Лекин шуниси аниқки, улар барча соҳада, хусусан, таълимда тизимли ўзгаришларни бошлаб бермоқда. Масалан, ўқитиш жа­раёнининг индивидуаллашиши, ўқув нати­жаларини тезкор таҳлил қилиш имконияти кенгайиши, ўқувчи билим ва кўникмаларини автоматик баҳолаш механизмлари яратили­ши айнан сунъий интеллект билан боғлиқ. Бу эса анъанавий “оммавий ўқитиш” модели­дан шахсга йўналтирилган, мослашувчан ва натижага қаратилган таълим тизимига ўтиш учун мустаҳкам замин яратяпти.

Жаҳон миқёсида кузатилаётган глобал тенденциялар таълим муассасаларида ра­қамли трансформация жараёни жадал ке­чаётганини кўрсатмоқда. Бироқ ҳозирги давр фақат янги технологияларни жорий этиш би­лан чекланиб қолмайди. Педагоглар олдига касбини мустаҳкамлаб бориш, эртанги таъ­лим йўлида кўникмалар ҳосил қилиш каби вазифаларни қўймоқда. Чунки технология ўз-ўзидан таълим сифатини кафолатламайди. Унинг самараси, аввало, педагогнинг билим даражаси, тайёргарлиги ва онгли қўллаш маданиятига боғлиқ. Шубҳасиз, бунда педа­гогнинг сунъий интеллект саводхонлиги му­ҳим аҳамият касб этади. Сунъий интеллект саводхонлиги эса педагогнинг бундай техно­логияларни фақат техник жиҳатдан билиши эмас, балки уларни англаш, ишлатиш, таҳлил қилиш ва таълим жараёнига интеграция қила олиш каби қобилиятига таянади.

Қайд этганимиздек, ҳозир сунъий ин­теллект таълим жараёнининг деярли барча бўғинига кириб борди. Баҳолаш тизимлари такомиллаштириляпти. Талабаларнинг ўқув фаолияти реал вақт режимида таҳлил этилиб, индивидуал таълим йўллари шаклланмоқда. Рақамли ўқув контентини яратиш жараёни тезлашяпти. Бу жараёнда энг муҳим ўзга­риш технологияларда эмас, балки педагог­нинг ўзида намоён бўлмоқда. Энди ўқитувчи фақат билим берувчи эмас, балки таҳлилчи, рақамли таълим жараёнларини бошқарувчи, сунъий интеллект воситаларидан самарали фойдалана оладиган методист ҳамда тала­банинг технологиялардан тўғри, онгли ва масъулиятли фойдаланишини таъминловчи ментор сифатида майдонга чиқмоқда. Шу маънода, сунъий интеллект педагог учун таҳ­дид эмас, балки унинг касбий имкониятлари­ни кенгайтирувчи кучли воситадир.

Сунъий интеллект саводхонлиги педа­гогнинг профессионал самарадорлигини сезиларли даражада оширади. Дарс режала­рини ишлаб чиқиш, ўқув материалларини тайёрлаш, тест ва назорат ишларини таҳлил қилиш, таълим натижаларини мониторинг қилиш каби маъмурий ва методик жараёнлар рақамлаштирилиши профессор-ўқитувчи­ларнинг вақтини тежайди. Натижада педагог илмий тадқиқот ишларига, инновацион педа­гогик ёндашувларни жорий этиш ҳамда та­лабалар билан мазмунли мулоқот ўрнатишга кўпроқ эътибор қаратади.

Шу билан бирга, сунъий интеллект са­водхонлиги талабалар билан ўзаро алоқани сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқади. СИ асосидаги таҳлил воситалари орқали та­лабаларнинг қийинчиликлари ва эҳтиёжлари ўз вақтида аниқланиб, уларга индивидуал педагогик ёрдам кўрсатиш имконияти пайдо бўлади. Бу эса талабаларнинг ўқув мотива­циясини ошириш, мустақил таълимга қизи­қишини кучайтириш ва таълим жараёнида фаол иштирокини таъминлайди.

