Шундай бўлса-да, истиқболини кўзлаган корхона раҳбари меҳнат бозоридан бугунги кун талабларига жавоб берадиган мутахассисларни саралаб олади. Уларнинг қобилиятларини юзага чиқаришларига имкон беради. Ўрни келганда, бу борада олий таълим муассасалари билан кенг ҳамкорликни йўлга қўяди. Демак, олийгоҳлар ҳам ана шу ҳамжиҳатликка елкама-елка тура оладиган бўлиши лозим.
Президентимиз раислигида олий ўқув юртлари битирувчилари бандлигини таъминлаш масалаларига бағишланган йиғилишда бу йўналишдаги асосий вазифалар белгилаб берилди.
Ишонч — масъулият демак
Йиғилишда битирувчилар бандлигини таъминлаш ечимлари кўрсатиб берилди. Бу фақат олийгоҳлар муаммоси эмас. Шунинг учун Президентимиз томонидан олий таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги интеграцияни янада мустаҳкамлаш, ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган муҳим таклифлар билдирилди. Масалан, энди қиймати 1 миллион доллардан, ишчилар сони 50 нафардан кўп бўлган лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асосида соҳалар ва йўналишлар кесимида мутахассисларга эҳтиёж кўрсатилади. Бу орқали масъул вазир ва тармоқ раҳбари олий ўқув юртига буюртма жойлаштириб, кадрларни мақсадли тайёрлашни йўлга қўяди. Яна бир ҳолат. Энди битирувчини ишга олганлик учун тадбиркорлик рейтингида қўшимча балл берилади. Олий таълим муассасаси уларни бўш ўрин бор корхонага йўналтиради ва бу ўз самарасини бериши шубҳасиз.
Бу механизм, биринчи навбатда, олий таълим муассасалари жамоаси масъулиятини оширади. Сон эмас, балки сифатга талаб кучаяди. Сабаби, Президентимиз томонидан ректорлар ваколати ва масъулиятини оширишда Янги Ўзбекистон университетининг баҳолаш тизимини бошқа муассасаларда ҳам йўлга қўйиш таклифи билдирилди. Хўш, бу қандай тизим? Бунда ректорларнинг ишига 4 мезон асосида баҳо берилади. Давлатимиз раҳбари ушбу тизимни Қарши давлат техника университети мисолида тушунтириб берди. Демак, олий ўқув юртига битирувчилар бандлигига қараб 40 балл, илмий тадқиқотлар учун тармоқ буюртмаси ва маҳсулотини сотишига қараб 30 балл, илмий салоҳияти ва тан олинган халқаро журналлардаги мақолалари учун 20 балл, жалб қилинган маҳаллий ва хорижий грант учун 10 баллгача берилади. Ушбу балларга қараб, юқори натижа кўрсатганлар давлат маблағлари ҳисобидан рағбатлантирилади, “ишламаган”лар, яъни кам балл олганлар эса жарима тўлайди.
Янги тизим олийгоҳлар ўртасидаги соғлом рақобатни кучайтиради, масъулиятни ошириб, изланувчанликка ундайди. Шу боис, энди барча олий таълим муассасалари ташкилий ва академик мустақил бўлади. Бу нима, дегани? Эндиликда ректорлар ўринбосарларини ўзи тайинлайди, белгиланган миқдор доирасида профессор-ўқитувчилар ва бошқарув ходимларини тақсимлайди. “Супер контракт” миқдорини табақалашган ҳолда белгилаш ваколати ҳам берилади. Демак, энди раҳбарият ва ўқитувчилар ҳам “чертиб-чертиб” ишга олинади. Шундан келиб чиқиб, Янги Ўзбекистон университетида “Ректорлар мактаби” дастури орқали ректор ва проректорликка номзодлар мақсадли тайёрланади.
Селекция — талабаликка йўл
Талабаларимиз тўлиқ ишли бўлишига эришмоқчи бўлсак, кўпроқ билимли ёшларни ўқишга қабул қилишимиз лозим. Яъни селекциямиз яхши бўлиши керак. Масалан, университетимиз таркибида 3 та академик лицей бор. Биз уларнинг ўтган йилги кўрсаткичларини таҳлил қилдик. Академик лицейларимиз битирувчиларининг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсаткичлари 96 фоиз атрофида. Бу – яхши. Лекин уларнинг университетимиз талабаси бўлганлари 25 фоиз, холос.
