–Давлат органининг очиқлиги, авваламбор, ҳисобдорлик учун керак. Яъни, халқ давлат органига эмас, балки, давлат органи халққа хизмат қилиши керак,  деган тамойилни тўлақонли амалга ошириш учун зарур. Одамлар у ёки бу ташкилот нима иш қилаётганини, унинг фаолияти самарадорлигини билиб туриши керак. Қолаверса, ҳеч қайси идора ўз ходимларини тўлиқ назорат қила олмайди. Бунга ресурс ҳам, вақт ҳам етмайди. Шу сабабли муаммонинг ечими сифатида жамоатчилик назорати ва замонавий ахборот технологиялари қўлланилиши лозим. Яъни, ҳар бир ходим ўзининг фаолияти тўлиқ жамоатчилик назоратида эканини, айтилган ҳар бир гапи, ҳаракати минглаб нигоҳлар кузатувида эканини ҳис қилса, у ўз- ўзидан ноқонуний ҳаракатлар ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди.

Бу борада ислоҳотларнинг энг муҳим босқичларидан бири Президентимизнинг 2018 йилда қабул қилинган “Бюджет маълумотларининг очиқлигини ва бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бўлди. 2020 йилдан бошлаб Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ахборотлар батафсил баён этилган, илғор халқаро стандартларга мувофиқ тайёрланган қонун билан тасдиқланиши йўлга қўйилди. «Очиқ бюджет» ахборот портали ишга туширилди. Жорий йилда эса Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан “Рақамли Ўзбекистон - 2030” стратегияси тасдиқланди. Бундан кўзланган мақсад - давлат идоралари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини, интернет тармоғида очиқ маълумотларни ва бошқа ахборотларни жойлаштириб боришни таъминлашдир.

Адлия вазирлиги тажрибасига тўхталсак. Адлия вазирлиги барча соҳадаги ислоҳотларнинг локомотивига айланишни мақсад қилган. Вазирлик фаолияти ҳақида кенг жамоатчиликка мунтазам ахборот бериб бориш, уларнинг ҳуқуқий маълумотларга бўлган эҳтиёжини таъминлашга қаратилган “Очиқ адлия” (“Open Justice”) дастури 2018 йилдаёқ ишга туширилган. Дастур 34 та чора-тадбирни қамраб олди.

 “Очиқ адлия” ижтимоий дастури орқали видео ва аудиоёзувга рухсат берилди. Яъни, жисмоний ва юридик шахслар адлия органлари биноларида аудио-видео ёзиш мосламаларидан эркин фойдаланиши мумкин. Шу йўл билан эътибордан четда қолаётган жиҳатларни, ўз вазифасини лозим даражада бажармаётган ходимларни аниқлаш бўйича жамоатчилик ёрдамидан фойдаланилмоқда.