Илм маркази сифатида шуҳрат қозонаётган ватанимиз дунёдаги энг нуфузли интеллектуал мусобақалардан бири — 58-халқаро кимё олимпиадасига мезбонлик қилди. Мазкур олимпиада Ўзбекистонда ва умуман, Марказий Осиёда илк бор ташкил этилди.
Халқаро кимё олимпиадаси (IChO) кимё фанини ўрганаётган ўрта мактаб ўқувчилари учун энг нуфузли йиллик мусобақадир.
1968 йилда илк бор Прага шаҳрида ташкил этилган олимпиадада бор-йўғи 3 та давлатдан ўқувчилар иштирок этган бўлса, бу галги олимпиада 90 дан ортиқ мамлакатни қамраб олди ва дунёнинг энг иқтидорли ёш кимё мутахассисларини бирлаштирди. Ўзбекистон эса 2003 йилдан буён мазкур нуфузли мусобақада иштирок этади.
Ҳар йили дунёнинг етакчи давлатларидан энг иқтидорли ўқувчилар мазкур мусобақада назарий билим ва лаборатория кўникмаларини халқаро стандартлар асосида синовдан ўтказади.
Бугунги кунда IChO нафақат билимлар беллашуви, балки илмий ҳамкорликни ривожлантириш, турли мамлакатлар ёшлари ўртасида дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда келажак олимларини бирлаштирувчи нуфузли халқаро платформа сифатида эътироф этилмоқда.
Олимпиаданинг бу йил мамлакатимизда ўтказилишида алоҳида маъно бор. Кейинги йилларда таълимга берилаётган эътибор, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларни халқаро фан олимпиадаларига тизимли тайёрлаш ва замонавий таълим муҳитини шакллантириш йўлидаги кенг кўламли ислоҳотлар бугун дунё ҳамжамияти эътибори марказида. Турли минтақавий ва халқаро олимпиадаларда юқори ўринларни қайд этиб, юртимиз шаънини кўтараётган иқтидорли ўғил-қизларнинг ютуқлари дунё таълими саҳнасида муносиб эътироф этилаётир.
Бунда Президентимизнинг 2024 йил 30 сентябрдаги “Иқтидорли ёшлар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан ташкил этилган Фан олимпиадалари марказининг ўрни алоҳида. Мазкур марказ фаолияти доирасида халқаро стандартлар асосида фан олимпиадаларига тайёргарлик тизими йўлга қўйилди. Хорижлик мураббий ва экспертлар жалб қилинди, терма жамоалар учун интенсив ўқув йиғинлари ташкил этилди, замонавий лабораториялар ва илмий-методик база шакллантирилди.
Бу нуфузли фан олимпиадаларининг юртимизда ташкил этилиши учун зарур шарт-шароит ҳозирлади. Кенг имконият, замонавий шарт-шароит ва юқори даражадаги ташкилий ишлар мамлакатимиз нуфузли халқаро кимё олимпиадасига мезбонлик қилишига имконият яратди.
Олимпиадага тайёргарлик 2024 йилдан изчил бошланди. Жумладан, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликларида ўтказилган 56- ва 57-IChO тажрибаси ўрганилди. IChO 2026 расмий логотипи ва веб-сайти ишлаб чиқилди. Делегациялар билан ишлаш учун махсус ахборот платформаси яратилди. Назарий ва амалий топшириқларни тайёрлаш учун халқаро илмий қўмита шакллантирилди, лабораториялар халқаро стандартларга мос жиҳозланди. Реагентлар ва замонавий лаборатория ускуналари харид қилинди.
Илмий қўмита таркибига Гарвард университети (АҚШ), Билкент университети (Туркия), ETH Zurich (Швейцария), М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университети ҳамда Прага кимё ва технология университети каби дунёнинг етакчи илмий марказлари вакиллари жалб этилди.
Пойтахтимиз мезбонлик қилган 58-халқаро кимё олимпиадаси дунёнинг турли бурчакларидан келган ёш иқтидор эгаларини ақл, изланиш, жасорат беллашувида бирлаштирди. Ҳар бир тажриба келажак кашфиётларига қўйилган яна бир мустаҳкам қадамга айланди.