Сунъий интеллектни таълимга тизимли ва стратегик асосда жорий этган давлатлар кам эмас. Мисол учун, АҚШ, Жанубий Ко­рея, Сингапур, Буюк Британия ва Хитой таълим сиёсатида сунъий интеллект устувор йўналиш сифатида белгилаб олинган. Ушбу давлатлар тажрибаси СИ технологиялари таълим сифатини ошириши, педагогик меҳ­нат самарадорлигини таъминлаши ва инсон капиталини ривожлантириши мумкинлигини амалда исботлаб бермоқда. Айниқса, етакчи университетлар мисолида сунъий интеллект таълимини ташкил этишнинг турли, аммо ўзаро тўлдирувчи моделлари шаклланганини кўриш мумкин. Масалан, АҚШнинг Кали­форния университетида сунъий интеллект дастурлари информатика билан чекланиб қолмайди. Тиббиёт, биомуҳандислик, иқ­тисодиёт ва ижтимоий фанлар билан чуқур интеграция қилинган ҳолда амалга оширила­ди. Бу ёндашув СИни алоҳида фан сифатида эмас, балки турли соҳаларда қўлланиладиган универсал инструмент сифатида ўзлаштириш имконини беради. Талабаларда амалий ва со­ҳавий компетенцияларни шакллантиради.

Буюк Британиянинг Кембриж университе­ти тажрибасида эса СИ фундаментал тайёр­гарлик ва илмий тадқиқотга йўналтирилгани билан ажралиб туради. Бу ерда чуқур назарий билимлар, алгоритмик тафаккур ва мустақил илмий изланиш кўникмаларини шаклланти­ришга алоҳида эътибор қаратилади. Натижа­да битирувчилар мавжуд технологиялардан унумли фойдаланиш баробарида янги илмий ғоялар ва инновацион ечимлар ярата олади­ган мутахассислар сифатида тайёрланади.

Хитойнинг Фудан университетида сунъий интеллект таълими давлат сиёсати, миллий рақамли трансформация стратегияси ва са­ноат эҳтиёжлари билан узвий боғланган ҳол­да ташкил этилган. Бу модель таълим, фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаб, меҳнат бозори талабларига мос, амалий кўникмаларга эга кадрлар тайёр­лашга хизмат қилмоқда.

Халқаро таҳлил натижаларига кўра, сунъий интеллектдан фойдаланиш ўқи­тувчиларнинг маъмурий ва такрорланувчи ишларга сарфлайдиган вақтини ўртача 40 фоизгача қисқартирмоқда. Шу билан бир­га, СИ асосида шакллантирилган адаптив ўқув усуллари талабаларнинг ўзлаштириш самарадорлигини 3 бараваргача оширяп­ти. Айрим илғор университетларда сунъий интеллект нафақат ёрдамчи восита, балки таълимни бошқаришнинг муҳим элемен­ти сифатида ҳам қўлланилмоқда. Хусусан, СИ тизимлари дарс жадвалларини опти­мал тарзда тузиш, талабаларнинг мураккаб мавзуларни ўзлаштириш даражасини, ўқув жараёнида юзага келаётган муаммоларни олдиндан таҳлил қилиш ва ҳар бир талабага индивидуал тавсиялар бериш вазифаларини бажармоқда. Бу эса таълимни бошқаришда инсон омили билан боғлиқ хатоларни камай­тириш ва қарор қабул қилиш сифатини оши­ришга хизмат қилади.

Халқаро тажриба яна бир муҳим хулосани илгари суради: сунъий интеллектга асослан­ган таълим рақамли кўникмаларни ривож­лантириш орқали миллий иқтисодиётга ҳам тўғридан тўғри ижобий таъсир кўрсатади. Таълим тизимида СИдан самарали фойда­ланган мамлакатларда инновацион фикрлай оладиган, рақамли компетенцияларга эга ва меҳнат бозори талабларига мос кадрлар тайёрлаш суръати сезиларли даражада ошган.

