Мамлакатимизда давлат тилини ҳаётга тўла жорий этишнинг мазкур ташкилий тузилмаси нафақат Ўзбекистонда, балки халқаро миқёсда ўзига хос ноёб ҳисобланади. Ривожланган давлатлардаги шундай тизим билан қиёсланганда, унинг миллий менталитетимизга мос ва ноёб эканини кўриш мумкин.

Хорижда давлат тили масаласи ўрганилганда, Франциядаги тил сиёсати эътиборни тортади. Француз ҳукумати француз тилининг нафақат мамлакатда, балки халқаро миқёсда кенг қўлланиши ва ривожланишига алоҳида  эътибор қаратмоқда. 1992 йили Франция конституциясида француз тили давлат тили деб белгиланди. 1994 йил 4 августда Франция маданият вазири Жак Тубон ташаббуси билан “Тубон қонуни” қабул қилинди.

Француз ҳукуматининг француз тилининг давлат тили ва халқаро миқёсда кенг қўлланишига ҳаракат қилишига асосий сабаб шундаки, жаҳон майдонида, ҳатто Франциянинг ўзида ҳам инглиз тилининг ўрни, унда сўзлашувчилар сони ортиб бормоқда. Шу боис, Франция француз тилининг ривожи учун астойдил интилмоқда.

Умуман, бугунги кунда ҳудудида бошқа тиллар билан рақобат кучайган мамлакатлар ўз миллий тили ривожи йўлида қатъий чора-тадбирлар кўрмоқда. Айнан шу жиҳатдан Ўзбекистонда давлат тилини ҳаётга тўла жорий этишнинг янги маъмурий-ташкилий тизими жуда мақбул институционал тузилма ҳисобланади.

Хўш, юртимизда давлат тилини ҳаётга жорий этиш бўйича ушбу янги тизимнинг самарадорлиги  қандай? Бу соҳада қандай камчилик ва муаммолар мавжуд?

Мамлакатимизда давлат органларида давлат тилини ривожлантириш бўйича маслаҳатчи лавозими жорий этилди. Улар томонидан давлат идоралари фаолиятида давлат тилида иш юритиш, давлат тилининг ўрни ва ролини ошириш юзасидан бирмунча ишлар олиб бориляпти. Лекин соҳадаги асосий муаммо шундаки, айрим корхона ва муассасалардаги маслаҳатчилар техник ишлар — таҳрир ва таржима қилиш билан чекланяпти, холос. Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 январдаги “Мамлакатда давлат тилида иш юритишни самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, вазирлик ва идораларда маслаҳатчига ўринсиз техник ва иккиламчи ишлар (таҳрир ва таржима) ни юклаш тақиқланди.

Шу боис, айрим маслаҳатчилар ўзларининг асосий вазифаларини унутиб қўйди. Жумладан, давлат тилига оид қонун ҳужжатлари ҳамда дастурлар ижросини ташкил этиш, давлат тилига оид қонун ҳужжатларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш ва уни танқидий ўрганиш, бу борада аниқланган муаммоларни бартараф этиш чораларини кўриш, давлат тилини ривожлантиришга оид қонун ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этиш, ўз ҳудудларидаги барча ташқи ёзувлар, жумладан, лавҳалар, эълонлар, реклама ва кўргазмали бошқа ахборот матнлари, ташқи реклама материалларининг давлат тили ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлишини таъминлаш каби ишлар жуда суст бажарилмоқда.

Шуни инобатга олган ҳолда, Адлия вазирлиги шу йил 28 сентябрда барча вазирлик ва идораларга топшириқ хати юборди. Унда барча раҳбар, маслаҳатчилар, юридик хизмат мутахассислари давлат тили масаласига алоҳида эътибор қаратиши, айниқса, давлат тилида иш юритишга эътиборли бўлиши эслатилади.

Назаримизда, давлат тилининг ижтимоий ҳаётда ва давлат органлари фаолиятида самарадорлигини янада ошириш учун қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратиш керак.

Биринчидан, давлат ва жамият ҳаётини эркинлаштириш сиёсатидан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистонда давлат тилини ҳаётга жорий этиш тизимининг зўриқишларсиз, кучли босимларсиз, эркин ишлайдиган ижро механизмини йўлга қўйишга эришиш лозим.

