Кейинги пайтларда давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилаётган ҳар бир йиғилишда энергетика масаласи қизғин муҳокама этилаётганига гувоҳ бўляпмиз. Президентимиз қайси соҳа вакиллари билан учрашмасин, қай даражада йиғилишлар ўтказмасин, асосий эътиборни халқимизни сифатли ва узлуксиз электр энергияси билан таъминлашга қаратмоқда. Жумладан, яқиндагина водий вилоятлари ҳамда Жиззах вилоятига ташрифи, шунингдек, Сергели туманида ўтказилган йиғилишда ҳам энергия таъминоти билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

Сергели туманида ўтказилган йиғилишда биз — бир гуруҳ мутахассислар, илм кишилари иштирок этиб, давлатимиз раҳбарининг мазкур масалага нечоғлиқ эътибор қаратаётгани, тизимдаги муаммоларни чуқур таҳлил қилиб, уларнинг ечимига доир аниқ ва манзилли таклифлар берганига гувоҳ бўлдик. Январь ойидаги қаҳратон ва қорли кунлар электр энергияси ҳамда  табиий газ таъминоти билан боғлиқ масалаларни кун тартибига олиб чиқди. (Аёзли кунларда истеъмолчиларнинг энергия ресурсларига эҳтиёжи ортиши табиий ҳол, албатта.)

Ҳаво ҳарорати кескин тушиб кетиши натижасида аҳоли турли иситиш мосламаларидан фойдаланди. Бу эса электр энергияси истеъмолининг кескин ортишига ва электр тармоқлари зўриқишига олиб келди. Натижада қатор ҳудудлардаги электр тармоқларида носозлик кузатилди. Истеъмолчи сони кўпайгани ҳолда электр энергиясини ишлаб чиқариш ҳажми сезиларли даражада ошмагани ҳақида тахминлар пайдо бўлди. Хўш, бу гаплар қанчалик асосли эди?

Мамлакатимизда электр энергияси ишлаб чиқариш ва истеъмолчиларга етказиб бериш ҳажми йилдан-­йилга ортмоқда. Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, 2016 йилда қарийб 59 миллиард кВт. соат электр энергияси ишлаб чиқарилган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 74,3 миллиард кВт. соатни ташкил этган. Олти йилда ўсиш 25,9 фоиз ёки 15,3 миллиард кВт. соатга кўпайган.

Шунингдек, аҳолини электр энергияси билан таъминлаш кўрсаткичи ҳам ошган. 2016 йилда истеъмолчиларга 45,7 миллиард кВт. соат электр энергияси етказиб берилган. 2022 йилда бу кўрсаткич 62,4 миллиард кВт. соатни ташкил этган. Ўсиш кўрсаткичи 36,5 фоиз ёки 16,7 миллиард кВт. соатга ошган. Модомики, барча кўрсаткичлар ошиб борган экан, унда нега энергия тақчиллиги кузатилди? Нима учун энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш кун тартибидаги асосий масалага айланди? Қуйида мазкур саволларга жавоб излашга ҳаракат қиламиз.

Иқтисодиёт тармоқларидаги тежамкорлик бизга нима беради?

Одатда иқтисодиёт тармоқларининг энергия самарадорлиги ялпи ички маҳсулот (ЯИМ)нинг энергия сиғимдорлиги кўрсаткичи орқали ифодаланади. У ЯИМга нисбатан энергия ресурслари сарфининг солиштирма кўрсаткичидир. Соддароқ тушунтирсак, муайян қийматга тенг ЯИМ яратиш учун сарфланадиган энергия ресурслари сарфи энергия сиғимдорлигидир.

Агар мазкур кўрсаткичнинг Ўзбекистон иқтисодиёти тармоқларидаги қиймати таҳлил этилса, энергия сиғимдорлиги хорижий мамлакатлар билан таққослаганда 2-­3 баробар кўп. Яъни муайян ҳажмдаги маҳсулотни ишлаб чиқаришда Ўзбекистонда 3 тонна шартли ёқилғи энергия ресурси сарфланса, бошқа мамлакатларда бу кўрсаткич 1­-1,5 тонна шартли ёқилғини ташкил этмоқда.

