Учрашув якунлари бўйича Ўзбекистондан юқори малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда икки мамлакат ўртасидаги академик алоқаларни кенгайтириш учун янги имкониятлар яратувчи ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Келишув бир қатор таълим ва тадқиқот ташаббусларини йўлга қўйишни кўзда тутади. Сунъий интеллект, робототехника, киберхавфсизлик ва дрон технологиялари каби технологик йўналишлар бўйича мутахассислар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилди. Ҳамкорлик доирасида томонлар Ўзбекистон давлат хизматчилари учун мақсадли стажировкалар ташкил этишга, шунингдек, бакалавриат, магистратура ва PhD босқичи талабалари учун янги лойиҳалар ишлаб чиқишга келишиб олди.

Профессор-ўқитувчилар алмашинуви, қўшма илмий тадқиқотларни амалга ошириш ва соғлиқни сақлаш соҳасида стажировкалар ташкил этиш истиқболлари муҳокама этилди.Келишувларнинг алоҳида бир қисми Гонконг университетида «Эл-юрт умиди» жамғармаси стипендиатлари улушини кенгайтиришга қаратилган. Томонлар таълим дастурларини биргаликда молиялаштириш механизмини келишиб олди, бу эса Гонконг университетида таҳсил олаётган ўзбекистонлик иқтидорли ёш мутахассислар сонини ошириш имконини беради.

Ташриф доирасида «Эл-юрт умиди» жамғармаси вакиллари Гонконгда таҳсил олаётган стипендиатлар билан ҳам учрашди. Учрашувда уларнинг ўқиши, илмий иши, яшаш шароитлари ва халқаро академик муҳитга мослашиш масалалари муҳокама этилди. Жамғарма раҳбарияти талабаларнинг академик ўзлаштиришини мониторинг қилиб, уларнинг таклифларини ҳамда келгусидаги касбий ривожланиш режаларини тинглади.

Жамғарма ўз стипендиатларини хорижда қўллаб-қувватлаш, улар билан доимий алоқада бўлиш ва юзага келадиган масалаларни ҳал қилишга ёрдамлашиш бўйича тизимли ишларни давом эттираётгани таъкидланди, деб хабар беради жамғарма матбуот хизмати.