Таҳлиллар бизни мушоҳада юритишга, муаммо ечимини излашга ундади. Бунинг учун, биринчи навбатда, ҳар бир лицейда сўровномалар орқали ўқувчиларнинг қизиқиши, мақсади, дунёқараши, савияси ўрганиб чиқилади. Шунга қараб ўзлари севган, қизиққан соҳа объектларига экскурциялар, қисқа муддатли амалиётлар ташкил этилади. Вилоятимиздаги Шўртан газ-кимё мажмуаси, Uzbekistan GTL ва шу каби йирик саноат корхоналари раҳбарлари бу ташаббусимизни маъқуллашди. Бу саёҳатлар орқали ўқувчиларда университет ва корхона ўртасидаги ҳамкорлик ҳақида тасаввур шаклланади, билим олишга интилиш ортади, олийгоҳимизда ўқишга бўлган иштиёқ кучаяди, деган умиддамиз.
Тарғибот ва ташвиқот ишларини янада кучайтириш лозим. Буни фақат қабул жараёни давридагина амалга ошириш билан кифояланиб бўлмайди. Жорий йилда мактабларда кўплаб учрашувларни ташкил қилдик, маълумотномалар тарқатдик, университетимизни кенг тарғиб қилдик. Энди янги, таъсирчан механизмлар устида бош қотиряпмиз. Бундан бу ёғига олий таълим муассасалари мавқеи уларнинг номи билан эмас, балки талабаларининг ўқишни тугатганидан кейинги тақдири, ишга жойлашиш борасидаги кўрсаткичлари билан белгиланади.
Бугун – амалиётчи, эртага – ходим
Битирувчилар бандлигини таъминлашда талабаларни биринчи курсдаёқ соҳалар кесимида ишлаб чиқаришга бириктириш амалиётини қўллаймиз. Олийгоҳни тамомлаган талабанинг дипломни олар-олмас иши тайин бўлса, у тўрт йил давомида шунга қараб ҳаракат қилади. Ўз устида ишлайди. Амалиётни ҳам ўқиш-ўрганишга айлантиради. Изланишдан тўхтамайди.
Президентимиз томонидан илгари сурилган янги тизим дуал таълимнинг янада сифатли, олийгоҳ ва корхона ўртасидаги интеграциянинг тобора мустаҳкам бўлишини тақозо этади. Президентимизнинг 2022 йил 7 июлдаги “Нефть ва газ соҳасида таълим-ишлаб чиқариш кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги муҳим дастуруламал бўлди. Бу қарор олий таълим, фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги интеграциянинг янги даврини бошлаб берди. Унинг ҳуқуқий асослари ишлаб чиқилди. Ёш олимларнинг нуфузли корхоналардаги замонавий лабораторияларда илмий тадқиқот ва тажриба-синов ишларини олиб боришлари учун кенг имконият яратилди. Талабаларнинг амалиёти сифатли ташкил этилиб, корхоналар учун малакали кадрлар захираси шакллантирила бошланди. Бунинг натижасида нефть ва газ соҳасидаги таълим-ишлаб чиқариш кластерининг таркибига кирувчи корхоналарда, жумладан Шўртан газ-кимё мажмуаси, Uzbekistan GTL, Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасида ҳар йили университетнинг 700 нафардан ортиқ талабалари амалиёт ўтади, 40 нафардан ортиқ иқтидорли талабалар корхоналар стипендиясини олди, 100 дан ортиқ битирувчилар иш билан таъминланди.
Университет ва “Шўртан газ-кимё мажмуаси” МЧЖ ҳамкорлигида “Газ-кимё ва энергетика” илғор муҳандислик мактаби ташкил этилган бўлиб, “тармоқ – корхона – олийгоҳ” тамойили йўлга қўйилди. Бу мактаб соҳада кадрлар тайёрлаш борасидаги ишларнинг муҳим тизимига айланди.
Маълумки, илғор муҳандислик мактабининг асосий мақсади саноат ҳамкорлари эҳтиёжлари ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш талабларини ҳисобга олган ҳолда, нафақат юқори технологияли ва кўп тармоқли технологияларни ўзлаштиришга қодир бўлган, балки креатив фикрлайдиган, рационализаторлик таклифларини ишлаб чиқадиган “муҳандис-тадқиқотчи” малакасига эга янги авлод кадрларини тайёрлашга қаратилган.
Ана шу мақсаддан келиб чиқиб, мактабнинг ўқув-услубий таъминоти жаҳондаги етакчи 300 университет, жумладан Малайзиянинг Петронас технологиялар университети, Дрезден техника университети (Германия), Томск политехника университети (Россия)нинг чуқурлаштирилган модулли ўқув дастурлари, ўқув режалари, хорижда чоп этилган дарслик ва ўқув қўлланмалар, илғор педагогик технологиялар асосида шакллантирилди.
Ҳозирда 1-босқич магистрларидан 23 нафари илғор муҳандислик мактабига танлов асосида олинган бўлиб, нефть ва газни қайта ишлаш технологияси, электр таъминоти ва кимёвий технология бўйича мутахассислар тайёрланади.