Мазкур рақамлардан кўриш мумкинки, қиймати 1000 АҚШ долларига тенг ЯИМ яратиш учун Ўзбекистонда хорижий мамлакатлардагига нисбатан 2­3 баробар кўп энергия ресурси сарфланмоқда. ЯИМ энергия сиғимдорлиги кўрсаткичининг 2001-­2022 йиллардаги ўзгариш тенденцияси таҳлили кўрсатадики, энергия сиғимдорлиги 0,738 к.н.э./долл (бир кг. нефть эквивалентининг долларга нисбати)дан 0,140 к.н.э./долл.га ёки 5,27 баробар камайган. Бугун дунё бўйича ўртача кўрсаткич 0,11 к.н.э./долл экани ҳисобга олинса, мамлакатимиздаги ҳозирги ҳолат дунёдаги ўртача рақамдан юқори экани равшанлашади.

Бу эса тизимда энергия сиғимдорлигини камайтириш долзарблигини англатади. Ўз навбатида, энергия сиғимдорлигини камайтириш энергия тақчиллиги билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишнинг асосий йўналишларидан биридир. Шу мақсадда Ўзбекистон ҳукумати 2030 йилга қадар иқтисодиёт тармоқлари бўйича энергия сиғимдорлигини 50 фоиз камайтириш йўналишида қатор ишларни бажармоқда.

Жумладан, иқтисодиётнинг юқори энергия сиғимдор тармоқларини модернизациялашга қаратилган давлат дастурлари қабул қилингани, ҳар бир тармоқда энергия истеъмолини камайтириш бўйича мақсадли кўрсаткичлар ўрнатилгани ҳамда уларнинг бажарилиши мунтазам назорат қилинаётгани шулар жумласидан.

Мазкур йўналишдаги чора­ тадбирларни тизимли қўллаш мақсадида Президентимизнинг 2019 йил 22 августдаги “Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг тезкор чора­-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган.

Унга кўра, 2020­-2022 йилларда вазирлик ва идоралар таркибидаги йирик энергия истеъмолчилари бўйича 3,3 миллиард кВт. соат электр энергияси, 2,4 миллиард куб метр табиий газ ва 21,1 минг тонна нефть маҳсулотларини тежашга эришилди. Шу билан бирга, 2030 йилга қадар ҳар бир йил учун мақсадли кўрсаткичлар белгиланган. Уларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши мунтазам назорат қилинмоқда. Пировардида, 2030 йилга бориб энергия сиғимдорлиги кўрсаткичини бугунги 0,14 к.н.э./долл. дан 0,0976 к.н.э./долл.гача камайтириш мақсад қилинган.

Саноат корхоналари — асосий истеъмолчи

Бугунги кунда ишлаб чиқарилаётган умумий электр энергияси миқдорида саноатнинг улуши йилдан­-йилга ортиб бормоқда. Ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг саноат тармоқлари томонидан истеъмоли 40 фоиздан 50 фоизга ўсмоқда. 2022 йилда истеъмолчиларга етказилган 74,3 миллиард кВт. соат электр энергиясидан 44,8 миллиардини саноат тармоқлари сарфлаган.

Прогнозларга кўра, 2025 йилга бориб умумий ишлаб чиқарилган 91,8 миллиард кВт. соат электр энергиясининг 60 миллиарди, 2030 йилда эса 120,8 миллиард кВт. соат электр энергиясининг 85 миллиарди саноат тармоқлари томонидан ишлатилади. 2016 йилда истеъмолчиларга етказилган 58,9 миллиард кВт. соат электр энергиясининг саноатдаги улуши 20,6 миллиардни ташкил этган.

Рақамлар таҳлилига кўра, мамлакатимизда сўнгги 6 йилда саноатнинг электр энергияси истеъмолидаги улуши 46 фоиз ёки 24,2 миллиард кВт. соатга ошган. Ишлаб чиқаришда электр энергияси сарфининг бу қадар тез суръатда ошиб бориши мазкур тармоқда қувват самарадорлигини ошириш вазифасини кун тартибига олиб чиқди.

Сўнгги йилларда Тошкент давлат техника университети профессор­-ўқитувчилари томонидан бу борада қатор илмий тадқиқотлар олиб борилиб, натижалари амалиётга жорий этилди. Жумладан, саноат корхоналарининг технологик жараёнида энергия самарадор ва энергия тежамкор иш режимини аниқлаш усуллари, энергия ресурслари истеъмолини меъёрига келтириш, прогнозлаш, мониторинг қилишга оид дастурий маҳсулотлар, энергия ва ресурстежамкор электр машиналар, электр энергиясидаги исроф гарчиликни камайтириш усуллари ишлаб чиқилди.

“Ўзметкомбинат” АЖ, “Олмалиқ кон­металлургия комбинати” АЖ, “Навоий кон­металлургия комбинати” ДК, “Максам Чирчиқ” АЖ ва бошқа корхоналарда амалиётга жорий этилиб, технологик жараёнда энергия сарфини камайтириш ва ресурс тежамкорлигига эришилди.

