Ёшларимиз кўпинча таниқли суҳандонларимиздан ўрнак олади, уларни ўзларига қумир сифатида танлайдилар. Тўғри давлат тили тўғрисидаги маҳсус Қонун бор. Аммо минг афсуски, менинг назаримда ушбу Қонун мавсумий характерга эга бўлиб қолаётгандай. Ўттиз йилдан бери октябрь ойида ушбу сананани байрам сифатида нишонлаймиз, аммо бу эътироф шу кунни ўзида якунга етади. Шу билан тилимизни нишонлаш бўйича тантаналар ҳам тугайди. Юқоридаги ҳолатлар ҳали ҳамон бор экан тилимизга бўлган ҳурмат бизга ҳар куни ўзини эслатиб туришига эҳтиёжимиз бор.
Бундан бир аср олдин, атоқли маърифатпарвар Абдурауф Фитрат «Она тилимиз бой, аммо бахтсиздир» деб таъкидлаган экан. Демак, тилимиз бахтли бўлиши учун бир асрдан буён курашяпмиз. Президентимиз жамиятда ўзбек тили ҳимояси учун қайғурадиган зиёлиларни қўллаб-қувватлаётгани юртимизда 21 октябрь – Ўзбек тили байрами, дея эълон қилинганида ҳам ўз тасдиғини топди. Демак тилимизни асрашга бўлган умидларимиз сўнмайди, курашларимиз давом этади. Эндиликда бу кунни халқимиз умумхалқ байрами сифатида нишонлайди. Бу қарор тилимизнинг мақому мартабасини ошириш бўйича улкан қадам бўлди. Унинг эъзозини, мавқеини яна бир неча поғонага кўтарди.
Айниқса Адлия вазирлиги томонидан муҳокамага қўйилган бирорта давлат ташкилоти иш юритишда давлат тили ҳақидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этмаса, ўша ташкилотнинг мансабдор шахсига жарима солиниши белгиланган қонун лойиҳаси ўз ўрнида қилинган муҳим ташаббус деб қабул қилиниши керак.
Нафақат давлат ташкилотлари, балки юртимизда фаолият юритаётган барча ташкилотлар ҳусусан, ҳусусий телеканаллар, радио ва интернетдаги фаол блогерлар ҳам – ўзбек тили меъёр қоидаларига амал қилиб, унинг иззат-икромини жойига қўймоғи керак.
Биргина ассалому алайкум дейишнинг ҳам ўз жозибаси бор. Агар у тўғри айтилганида тилимизнинг сеҳрини тўла тўккис очиб берар экан.
Навоий, Бобур, Машраб, Чўлпон, Абдулла Қодирий, Абдулла Қаҳҳор сингари буюк сўз усталари ижодида ўз гўзаллиги ва бойлигини кўрсата олган она тилимизнинг жозибасини дунёга тараннум этишда фаол бўлмоғимиз керак.
Она тилим деб бежиз айтилмайди. Тилимизнинг муқаддаслиги онага менгзалади. Онадек муқаддас бўлгани учун ҳам уни асрамоғимиз керак. Ўз тилингни эъзозлаш ҳам ватанпарварликнинг аломатидир! Айниқса ҳар куни жамоат эътиборида бўладиган суҳандонларимиз, фаолият соҳасидан қатьий назар таниқли бўлган ҳар бир шахс она тилига бўлган ҳурматини забонида исботламоғи керак. Умуман олганда ҳар биримиз она тилимиз эъзозини кундалик фаолиятимизга айлантирсаккина, унинг мавқеини оширишга эришамиз.
Камола АБДУВАЛИЕВА,
"Миллий тикланиш" партияси
Андижон вилоят Кенгаши матбуот котиби