Таъкидлаш керак, бунда Давлат хизматлари агентлигининг ўзига хос ўрни бор. Чунки ҳар қандай тадбиркор ҳамда фуқарода «Ягона дарча» тамойили асосида 160 дан ортиқ давлат хизматларини бир жойнинг ўзида олиш имкони бор. Албатта бунда сифат ва тезкорлик муҳим аҳамиятга эга. Бироқ кўплаб давлат идоралари учун ушбу олтин қоида буткул бегона.
Мунтазам равишда огоҳлантириш, жавобгарликка тортиш каби чоралар кўрилишига қарамай, давлат хизматларини кўрсатишда ваколатли орган ҳисобланган ташкилотлар томонидан доимий равишда давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ қонун талаблари бузилиб келинмоқда. Масалан, 2021 йилда ўтказилган текшириш ва мониторинглар натижасида давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида вилоятдаги ваколатли органлар томонидан 10 981 та қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланди. Афсуски, давлат идоралари берилган ваколат ва ишончни суиистеъмол қилган ҳолда давлат хизматлари кўрсатиш муддатларини бузиш, ортиқча ҳужжат талаб қилиш, мурожаатларни асоссиз рад этиш сингари бошқа қонун бузилишларига қўл уриб келмоқда. Бу давлат идораларининг вилоятдаги бўлимлари масъуллари ҳукуматимиз белгилаб берган қонун-қоидаларга панжа орқасидан қараётганлигини билдиради.
Қонун бузилиш ҳолатларини соҳалар кесимида кўриб чиқадиган бўлсак, ўтган йили энг кўп бундай ҳолатлар соғлиқни сақлаш соҳасида содир қилинганига гувоҳ бўлиш мумкин. Яъни, тизимдаги муассасалар йил мобайнида 2 420 та мурожаат ижросини белгиланган регламент асосида бажармаган. Мисол учун, туғилиш ва перинатал ўлим тўғрисидаги тиббий маълумотларни электрон тизимга киритишда (Самарқанд шаҳридаги туғруқ мажмуалари), фуқароларга ипотека кредитига давлат субсидиясини ажратишда хулоса беришди, фуқароларнинг Руҳий касалликлар бўйича диспансер ҳисобида туриши ёки турмаслиги тўғрисида маълумотнома бериш хизматини кўрсатишда шундай хатога қўл уришган.
Бундан ташқари, Давлат кадастрлари палатасининг туман (шаҳар) филиаллари ҳам мазкур рўйхатнинг юқорисида туради. 2021 йил давомида мазкур соҳа ходимлари томонидан 1 871 та қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилган. Хусусан, кадастр паспортини шакллантириш, қурилиши тугалланган (реконструкция қилинган) объектни фойдаланишга қабул қилиш, кўчмас мулк объектларга бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳамда объектларни қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилишга рухсат бериш хизматини кўрсатиш, тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқариш шулар жумласидандир.
Шунингдек, «Самарқанд сув таъминоти» МЧЖ ва унинг туман (шаҳар) филиаллари, қурилиш ва архитектура идоралари, давлат солиқ идоралари, «Ўзбекэнерго» АЖ, «Ўзтрансгаз» АК, Ички ишлар бўлимлари, туман (шаҳар) ҳокимликлари, молия идоралари, «Ўзтелеком» АКнинг вилоят филиали, Самарқанд вилоят маданий мерос бошқармаси ҳамда шу каби бошқа соҳаларда 1 044 та қонун бузилиш ҳолатлари содир этилган.
Аниқланган ҳолатлар бўйича ваколатли идоралар раҳбарлари номига тақдимнома ва огоҳномалар киритилиб, айбдор шахслар маъмурий ва интизомий жавобгарликка тортилди. Лекин шуни унутмаслик керакки, ҳар бир жавоби кечиккан, кўриб чиқилмаган, асоссиз рад қилинган мурожаатлар ортида кўплаб инсонларнинг тақдири, ечимини кутаётган муаммоси кўндаланг турган бўлиши мумкин. Қонунларга бундай беписандлик эса бугунги ислоҳотларнинг оёғига болта уриш билан тенг, десак муболаға эмас.
Зеро, йилдан-йилга бу борадаги қонун бузилишлари сони ортиб бораётгани шундай хулоса қилишга мажбур қилади. Чунончи 2020 йилда вилоятдаги ваколатли орган ҳисобланган давлат органлари томонидан жами 7 702 та қонун бузилиши содир этилган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 3 279 тага ортгани ҳам фикримизни исботлаб турибди. Энг таажжубланарлиси, мазкур ташкилотлар орасида халқнинг таянчи саналган, одамлар ўз муаммосига ечим излаб борадиган ҳуқуқ тартибот идоралари, ҳокимликларнинг борлигини оқлаб бўлмайди назаримизда.
ДХА Самарқанд вилоят бошқармаси
Ахборот хизмати