Таълимнинг ҳам университетда, ҳам корхонада олиб борилаётгани магистрлар учун амалиёт имкониятлари ва таълим сифати ошишига ҳамда малакали мутахассис бўлиб етишишига имкон яратмоқда. Қолаверса, улар илмий тадқиқот ишларини бевосита заводнинг ўзидаги лабораторияларда олиб бораяпти. 2025–2026 йилларда 20 дан ортиқ магистрлик ва 3 та докторлик диссертациялари ҳимоя қилинади, 2 та инновацион ишланма ишлаб чиқаришга жорий этилмоқда. Шўртан газ-кимё мажмуаси ва университет олимлари ҳаммуаллифлигида 2 та илмий ихтирога талабнома топширилади. 10 дан ортиқ мавзуларда илмий технологик муаммоларнинг муҳандислик ечимлари ишлаб чиқилмоқда.
Шу ўринда нефть ва газ соҳасида таълим кластери жорий этилиши самарали натижалар берганини инобатга олиб, бошқа устувор муҳандислик йўналишларида, жумладан, энергетика, геология, машинасозлик каби соҳаларда ҳам таълим-ишлаб чиқариш кластерларини ташкил этиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз. Бу орқали муҳандис кадрларни мақсадли тайёрлаш кўлами янада кенгаяди.
Ҳамкорликнинг аҳамияти нимада кўринади? Биринчи навбатда, университет ва корхоналар ўртасидаги ҳамкорлик амалий натижаларга қаратилди, мақсад ва режалар якдиллашди. Йирик корхоналардаги айрим муаммолар ечими баҳамжиҳат ҳал этила бошлади. Масалан, ана шундай лойиҳалардан 5 таси амалга оширилиши билан университетимизнинг хўжалик шартномалари бажарилмоқда. Корхоналарнинг 5 нафар мутахассиси олимларимиз билан биргаликда шу лойиҳалар асосида тадқиқот ишларини олиб бориб, илмий даражага эга бўлаяпти. Энди бундай мутахассислар бизнинг талабаларимизга дарс ўтадилар. Бу таълим сифатини янада яхшилашга, талабаларнинг эртага ўзлари меҳнат қиладиган заводлар ҳақидаги тасаввури, билим ва тажрибаси ортишига хизмат қилади.
Ғоялар фабрикаси
Университетимизда муҳандислик соҳасида ёш олимлар ва талабаларнинг бизнесга йўналтирилган инновацион ғояларини бозорга тайёр маҳсулот сифатида етказиш, тадқиқотчилар ишланмалари, лойиҳаларининг тажриба нусхалари ҳамда прототипларини яратиш ва синовдан ўтказиш мақсадида “Устахона-Fablab”, 3D-лойиҳалаш ва моделлаштириш ҳамда кичик ишлаб чиқариш цехлари ташкил этилаётир.
Вилоятдаги илмий-техник лойиҳаларни бошқариш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлайдиган корхоналар билан ўзаро самарали ҳамкорлик ўрнатилади ва илмий-инновацион ишланмаларни тижоратлаштириш амалга оширилади. Бунинг учун университетимизда янги бино қурилди, ҳозир жиҳозлаш чоралари кўрилмоқда.
Яқинда АҚШнинг Массачусетс университетида таҳсил олган хорижий экспертлар иштирокида “Fablab” бўйича концепция ишлаб чиқилиб, иш берувчилар талаблари асосида 4 та йўналиш белгилаб олинди. Бунда ҳам бош ғоя талабаларнинг интилишларини юзага чиқариш ва уларнинг бандлигини таъминлаш.
Бундан ташқари, университет қошида энергетика соҳаси учун сунъий интеллект ва рақамлаштириш, инжиниринг, ишлаб чиқариш муаммолари ечимига қаратилган илмий-инновацион ишланмаларни яратиш ва тижоратлаштириш йўналишида илмий-амалий фаолият олиб борадиган “Яшил энергетика ва интеллектуал энергетик тизимлар” илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш мўлжалланган.
Кафолатли диплом – мақбул таклиф
Олийгоҳлар мавқеи ҳақида сўз юритганда, биринчи навбатда, уларнинг илмий салоҳияти, таълим сифати, моддий-техник базасига эътибор қаратамиз. Амалда ҳам шундай. Шунинг учун ҳам университетимизнинг фан дастурлари ва ўқув режалари дунёнинг ТОП-300 талик рўйхатидаги университетлар ўқув режаларига мосланмоқда. Чет элдан мутахассислар жалб қиляпмиз. Бугунги мутахассис, аввало, хорижий тилларни яхши билиши, ўз соҳасига оид дастурлар бўйича тажрибага эга бўлиши лозим. Энг асосийси, битирувчининг дипломи кафолатли бўлиши зарур.