Ўзбекистон учун ҳам ушбу тажрибалар­ни механик равишда кўчириш эмас, балки миллий шароит, демографик имкониятлар ва таълим ислоҳотларининг устувор йўналиш­ларидан келиб чиққан ҳолда ўз моделини яратиш мақсадга мувофиқдир. Ёшлар сони кўплиги, уларнинг рақамли технологияларга қизиқиши юқорилиги ва давлат томонидан таълим соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар бунда мустаҳкам пойде­вор яратади. Шу нуқтаи назардан қараганда, халқаро тажрибани чуқур ўрганиш, уни мил­лий таълим сиёсати билан уйғунлаштириш ва педагоглар учун СИ саводхонлигини изчил ривожлантиришга Ўзбекистон олий таълим тизимининг стратегик вазифаларидан бири сифатида қаралиши лозим.

Касбий фаолиятни қувватлайди

Олий таълим тизимида сунъий интел­лект технологияларини босқичма-босқич ва мақсадли жорий этиш жараёни, аввало, пе­дагогларнинг ушбу соҳадаги тайёргарлиги, амалий имкониятларига боғлиқ. Шу боис, Олий таълимни ривожлантириш тадқиқот­лари маркази томонидан рақамли транс­формация жараёнларини ҳисобга олган ҳолда шакллантирилган “Педагоглар учун СИ саводхонлиги модели” методик ёнда­шув сифатида таклиф этилмоқда. Мазкур модель рақамли трансформация шароитида педагогларнинг сунъий интеллектга оид би­лим ва кўникмаларини изчил бойитади, шу билан бирга, уларнинг касбий фаолиятини енгиллаштириб, самарадорлигини оширади.

Модель Ўзбекистон таълим тизимининг реал имкониятлари, мавжуд инфратузилма ва кадрлар салоҳиятини ҳисобга олган ҳол­да ишлаб чиқилган бўлиб, уни жорий этиш босқичма-босқич амалга оширилади. Асо­сий эътибор сунъий интеллектни таълим сифатини ошириш, профессор-ўқитувчилар фаолиятини оптималлаштириш ва талаба­лар учун мослаштирилган таълим муҳитини шакллантиришга хизмат қилувчи педагогик восита сифатида қўллашга қаратилган. Шу билан бирга, модель бундай технологиялар­дан масъулиятли, хавфсиз ва этик фойдала­ниш тамойилларига таянади.

Модель ўзаро боғлиқ тўрт босқичдан иборат. Биринчи босқичда педагоглар сунъ­ий интеллект моҳияти билан таништирилса, иккинчи босқич дарс жараёнида ундан фой­даланишга йўналтирилган. Учинчи босқич эса сунъий интеллектни педагогик жараёнга чуқур киритишни назарда тутса, тўртинчи босқич академик ҳалолликни таъминлаш, шахсий маълумотлар махфийлигини сақлаш, педагогик масъулиятни кучайтириш ҳамда сунъий интеллект билан боғлиқ эҳтимолий хавф-хатарларни бошқариш масалаларини қамраб олади. Айниқса, талабалар СИдан ноқонуний ёки мақсадсиз фойдаланиши ҳо­латларининг олдини олишда педагогнинг ро­лини аниқ белгилаб беради.

Мазкур моделнинг асосий афзаллиги шундаки, у замонавий педагогик фаолиятни қўллаб-қувватлайди. Яъни модель сунъий интеллектни ўқитувчининг ўрнини босувчи восита сифатида эмас, балки унинг касбий салоҳиятини кучайтирувчи, таҳлилий ва ме­тодик имкониятларини кенгайтирувчи ресурс сифатида қарашга асосланади.

Ўзбекистон шароитида ушбу моделни жорий этиш олийгоҳларда сунъий интеллект саводхонлигини тизимли равишда шакллан­тириш, таълим сифатини ошириш ва рақамли жамият талабларига мос педагоглар авлоди­ни тайёрлашда муҳим қадам бўлиши мумкин.