58-халқаро кимё олимпиадаси синовлари икки асосий — амалий ва назарий босқич шаклида ташкил этилди. Ўрнатилган тартибга кўра, амалий имтиҳонларда максимал
40 балл, назарий имтиҳонларда максимал
60 балл (жами 100 балл) белгиланди. Олимпиаданинг биринчи амалий босқичида иштирокчилар 3 та лаборатория топшириғини бажарди. Бунинг учун уларга 5 соат вақт ажратилди.
Назарий синовлар доирасида кимё фанидан 9 та масала берилди. Мазкур масалалар орасида Ўзбекистонга оид қизиқарли саволлар ҳам ўрин олди. Бу хорижлик ёшларнинг Ўзбекистон ҳақидаги тасаввурларини бойитди. Болалар кимёда нафақат билимлари, балки орзу-мақсадлари, ижодкорлик ва кашфиётчиликка иштиёқини ҳам намойиш этди.
Ниҳоят ҳаяжонли дамлар. 18 июль куни “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройи шукуҳли байрам тусини олди. Ёш кимёгарлар, уларнинг ўқитувчилари 58-халқаро кимё олимпиадасининг тантанали тақдирлаш маросимини чуқур энтикиш билан қарши олди. Бу лаҳзалар уларнинг ҳаётида илмга садоқат, юксак интилишнинг унутилмас саҳифаси сифатида муҳрланди.
Ғолиблар эълон қилинди. Ёш иқтидор эгалари мукофотларни қабул қилиб олар экан, зални тўлдирган олқишлар уларнинг илмга бағишланган меҳнатига энг юксак эҳтиром янглиғ жаранглади.
— Баҳолаш жараёнлари шаффоф тарзда, ҳаммага тенг имконият тамойили асосида ўтказилди, — деди Фан олимпиадалари маркази директори Тўрабой Шерматов. — Ҳакамлар ҳайъати ва менторларнинг якуний йиғилиш қарорига кўра, 41 ўқувчи олтин, 74 нафари кумуш, 112 нафари бронза медаль билан тақдирланди.
Нуфузли мусобақада Ўзбекистондан иштирок этган ўқувчиларнинг барчаси совринли ўринларни эгаллади. Хусусан, Райҳона Туймуродова олтин, Жасур Мустафоев, Азизмуҳаммад Ҳафизов ва Миржалол Ҳомиджонов кумуш медални қўлга киритди.
Президентимизнинг тегишли қарорига кўра, ғолиблар ҳар бир олтин, кумуш ва бронза медаллар учун тегишлича базавий ҳисоблаш миқдорининг 35, 25, 15 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти билан тақдирланади.
Олимпиаданинг самараси фақат медаллар сони билан ўлчанмайди. Ўқувчиларнинг ғолибликни қўлга киритиши ва моддий рағбатлантирилиши уларни руҳлантиради, келажакда дунёнинг энг яхши кашфиётларини яратишига замин ҳозирлайди. Зеро, тажрибалар кўрсатадики, аксарият ҳолларда дунёдаги энг омадли стартаплар, ғоялар муаллифлари собиқ олимпиадачилардир. Креатив фикрлаш, масалага бошқача ракурсдан ёндашиш ва оптимал ечим бера олиш қобилияти жамият ва мамлакат ривожида ҳал қилувчи роль ўйнайди.
Бу оддий мусобақа эмас, балки интеллектуал дипломатия
IChO интеллектуал дипломатиянинг энг ёрқин намуналаридан биридир. Чунки бу олимпиада турли давлатларнинг иқтидорли ёшлари, устозлари ва олимларини кимё илми атрофида бирлаштиради. Илмий мулоқот, ўзаро ҳурмат ва ҳамкорликни мустаҳкамлайди. Бу ерда рақобат билим орқали кечади, кимёвий формулалар халқаро ҳамкорлик тилига айланади.
Ушбу мусобақа жамоавий натижалар эмас, балки индивидуал ютуқларни эътироф этади, халқаро илмий ҳамкорликни ривожлантириш учун ғолиблар муносиб рағбатлантирилади.