Кузатишларимиздан шу нарса аён бўлдики, бугунги кунда халқаро меҳнат бозорида муҳандис кадрларга бўлган талаб ошиб бормоқда. Хусусан, 2024 йилда АҚШда 600 минг, Германияда 150 минг, Буюк Британияда 40 мингдан зиёд мутахассисга эҳтиёж бўлган.
Бизнинг муҳандис талабалар хорижда осон иш топиши учун, аввало, уларга замонга мос таълим беришимиз, шунингдек, асосий таълим йўналишларини халқаро аккредитациядан ўтказишимиз керак бўлади. Бугунги кунда университетнинг 3 та магистратура мутахассисликлари ва 2 та бакалавриат таълим йўналишларини халқаро аккредитациядан ўтказиш бўйича Германиянинг ASIIN халқаро аккредитация ташкилоти билан шартнома имзоланди.
Биз бу йил 3 та магистратура ва 2 бакалавр таълим йўналишларини Германиянинг ASIIN компаниясида халқаро аккредитациядан ўтказиш бўйича шартнома имзоладик. Бу нима беради? Эртага талабанинг дипломига қўшиб халқаро аккредитация сертификатини ҳам берамиз. Демак, битирувчининг қўлида университет дипломи, муҳандисликка оид халқаро сертификат, тил билиш бўйича яна бир сертификати бўлса, у ишсиз қолмайди. Нафақат Ўзбекистонда, балки чет элда ҳам ўзига муносиб, сердаромад ишни осон топа олади.
Кадрлар тайёрлашда ўқитувчиларнинг ҳам амалий кўникмаси юқори бўлиши керак. Шунга кўра университетда, энг аввало, Қашқадарёдаги йирик ишлаб чиқариш корхоналарида ўқитувчилар стажировкасини ташкил этяпмиз. 2025 йилда 120 нафар ўқитувчининг хорижда малака оширишини ташкил этяпмиз. Хитой билан ҳамкорликни кенгайтириб, улар билан стажировка дастурларини келишган ҳолда ўқитувчиларни 10-15 нафардан гуруҳ шаклида юборишни режалаштирганмиз.
Келажакка қўйилган қадам
Талаба биздан кетгани унинг тақдири зиммамиздан соқит бўлди, дегани эмас. Тўғри, битирувчиларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашиш маҳаллалардаги ёшлар етакчиларининг асосий вазифаси ҳисобланади. Шунинг учун биз улар билан тўғридан тўғри ҳамкорлик ўрнатиб, биргаликда ҳаракат қилмоқчимиз. Айтиш мумкинки, талабани ишли қилиш учун бор имкониятимизни ишга соламиз.
Ҳозир ёшлар бандлигини таъминлаш барча мутасаддиларнинг асосий вазифасига айланган. Қашқадарё вилояти ҳокимлиги томонидан ишга жойлашиш қийин бўлган соҳалар танлаб олиниб, ўрганилиб, ёшларга амалий ёрдам бериш чоралари кўрилмоқда.
Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган “Келажакка қадам” дастури ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, оиласи иқтисодини юксалтириш борасидаги мақсадларини рўёбга чиқаришга қаратилганлиги билан аҳамиятли бўлди. Биргина университетимиз мисолида айтадиган бўлсак, шу кунга қадар 78 нафар талабамизга 2 миллиард 492 миллион сўм миқдорида кредит берилди.
Талабалар бандлигини таъминлашнинг яна бир омили – уларнинг тил билиш даражасини ошириш. Фан дастурларини ўзгартириш баробарида чет элдан келтирилаётган янги адабиётларни ўрганиш, таржима қилиш, амалиётга жорий этиш масаласи бор. Ана шунда гап яна тил билиш даражасига бориб тақалади. Тил курсларини ташкил этиш ва мутахассислик фанларини инглиз тилида олиб бориш лозим бўлади. Биз масофавий таълимни йўлга қўяяпмиз. Хориждан талаба жалб қилиш режаларимиз бор. Бунинг учун чет тилларини биладиган ўқитувчилар ва ўқувчиларга эҳтиёж яна ортади.
Бир сўз билан айтганда, янгича ишлаш мавриди келди. Саъй-ҳаракатимимиз талабаларнинг келажагини белгилаб беришга қаратилади. Ахир “Болаларнинг бегонаси бўлмайди” дейдилар. Ишимизни ана шу тамойил асосида ташкил этишимизга тўғри келади. Биз учун талабанинг тақдири ҳар нарсадан устун бўлмоғи керак.
Шерзод НЕЪМАТОВ,
физика-математика фанлари доктори, профессор