Нега келажак энергетикасига интиляпмиз?

Мамлакатимиз қуёш, шамол ва бошқа муқобил энергетикани ривожлантириш учун жуда юқори салоҳиятга эга. Буни сўнгги йилларда юртимизнинг кўплаб ҳудудида барпо этилаётган янги фотоэлектр станциялар ва уларнинг самарадорлиги мисолида кўриш мумкин. Умуман олганда, энергетика ресурсларидан тежамкорлик билан фойдаланиш, муқобил энергия манбаларини ишга солиш эвазига энергия тақчиллигига барҳам бериш бугун мамлакатимизда асосий вазифага айланган.

Президентимиз Сергели туманига ташрифи чоғида Тошкент шаҳрида энергетика ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, маҳаллаларни обод қилиш ва аҳоли бандлигини ошириш масалалари бўйича ўтказилган йиғилишда мазкур йўналишда олдимизда турган вазифаларга батафсил тўхталди. Авваламбор, қайта тикланувчи энергия салоҳиятидан фойдаланиш зарурлиги, шаҳарда камида 2 минг мегаваттга яқин қувватли қуёш панелларини ўрнатиш мумкинлиги айтилди.

Кўп қаватли уйлар, ижтимоий соҳа объектлари, давлат идоралари ва тадбиркорлик объектларининг том қисми, саноат зоналари ҳудуди, автотураргоҳлар ва йирик сув иншоотлари ҳудудини қамраб олиш мумкин. Бу чоралар кўрилса, ҳисоб-китобларга кўра, 2023 йилда кутилаётган 240 миллион киловатт соатлик талабни 4 баробар ортиғи билан, яъни 1 миллиард 80 миллион киловатт соат ҳажмда таъминлаш имконияти пайдо бўлади.

Айниқса, тураржой биноларига қуёш панелларини ўрнатиш орқали аҳоли ўзининг электр таъминотига талабини таъминлаб, ортганини тармоққа сотиши мумкин. Юртдошларимиздан сотиб олинадиган ҳар бир киловатт электр энергияси учун минг сўмдан тариф белгилангани аҳолининг қуёш панелларидан фойдаланиш салмоғини оширишга қаратилган асосий саъй-­ҳаракатлардан бири бўлди.

Чунки ҳозирги шароитда харажатталаб лойиҳаларни жорий этиш орқали электр таъминоти тизими узлуксизлиги таъминланмаса, давлат томонидан турли имтиёз, қулайлик ва рағбат бўлмаса, олдимизга қўйилган мақсадларга эришиш осон кечмайди. Бу усул хорижий тажрибада ҳам ўзини оқлаган. Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш аҳоли хонадонларини узлуксиз энергия билан таъминлашгагина боғлиқ эмас. Чунки дунё миқёсида жами энергия истеъмолининг 23 фоизи турар жой секторига тўғри келса, Ўзбекистонда ушбу кўрсаткич қарийб 40 фоизни ташкил этади.

Таҳлилларга кўра, мамлакатимизда бир йилда 1 квадрат метрга сарфланадиган энергия миқдори 390 кВт. соатни, Европада эса ўртача 120-150 кВт. соатни ташкил этмоқда. Географик жиҳатдан Ўзбекистон билан бир ўринда турадиган Грецияда 1 квадрат метр учун 200 кВт. соат, Португалияда 120 кВт. соат энергия ишлатилади. Ривожланган Европа давлатларида бир йилда 1 квадрат метрга сарфланадиган энергия миқдори эса 70­80 кВт. соат ва ундан кам кўрсаткични қайд этгандагина бинолар энергия самарадор ҳисобланади. Хўш, энергия сарфи бир неча баробар юқори бўлишига қандай омиллар таъсир қилмоқда?

Бунинг турли сабаблари мавжуд. Биринчидан, турар жой биноларини лойиҳалаш, қуришда энергия самарадорлик кўрсаткичлари тўлиқ тадқиқ этилмайди. Иккинчидан, мавжуд ва бундан 30­-40 йил олдин барпо этилган турар жой бинолари қурилишида қўлланган ва аксарият ҳолларда бугун ҳам ишлатилаётган иссиқлик сақловчи материалларнинг ҳарорат сақлаш хусусияти пастлиги, биноларнинг техник кўрсаткичлари замонавий энергия самарадорлиги талабларига жавоб бермайди.