Эътибор қаратиш зарур бўлган жиҳатлар

Бугунги кунда олий таълимда рақамли трансформация, таълим сифатини ошириш, илмий салоҳиятни ривожлантириш ҳамда халқаро стандартларга уйғунлашув жараёни жадал кечмоқда. Бундай шароитда сунъий интеллектдан самарали ва масъулиятли фой­даланиш ўқув даргоҳлари рақобатбардошлиги ва барқарор ривожланишига хизмат қилади. Шу боис, аввало, профессор-ўқитувчилар учун сунъий интеллект бўйича мажбурий ва босқичли малака ошириш дастурларини жо­рий этиш зарур. Ҳар бир педагог йил даво­мида камида 24 соатлик СИ модулидан ўти­ши, бу жараёнда нафақат назарий билимлар, балки амалий кейслар, фанга мос қўлланиш мисоллари ва этик меъёрлар билан танишиши лозим. Бу ўқитувчиларда СИдан фойдаланиш маданиятини шакллантиришга хизмат қилади.

Олий таълим муассасаларида сунъий ин­теллект лабораториялари ва инновацион май­донларни ташкил этиш мақсадга мувофиқ. Бундай лабораториялар талабалар, магистрантлар ва ёш тадқиқотчилар учун амалий тажриба ўтказиш, илмий-амалий лойиҳалар­ни ишлаб чиқиш ҳамда стартап ташаббус­ларни қўллаб-қувватлаш имконини ярата­ди. Айниқса, ҳудудий олийгоҳларда бундай марказларни босқичма-босқич ташкил этиш кадрлар салоҳиятини ҳудудлар кесимида ри­вожлантиришга ёрдам беради.

Таълим жараёнида академик ҳалолликни таъминлаш учун СИ асосидаги мониторинг тизимларини жорий этиш муҳим аҳамиятга эга. Плагиат, сунъий интеллект орқали мус­тақил иш ва назорат топшириқларини ноқо­нуний бажариш каби ҳолатларни аниқлаш ва олдини олиш бўйича аниқ механизмлар иш­лаб чиқилиши лозим. Бу, бир томондан, таъ­лим сифатини муҳофаза қилса, иккинчи то­мондан, талабаларда ҳалоллик ва масъулият ҳиссини шакллантиради.

Сунъий интеллект ёрдамида таълим си­фатини мониторинг қилиш тизимини жорий этиш зарур. Бунда ўқув жараёни, талабалар­нинг фаоллиги, ўзлаштириш даражаси ва таъ­лим натижалари реал вақт режимида таҳлил этилиб, раҳбарият ва педагоглар учун асосли қарорлар қабул қилиш имкони яратилади.

Миллий таълим муҳитини ҳисобга олган ҳолда ўзбек тилида сунъий интеллектга оид ўқув-методик қўлланмаларни ишлаб чиқиш кечиктириб бўлмас вазифадир. Ҳар бир фан ва йўналиш бўйича СИдан фойдаланиш им­кониятларини тушунтирувчи, амалий мисол­лар билан бойитилган методик қўлланмалар педагоглар ва талабалар учун қулай ресурсга айланиши керак. Бу жараёнда миллий қад­риятлар, тил ва маданиятни сақлаш масала­ларига алоҳида эътибор қаратилиши шарт.

Келажак педагогикаси бугундан бошла­нади. Сунъий интеллект эса таълимни ал­маштирувчи технология эмас, педагогнинг касбий салоҳиятини кучайтирувчи, унинг имкониятини кенгайтирувчи самарали во­ситадир. Замонавий билимдонлик белгиси, рақобатбардошлик мезони ва мамлакатнинг интеллектуал тараққиётини белгилаб берувчи муҳим омилдир. Шундай экан, бу борада қан­ча кўп билсак, шунча фойдали. Сунъий интел­лект ўқитувчини маъмурий юкдан озод этади. Ўқувчи-талабани фикрлашга ундаб, шахсий камолоти йўлида ишлашга йўналтиради. На­тижада таълим жараёнида инсон омили, маъ­навий тарбия ва интеллектуал ривожланиш уйғунлашади. Демак, сунъий интеллектни англаган, ундан самарали фойдаланадиган ва уни таълим манфаатлари йўлида тўғри бошқа­ра оладиган педагогларни тайёрлаш бугунги куннинг энг муҳим талабидир.

Абдували ХОЛИҚОВ,

Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари маркази директори