялари ва цемент заводини, қолган 600 МВт қувватларни кейинги йил охиригача ишга тушириш учун барча имкониятларни ишга солишга келишиб олдилар.

Шу билан бирга, қайта тикланадиган энергия манбалари йўналишида янги лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари, шунингдек, янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил қилиш ва кимё маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш юзасидан конструктив фикр алмашилди, деб хабар беради Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.

Хитой томони ҳудудларда энергия тизимларини янада модернизация қилиш ва «яшил» энергия ишлаб чиқариш соҳасида мутахассисларни тайёрлаш бўйича режалари билан ўртоқлашди. Компаниянинг инфратузилмани ривожлантириш соҳасида инновацион ишланмаларни қўллаш доирасида маслаҳат ва техник ёрдам кўрсатишга тайёрлиги таъкидланди.