Учинчидан, иситиш ва ҳавони мўътадил сақлаш тизимларининг самарадорлиги паст. Тўртинчидан, турар жой биноларини қуришда ва реконструкция қилишда норматив ва технологик камчиликлар ва бошқа шу каби омиллар мавжуд. Айнан шундай шароитда қайта тикланувчи энергия манбаларини қўллаш нечоғлиқ самарали ҳисобланади? Мавжуд ва янги қуриладиган уй-­жойларда истиқомат қилувчи аҳолини электр энергияси билан таъминлаш учун замонавий қуёш фотоэлектрик станциялари ҳамда иссиқ сув билан таъминлаш учун қуёш сув иситкичлари ўрнатиш мақсадга мувофиқми?

Ҳисоб-­китобларга кўра, замонавий қуёш фотоэлектрик станциялари ҳамда қуёш сув иситкичлари аҳолининг электр ва иссиқлик энергиясига сарфлайдиган энергия ресурсларини 40 фоизгача тежаш имконини беради. Шу билан бирга, хориж тажрибаси асосида босқичма-­босқич иссиқлик насосларидан фойдаланиш орқали иситиш ва совитиш тизимининг жорий этилиши туфайли энергия ресурслари сарфини уч баробаргача камайтириш мумкин.

Истеъмолдаги меъёр чегараси қаерда?

Электр энергиясидан фойдаланиш жараёнида исроф кўплиги энергия самарадорлиги пасайишига сабаб бўлмоқда. Президентимиз Сергели туманида ўтказилган йиғилишда ҳам, Жиззах вилояти фаоллари билан учрашувда ҳам бу масалага алоҳида тўхталди. Жумладан, Тошкент шаҳрида бу кўрсаткич 12, Жиззах вилоятида 23 фоизни ташкил этиши қайд этилди. Ўз навбатида, Жиззах вилоятида мазкур кўрсаткични йил якунига қадар 14 фоизга тушириш вазифаси берилди.

Мазкур вилоят мисолида таҳлил қилинса, истеъмолчига узатилаётган электр энергиясининг деярли тўртдан бир қисми электр тармоқларида исроф бўлаётгани кўринади. Соддароқ тушунтирганда, 100 хонадонга етадиган электр энергияси фақат 77 хонадонни таъминлаётир. Электр энергияси исрофининг рухсат этилган ҳажми (12-14 фоиз)ни ҳисобга олган ҳолда, қолган 11 хонадон электр энергиясидан маҳрум бўлиб қоляпти.

Агар бу факт бир вилоят ёки катта қувватли корхоналар мисолида келтирилса, жуда катта қиймат ҳосил бўлади. Электр тармоқлари орқали электр энергияси узатишдаги исрофгарчилик миқдори ўртача 14 фоизни, жумладан, юқори кучланишли тармоқларда 2,1 фоиз ёки умумий исрофгарчиликнинг 15 фоизини, паст кучланишли тармоқларда эса 11,9 фоиз ёки умумий исрофгарчиликнинг 85 фоизини ташкил этмоқда.

Мазкур кўрсаткич жаҳонда ўртача 8,1 фоиз; ривожланган давлатлар, жумладан, Японияда — 3 фоиз, Жанубий Кореяда — 4 фоиз, Германияда — 4,3 фоиз, Австралияда — 5,3 фоиз, Россияда 10 фоиз. Мамлакатимизда электр энергиясидаги исрофгарчиликнинг асосий улуши паст кучланишли электр тармоқлари ҳиссасига тўғри келади. Бу эса мазкур тармоқлар эскиргани, мукаммал эмаслиги, тармоқ параметрларини танлашда ўтган асрнинг 60­-80­-йилларида ишлаб чиқилган усуллар қўллангани, лойиҳалаш жараёнлари автоматлаштирилмагани ва бошқа омиллар билан боғлиқ.

Қолаверса, лойиҳалашда ресурс ва энергиятежамкор технологиялар, илмий асосланган ечимлар, электр тармоқларини келажакда ривожлантириш тенденцияси ҳисобга олинмаган, жумладан, энергия исрофини камайтириш воситаларидан фойдаланилмаган. Январь ойида кузатилган энергия тақчиллиги шароитида паст кучланишли электр тармоқлари, яъни линия ва трансформаторлар юқори қувватга дош бера олмади.

Натижада катта юклама сабаб электр таъминотида узилишлар қайд этилди. Мазкур муаммо ечими бўйича Жану бий Корея тажрибасини таклиф этдик. Юқорида қайд этилганидек, бу давлатда электр тармоқларидаги исрофгарчилик ўртача 4 фоизни ташкил этади. “Жанубий Корея бундай тажрибага қандай эришди?”, “Қандай усул ёки воситаларни қўллаш орқали бундай кўрсаткич таъминланди?” каби саволлар туғилиши табиий.