Нима учун кимёга бу даражада эътибор деган ҳақли савол туғилиши мумкин. Дунёда илм-фан ва технологиялар жадал ривожланаётган бир пайтда кимё фанига эҳтиёж янада ортиб бормоқда. Нанотехнология, биотехнология, фармацевтика, нефть-газ саноати ва юқори технологияли ишлаб чиқариш тармоқларида кимё муҳандисларига талаб юқори. Кимё инсон ҳаётини яхшилаш, соғлиқни сақлаш, саноатни ривожлантириш ва табиатни асрашда муҳим фанлардан бири саналади. Шу нуқтаи назардан, мазкур олимпиадани келажак технологиялари олимпиадаси, дейиш мумкин.
2026 йилда Ўзбекистон биринчи марта халқаро кимё олимпиадасига мезбонлик қилди. Ушбу муҳим тадбир Ўзбекистоннинг фан ва таълимни ривожлантиришга эътибори, замонавий таълим тизими ютуқларини глобал миқёсда намойиш этиш имкониятини берди. Олимпиада минтақанинг илмий салоҳиятини ривожлантиришга ҳисса қўшиши ва янги авлод ўқувчиларини кимёда улкан марралар сари илҳомлантиришига умид бор.
Нуфузли тадбир ёшларнинг илм-фанга қизиқишини кучайтириши, халқаро академик ҳамкорликни кенгайтириши, мамлакатимизнинг туризм ва маданий салоҳиятини дунёга тарғиб қилиши билан аҳамиятли.
— Олимпиадада саволлар 100 фоиз асл бўлиши керак, шундай бўлди ҳам, — дейди Тўрабой Шерматов. — Бу Ўзбекистонда илмий салоҳият юқори эканини кўрсатади. Бир вақтнинг ўзида 400 га яқин иштирокчи олимпиадада лаборатория босқичини бажаради. Бу 400 кишилик лаборатория Ўзбекистонда мавжуд эканини англатади. Ҳакамлар ҳайъати ҳар бир қисмни муҳокама қилди. Ўзбекистонга ишониб топширилган ушбу олимпиада мусобақа тарихида энг яхшиларидан бири бўлди, десак муболаға эмас. 58-халқаро кимё олимпиадаси нафақат энг кучли ёш кимёгарлар беллашуви, балки янги Ўзбекистоннинг илм-фан, таълим ва инновациялар соҳасидаги салоҳиятини дунёга намойиш этувчи тарихий воқеадир. Буни фақат биз эмас, балки хорижлик меҳмонлар, халқаро илмий, бошқарув қўмита вакиллари ҳам эътироф этмоқда.
* * *
Жон Леон КИАППЕС,
халқаро кимё олимпиадаси бошқарув қўмитаси раиси:
— Бу йилги халқаро кимё олимпиадаси жуда ўзгача бўлди. Ушбу нуфузли олимпиада Марказий Осиё минтақасида илк бор ўтказилди. Кимё фанига оид топшириқ ва вазифаларда Ўзбекистоннинг бой тарихи, юртингиздан етишиб чиққан машҳур олимлар ва муҳим воқелар ўз аксини топди.
Ўзбекистоннинг миллий маданияти ва барчамиз гувоҳ бўлган самимий меҳмондўстлиги алоҳида бир мавзу. Бу ерда ҳар бир иштирокчи ўзини чин дилдан кутиб олингандек ҳис қилди. Улар мамлакатингизнинг узоқ ва бой тарихи билан яқиндан танишиш имконига эга бўлганидан мамнун.
Ўзбекистонлик иштирокчиларнинг олимпиададаги натижаларига назар ташласак, улардаги ўсиш чиндан ҳам юқори. Атиги бир неча йил ичидаги ютуқлар ўқувчилар меҳнат қилаётганини, шунингдек, уларнинг оилалари, устозлари ва таълим муассасалари мамлакат таълим тизими томонидан қандай кучли қўлланилишини кўрдик.
* * *
Бен Пилигрим,
Халқаро илмий қўмитанинг аъзоси:
— Кимё ижодкорликни рағбатлантиради ва чегаралардан ташқарига чиқадиган дўстликни мустаҳкамлайди. Жорий йил бу анъана Ўзбекистонда ўзгача мазмун касб этди.
