Мамлакатимизда ахборот технологиялари билан шуғулланадиган қизлар ҳақида биласизми? Бу соҳада кўпинча йигитлар етакчи бўлгани боис, эшитмаган бўлсангиз, ажабланмаймиз. Ҳатто айримлар “IT соҳаси қизлар учун эмас”, дейиши ҳам табиий. Бироқ 24 ёшли Севинч Нажмиддинова ҳақида бундай деб бўлмайди. 

“Google”дан лойиҳа бошқаруви” сертификати соҳибаси, “FUTURE — IT Career Path” онлайн ўқув дастури асосчиси, “Alif Tech” компаниясининг IT лойиҳа раҳбари бўлган иқтидорли қиз шундай стереотипларни йўққа чиқариш билан бирга, мўмай даромад топмоқда. Келинг, яхшиси, рақамли оламга кириб келиши ва эришаётган натижалари ҳақида Севинчнинг ҳикоясига қулоқ тутамиз.

Илк қадамлар

— Ахборот технологияларига ёшлигимдан қизиққанман. Ота-онам шифокор бўлишимни истаган бўлса-да, IT соҳаси билан шуғулланишимга қаршилик қилмади. Отам ўқишимни ҳам маънан, ҳам моддий қўллаб-қувватлади. У киши доим бир гапни такрорларди: “Қиз боланинг ўқиши жуда муҳим. Боболаримиз айтган: аёл илмли бўлса, фарзандлари, миллат илмли бўлади”. Бугун ахборот технологиялари соҳасида эришаётган муваффақиятимни кўриб, уларнинг боши осмонда, десам муболаға бўлмайди.

2017 йили Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университетига ўқишга кирдим. Юқори курсларда ўқийдиганлардан энг долзарб йўналиш қайси, деб сўраганимда кўпчилик Java дастурлаш тилини ўрганишимни маслаҳат берган. Шундан кейин ўқув марказига бориб, ахборот технологиялари бўйича таълим ола бошладим. Менга жуда кучли процессорли компьютер кераклигини билгач, отам уни дарҳол сотиб олиб берган.

Университетда ўқиб юрган кезларимда битирув-малакавий иш учун “FUTURE — IT Career Path” онлайн ўқув дастури лойиҳасига қўл урганман. Бу инглиз тилини осон ўргатиш учун ўзбек тилидаги лойиҳа эди. Ҳозир юртимизда тил ўргатишга ихтисослаштирилган ўқув марказлари кўп. Лекин бизнинг мақсадимиз шу жараённи рақамлаштириш бўлган. Ўқувчилар билим олади, имтиҳон топширади. Буларнинг аксарияти ёзма бўлади. “FUTURE — IT Career Path” онлайн ўқув дастури қоғозбозликни камайтириш учун қилинган лойиҳа эди. Айни пайтда ўқув дастури сифатида ишини давом эттиряпти.

Ҳаракатга яраша даромад

Университетнинг иккинчи курсида таҳсил олаётган пайтимда ўқув марказида дарс бера бошладим. Мактаб ўқувчиларини ОТМнинг кириш имтиҳонларига тайёрлардим. Биринчи даромадим ўша пайтда 300 минг сўм эди. Ўқиш давомида ахборот технологиялари бўйича лойиҳа бошқарувчилигига қизиқишим юқори бўлгани учун “Google”дан лойиҳа бошқаруви” сертификатини олдим. Ҳозир соҳадаги даромадим ёмон эмас: бир ойлик маошимга бемалол iPhone 14 Pro Max сотиб олишим мумкин.

Айни пайтда “Alif Tech” компаниясида IТ лойиҳа раҳбари сифатида фаолият юритяпман. Бу компания Англияда рўйхатдан ўтган. Бош офисимиз Тожикистонда жойлашган. Мен компаниянинг Тошкентдаги филиалида ишлайман. Яқинда Покистон ва БААда янги филиалларимиз иш бошлайди. Биз ахборот технологиялари маҳсулотлари савдоси билан шуғулланамиз.

“Аlif mobi”, “Alifshop” тўлов хизматлари йўлга қўйилган. Мен “Аlif nasiya” дастурий маҳсулоти бўйича ишлайман. Бу харид қилинган маҳсулот пулини бўлиб тўлашга имконият беради. Дейлик, мижозларга техника, мебель керак, аммо уларнинг бирдан сотиб олишга моддий имконияти бўлмайди. Биз шунда хизматимизни таклиф қиламиз. Мижозлар ўзига ёққан маҳсулотни танлайди. Биз ҳамкор ва мижоз ўртасида олди-бердини амалга оширамиз “Аlif nasiya” айни пайтда халқимиз орасида кенг тарқалган тўлов хизматидир. Жамоамизда тўрт нафар лойиҳа менежери ва яна шунча дастурчи фаолият юритади. Асосий вазифамиз дастурнинг сифатли ишлаши ва уни янада такомиллаштиришга қаратилган.