Юқори ва паст кучланишли электр тармоқларида энергия исрофгарчилигини камайтиришнинг бир нечта усул ва турлари мавжуд. Жанубий Корея нафақат пастки кучланишли, балки юқори кучланишли электр тармоқларида ҳам энергия тежовчи, энергия самарадор технологияларни жорий этиш натижасида шундай кўрсаткичга эришган. Ўзбекистон шароитида электр энергияси исроф бўлишининг асосий қисми паст кучланишли электр таъминоти тизимида содир бўлади.

Шуни ҳисобга олиб, истеъмолчилар учун мўлжалланган электр таъминоти тизимини лойиҳалашда трансформатор подстанцияларини марказлашган ҳолатда эмас, балки фойдаланувчиларни кичик гуруҳлаш орқали таъминлаш таклиф этилди. Шундан келиб чиқиб, амалдаги каби битта трансформатор подстанцияси юзлаб хонадонларни эмас, балки қувватига кўра, кўпи билан 5 хонадонни электр билан таъминлашда битта трансформатор подстанциясини қўллаш таклиф этилди.

Содда қилиб айтганда, маҳаллада турган қуввати 250 кВА трансформатор подстанцияси 50 хонадонни электр билан таъминлайди. Бироқ линиянинг энг қуйи бўғинидаги истеъмолчига етиб боргунича исрофгарчилик ҳолати юзага келиб, электр энергияси таъминотининг сифати ҳам ёмонлашади. Таклиф этилаётган лойиҳада эса айнан ҳар 5 хонадон учун кичик қувватли 25 кВА трансформатор подстанциясини ўрнатиш ва у орқали мазкур хонадонларни электр энергияси билан таъминлаш назарда тутилган.

Ҳозирги ҳолатда паст кучланишли электр тармоқларида ўртача энергия исрофи 12­-14 фоизни ташкил этса, таклиф этилаётган усул ёрдамида бу кўрсаткични 3 фоизга тушириш мумкин. Энг муҳими, истеъмолчиларни сифатли электр энергияси билан таъминлаш имконияти ҳам яратилади. Буни асосий сифат кўрсаткичларидан бири бўлган кучланиш қиймати номиналлигини таъминлаш мисолида кўриш мумкин. Яъни бугунги кунда паст кучланишли электр тармоқларининг кучланиш йўқотиши 8-­10 фоизни ташкил этса, мазкур усулнинг жорий этилиши туфайли кўрсаткич 3­5 фоизгача тушади.

Таклиф этилаётган лойиҳанинг таннархи юқори бўлиши мумкин. Лекин январь ойидаги аномал совуқ натижасида саноат корхоналари тўла қувватда ишламагани, ишлаб чиқаришга катта таъсир кўрсатгани, ижтимоий соҳа объектларидаги иш унумдорлиги пасайгани ҳамда аҳолининг электр таъминотидаги узилишлар туфайли юзага келган муаммолар соҳага сарфланган харажат, албатта, ўзини оқлашига ишонч беради.

Бугун Ўзбекистон иқтисодиёти жадал ривожланмоқда. Бу эса аҳоли турмуш фаровонлиги ошишига, пировардида, энергия ресурсларига талаб ўсишига олиб келмоқда. Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, 2030 йилгача бўлган даврда мамлакатимизда электр энергиясига талабнинг йиллик ўсиши 6­7 фоизга тенг бўлади. Иқтисодиётда энергия сарфини камайтириш электр энергетикаси сиёсатининг асосий вазифаси бўлиб, унинг бажарилмаслиги энергетика соҳасининг мамлакатдаги ижтимоий­иқтисодий ривожланишига муқаррар равишда тўсқинлик қилишига олиб келади.

Бунинг олдини олиш эса, ўз навбатида, биз — соҳа олимлари зиммасига катта масъулият юклайди. У соҳани ривожлантириш, хусусан, энергия ресурсларини ишлаб чиқариш, узатиш, тақсимлаш ва истеъмол қилиш жараёнида энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш, саноат тармоқлари учун энергия самарадор технологияларни ишлаб чиқиш йўналишидаги илмий тадқиқотлар натижадорлигини ошириш, энергия сиғимдорлигини камайтиришга қаратилган мақсадли кўрсаткичларни таъминлашда тармоқ корхоналари билан амалий ҳамкорликни йўлга қўйишда ўз ифодасини топади.