Бунинг учун ҳар бир жамият аъзосининг, айниқса, раҳбар кадрларнинг давлат тили борасидаги ижтимоийсиёсий, ҳуқуқий, маънавий онгини янада  юксалтириш лозим. Улар ҳозирги глобаллашув шароитида дунёдаги тил сиёсати, шундан келиб чиққан ҳолда, она тилимизнинг бугунги ва келажакдаги аҳволи, дунё тиллари орасида тутган ўрни ва роли кабилардан хабардор бўлиши зарур. Токи, ҳар бир фуқаро, айниқса, давлат органлари раҳбарлари давлат тили сиёсатини миллатнинг келажаги сифатида ўз фаолиятининг асосий вазифаси сифатида тушунсин. Айрим раҳбарлардаги “мен иш фаолиятимда, биринчи навбатда, ўзимнинг тўғридан-тўғри асосий функционал вазифаларимни бажаришим керак, тил ва давлат тили масаласи иккиламчи”, деган дунёқарашни ўзгартириш зарур.

Иккинчидан, улардаги бундай  дунё қарашни ўзгартириш учун раҳбар кадрлар малакасини ошириш тизимида, хусусан, Давлат бошқаруви академияси, Юристлар малакасини ошириш маркази, Бош прокуратура академияси каби тизимларда дунёда кечаётган тил сиёсатига оид билимлар берилишини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ.

Учинчидан, бу масалаларни тўла ва атрофлича ўрганиш, давлатнинг бу соҳадаги истиқболли стратегияларини янада такомиллаштириш учун айнан шу йўналишдаги фундаментал илмий тадқиқот ишларига алоҳида эътибор бериш лозим. Бунинг учун шу соҳада фаолият юритувчи илмий, сиёсий, ҳуқуқий тадқиқот муассасалари, олий ўқув юрти олимлари, айниқса, Сиёсий ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти, Давлат ва ҳуқуқ институти, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети олимлари халқаро ва миллий тил сиёсати ва назарияси каби масалаларни янада чуқурроқ ўрганишлари зарур. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси, Инновацион ривожланиш вазирлиги эса бундай илмий тадқиқот ишларига устувор соҳа сифатида қараши мақсадга мувофиқ.

Тўртинчидан, давлат органлари раҳбарларининг ижтимоий-сиёсий, маънавий дунёқарашини ривожлантириш баробарида, давлат тили маслаҳатчилари билан бирга, уларнинг давлат тилига оид қонунчиликка риоя қилиш масъулиятини янада ошириш лозим. Токи, улар мазкур масалани ўзларининг асосий функционал вазифаси сифатида қабул қилсин. Бунинг учун уларнинг айнан шу масала бўйича фаолияти ҳар чоракда бир марта юқори турувчи идора кенгашида муҳокама қилиниши, танқидий ўрганилиши, йўл қўйилган камчиликлар аниқланиши ва уларни тузатиш юзасидан муддатлар белгиланиши, мутахассислар томонидан аниқ таклиф ва тавсиялар берилиши мақсадга мувофиқ.

Бешинчидан, давлат тили бўйича маслаҳатчиларнинг малакасини янада ошириш, улар фаолиятининг самарадорлигини ошириш учун методик қўлланмалар, давлат тилида ҳужжат юритиш ва уни расмийлаштириш, ҳужжатларни юридик ва лингвистик жиҳатдан таҳлил қилишга оид ўқув қўлланмалар ишлаб чиқиш лозим.

Олтинчидан, бугунги кунда давлат тили маслаҳатчиси лавозимига асосан, ўзбек филологияси ва журналистика факультетини тугатган ходимлар ишга қабул қилинмоқда. Назаримизда, давлат тили маслаҳатчиси лавозимига ишга олинаётган шахс нафақат филологик, балки юридик ва сиёсий билимларга ҳам эга бўлиши зарур. Шунинг учун олий ўқув юртларида махсус давлат органларида давлат тилини жорий этиш бўйича мутахассис кадрлар тайёрлаш, уларга нафақат филологик балки сиёсий билим ўргатиш мақсадга мувофиқ.

Умуман олганда, давлат тилини жорий этиш тизимининг ўзини ҳам тадқиқ этиш, бу соҳадаги халқаро тажрибани ўрганиш, муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш юзасидан асосли хулоса ва амалий тавсиялар бериш олимларимиз олдида турган долзарб вазифадир.

Шуҳрат КЎЧИМОВ,

Тошкент давлат юридик университети профессори,

филология фанлари доктори