Келажак касби

Келажак касблари ҳақида сўз кетса, компьютерлаштириш ва рақамлаштириш барча соҳаларга кириб бориши билан ҳар бир ташкилотда дастурчи ва дастур тузувчиларга эҳтиёж пайдо бўлиши бот-бот қулоғимизга чалинмоқда. Юртимизда ҳам ахборот технологиялари бозорининг жадал ривожланиши баробарида ахборот технологиялари мутахассисларига эҳтиёж тобора ошиши табиий.

Бу соҳага қизиқиш юқорилигининг сабаби олинган билимларни дунёнинг исталган нуқтасида қўллаш мумкин. Ахборот технологияларини ўзлаштиришдаги стереотипларга келсак, нафақат қизларнинг ўрганиши, балки, умуман, жуда ҳам кенг тарқалган гап-сўзлар бор. Бу миш-мишлар соҳа ҳақидаги тушунчамиз ҳалигача саёз эканини кўрсатади.

Ахборот технологияларининг жозибадорлиги шундаки, у ақлий салоҳиятингизни мунтазам чархлайди. Бу соҳа вакиллари табиатан ижодкор бўлади. Хаёлига келаётган ғояларни компьютер ёки дастурлаш тилларида тақдим этади. У қайсидир маънода инсонга эркинлик беради, дунёқарашини кенгайтиради. Ахборот технологияларини чуқур ўрганишим молиявий имкониятим кенгайишига сабаб бўлди. Менга ёқадиган яна бир жиҳати — битта компьютер ва ақлий қобилият ёрдамида одамларга ёрдам берадиган, фойдаси тегадиган IТ маҳсулотлари ишлаб чиқиш мумкин. Масалан, тиббиёт соҳасини олсак, роботлар келгусида операцияларни юқори аниқлик ва тезликда бажариши мумкин. Шунингдек, таълим ва бошқа кўпгина соҳаларда ҳам сезиларли ўзгаришларга сабаб бўлади. Келгусида дастурлаш тили энг оммабоп тиллардан бирига айланади.

Нима учун соҳада аёллар кам?

Дунё бўйича ахборот технологиялари соҳасида номутаносиблик бор. Бунга асосий сабаб йўналиш битта жойда тўхтаб турмаслиги, доимо янгиланиши билан боғлиқ бўлса керак. Одатда, бизда қизларни ёшлигидан оилага тайёрлаш, сарпо йиғишга кўпроқ эътибор қаратилиб, уларнинг таълими охирги даражага тушиб қолади. Агар қизларга ҳам ўғил болалар қатори имконият берилса, менимча, аёллар нафақат оилада, балки жамиятда ҳам ўз ўрнига эга бўлади. 2017-2018 йилларда кўплаб дугоналарим маҳаллий ахборот технологиялари компанияларига резюмеларини юборар, ҳамма босқичлардан ўтар, лекин охирида рад жавобини оларди. Сабаб — аёл киши бўлгани. Охирги пайтларда бундай қарашлар ўзгарди. Ҳозир қизлар жуда синчковлик билан ишларкан, кичкина ҳолатларга ҳам эътибор берар экан, деган яхши фикрлар шаклланмоқда.

Ахборот технологиялари уй бекалари учун жуда қулай ва сердаромад иш. Энг асосийси, уйда интернет, компьютер бўлса, бас. Хотин-қизлар ҳам ақлий салоҳиятини ишга солиб, компьютер ёрдамида ўзи қизиққан йўналишни ўрганиши мумкин. Масалан, фрилансерлик қилиш, яъни масофадан туриб ҳам ишласа бўлади. Кунлик белгиланган иш вақти талаб қилинмайди. Қолаверса, бу борадаги билимларни оилада болаларга ҳам ўргата оласиз. Ахборот технологиялари муттасил ривожлана боради ва инсонга ўз устида ишлаш имконини беради. Энг асосийси, ҳам ижод қилади, ҳам эркин бўлади. Инглиз тилини муайян даражада биладиганларга веб-сайтлар яратиб берилади.

Айни дамда ахборот технологиялари илмини қизлар орасида оммалаштириш, умуман, соҳа ривожига ҳисса қўшиш ва ахборот технологиялари академияси очишни мақсад қилганман. Бепул курсларни ташкил қилиш орқали соҳани мукаммал ўрганиши учун ёшларга янада қулай шароит яратиш — энг катта мақсадим.

“Янги Ўзбекистон” мухбири

Рисолат Мадиева ёзиб олди.