Олимпиада фан чегара билмаслигини яна бир бор кўрсатди. Халқаро кимё олимпиадаси мамлакатингиз таълим тизими сифати, ёшларни тайёрлаш салоҳияти ва илмий мактаблар рақобатбардошлигини намоён этди. Унда юртингиз ўқувчиларининг муносиб иштирок этиши ва яхши натижаларга эришиши Ўзбекистонда замонавий таълим муҳитини шакллантириш ҳамда фундаментал фанларни ривожлантиришга қаратилган эътибор натижасидир.
Бу шу пайтгача ўтказилган энг яхши кимё олимпиадаларидан бири бўлди. Мезбонлар ажойиб меҳмондўстлик, мазали таомлар, ёқимли саёҳатларни тақдим этди. Ўзбекистон — қадимий мерос ва замонавий тараққиёт бирлашадиган мамлакат. Тарихий жойларга саёҳатимиз унутилмас таассуротларга ошно этди. Лекин, менимча, биринчи навбатда, мураббийларни ҳайратда қолдирган жиҳат ёш авлодга берилаётган чуқур таълим бўлди.
Кимё олимпиадаси саволларининг аксарияти маҳаллий ўзбек муаллифлари томонидан тайёрланган. Улар мураккаб саволлар тўпламини тайёрлашда жонбозлик кўрсатди. Бу саволлар энг яхши ўқувчиларни аниқлашда қўл келди, шунингдек, барча мамлакатлардан келган ўқувчиларга турли мавзуларда ўз билимларини синаб кўриш имконини берди. Саволларда, шунингдек, Ўзбекистон учун муҳим бўлган мавзуларга эътибор қаратилган ҳолда ёқимли миллий руҳ ҳам бор эди. Масалан, афсонавий олим Ибн Сино, унинг лабораторияси, эликсирлари ва юзлаб йиллар олдин ишлаган бирикмалари ҳақида.
* * *
Шомансур САГДУЛЛАЕВ,
Фанлар академияси биринчи вице-президенти, академик:
— Фан олимпиадалари маркази иш бошлаганига ҳали унча кўп вақт бўлгани йўқ. Ўтган даврда Ўзбекистон терма жамоаси бир неча нуфузли халқаро олимпиадада тарихий натижаларга эришди. Ушбу нуфузли мусобақада ҳам тўрт ўқувчимизнинг самарали иштирок этиши, ташкилий масалаларнинг бекаму кўстлиги, барча жараёнларда холислик, ошкоралик тамойилларига амал қилингани мамлакатимиз илмий салоҳиятини яна бир бор намойиш этди.
Давлатимиз раҳбарининг асосий талаби ҳам иқтидорли ўғил-қизларни қўллаб-қувватлаш, салоҳиятини рўёбга чиқариш, юртимизнинг халқаро майдондаги нуфузини янада юксалтириш ҳамда жаҳон миқёсида ватанимиз довруғини кенг таратган буюк аждодларга муносиб авлодни тарбиялашдир.
Халқаро олимпиадалар нафақат илм-фан йўналишларида мусобақалашиш, шу билан бирга, 90 дан ортиқ давлатдан келган иштирокчилар, уларнинг мураббийлари, халқаро экспертлар учун Ўзбекистон давлати ва халқимизнинг тарихи, маданий мероси, туб ислоҳотларнинг натижалари билан танишиш ва хулоса қилиш, янги дўстлар орттириш имконияти ҳамдир.
Шу нуқтаи назардан, халқаро кимё олимпиадаси ёшларни кимё фанини чуқур ўрганиш, мустақил фикрлаш, илмий изланиш қилиш ва инновацион ғоялар устида ишлашга ундайди. Дунёнинг энг иқтидорли ўқувчиларини бирлаштирган бу нуфузли интеллектуал мусобақа иштирокчиларнинг илмий тафаккурини синовдан ўтказди.
Бугунги кунда сунъий интеллект, рақамли технологиялар ва замонавий илмий тадқиқотлар жадал ривожланаётган шароитда олимпиада нафақат иқтидорли ёшларни аниқлаш, балки келажак олимлари, муҳандислари ва инновацион иқтисодиёт учун юқори малакали кадрларни тайёрлашда муҳим ўрин тутади. Бундай нуфузли олимпиадаларда муваффақият қозониш мамлакатимизнинг таълим тизими, илмий салоҳияти ва халқаро майдондаги обрў-эътиборини янада юксалтиришга хизмат қилади.
Рисолат МАДИЕВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири