Унда Вена академияси ва Ўзбекистондаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари муҳокама этилди.
Учрашув аввалида Эмиль Брикс Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети фаолиятини такомиллаштириш йўлида амалга оширилган ислоҳотлар ва ўзгаришлар билан атрофлича таништирилар экан, Ўзбекистон Президентининг 2022 йил 23 июлдаги «Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети фаолиятини тизимли ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг мазмун-моҳиятига алоҳида эътибор қаратилди.
Мулоқот чоғида мазкур ҳужжатдан келиб чиққан ҳолда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети дарс жараёнларига Вена Дипломатия академияси ходимларини жалб этиш, шунингдек, университет ўқитувчи-профессорлари малакасини ошириш учун хорижий экспертлар иштирокида маҳорат дарсларини ташкил этиш масаласи кўриб чиқилди.
Ўз навбатида, Эмиль Брикс ўзаро тажриба алмашиш мақсадида Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети вакилларининг ВДАга танишув ташрифини амалга оширишни таклиф қилди.
Шу билан бирга, ўзаро талабалар алмашуви дастурларини йўлга қўйиш орқали Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг бакалавр, магистр ва докторантура йўналишидаги изланувчилари ва мустақил тадқиқотчилар учун Вена Дипломатия академиясида малака оширишлари имкониятини яратиш масаласи ҳам муҳокама этилди.
Маълумот тариқасида қайд этиш жоизки, 1754 йилда ташкил этилган Вена Дипломатия академияси (Diplomatische Akademie Wien) дунёдаги энг кўҳна дипломатия мактаби ҳисобланади. Талабаларни ўқитишнинг асосий йўналишлари – халқаро муносабатлар, сиёсатшунослик, жаҳон иқтисодиёти, тарих, шунингдек, халқаро ҳуқуқ ва Европа Иттифоқи ҳуқуқи. Таълим сифати ва даражасини ҳисобга олган ҳолда академия битирувчилари ҳеч қандай танловсиз Австрия Республикаси Европа ва ташқи ишлар вазирлигига ишга қабул қилинади.
Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли соҳаларда ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олдилар, деб хабар беради «Дунё» АА.