“Деҳқонки, дона сочар, ерни ёрмоқ била ризқ йўлин очар… Олам маъмурлиғи алардин, олам аҳли масрурлиғи алардин. Ҳар қаён қилсалар ҳаракат, элга ҳам қут еткурур, ҳам баракат...

Алишер Навоий ҳазратларининг “Деҳқон зикрида” айтган бу каби таърифларини бугунги кун ғаллакори меҳнатига нисбат этилганда, кўп ўхшашлик ва ҳамоҳанликлар кўзга ташланади. Уларнинг ризқ йўлидаги заҳматларидан бу йилги ғалла хирмонлари салмоғи янада оғирроқ тош босди. Бу элга ҳам, ўзларига ҳам қут-барака, маъмурлиғ келтиряпти. Энг муҳими, ғаллачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари кундалик фаолиятига узоқ йиллар кутилган бозор тамойиллари кириб келди. Эндиликда улар брокер, трайдерлар билан бевосита сўзлашадиган ва ишлашадиган бўлди.

Президентимизнинг 2022 йил 28 майдаги “Ғаллани етиштириш ва сотишда бозор тамойилини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бунинг учун ҳуқуий ва амалий асос яратди. Энг аввало, унда ғалла бозорини эркинлаштиришнинг асосий йўналишлари белгилаб берилди. Жумладан, 2022 йилда Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 1,8 миллион тонна товар буғдой ўтган йилга нисбатан нархи икки баробарга оширилган ҳолда, давлат ресурси, 266,5 минг тонна ғалла уруғлик сифатида харид қилинадиган бўлди. Бундан ташқари 500 минг тонна буғдой ғалла етиштирувчилар томонидан биржа савдоларида сотиш учун дон корхоналарига қабул қилинади.

Ҳужжатга кўра, жорий йил 1 июлдан етиштирилган ҳосилнинг белгиланган қисми биржага қўйилганда, фермерлар уларни сотишда комиссион ва гаров маблағлар тўловидан озод этилди.

БОЗОР ТАМОИЛЛАРИ АСОСИДА

Биржа эркин бозорнинг муҳим воситаси. Талаб ва таклиф, соф рақобат, котировка, замонавий ахборот технологиялари унинг фаолият моҳияти ва таркибини белгилайди. Айни давр фермерлардан ҳам буларни билишни, бирламчи билим ва амалий тушунчаларга эга бўлишни, мухтасар айтганда, молия-иқтисодиётнинг ушбу соҳаси алифбосини уқишни тақозо этмоқда.

Шу жиҳатдан олганда, жорий йил 17 май куни Президентимиз ҳузурида Республика товар-хомашё биржаси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселекторда биржа савдоларини янада кенгайтириш, маҳаллий маҳсулотларни унга олиб чиқишни туман даражасига тушириш бўйича белгиланган вазифалар муҳимлиги аён бўлади.

“Мисол учун, 1 июлдан фермер ва кластерлар 500 минг тонна ғаллани биржа орқали сотиши йўлга қўйилмоқда. Бу фермерлар учун 2 триллион сўм қўшимча даромад дегани. Лекин, туман ҳокимларида фермер маҳсулотини биржага қандай олиб чиқиши, бу борада кимга мурожаат қилиши, яъни ишни қандай ташкил этиши бўйича аниқ режалар борми? Бу саволга бирорта ҳокимда ижобий жавоб йўқ...

Очиқ айтиш керак, ҳали аксарият ҳокимлар масалани ичига кирмаган, биржа нималигини билмайдиган туман ҳокимлари ҳам бор”,  деди давлатимиз раҳбари.

Орадан кўп ўтмай қабул қилинган қарор наинки ҳоким ва мутасаддилар, балки фермерлардан ҳам биржа илмини ўрганиш заруратини кун тартибига қўйди.

Албатта, ҳар бир янгиликни жорий этиш хамирдан қил суғурганидек осон кечмайди. Қолаверса, ҳали ҳам “буёғи бир гап бўлар” қабилида иш тутиб келадиган фермерлар йўқ эмас. Қандай нарх таклиф қилиняпти, етказиб берилган ҳосил сифати юқори ёки паст бўлса, қанчадан ҳақ тўланади, ўз вақтида кўрсатилмаган хизмат туфайли ҳосилдорлик пасайиб кетса, товон қай тариқа олинади, бу ва бошқа жиҳатлар ҳақида бошларини оғритгиси келмайди.  Натижада шартнома шартларини ўқимасдан туриб, банк, хизмат кўрсатиш ёки тайёрлов идораси томонидан берилган оппоқ қоғозга қўл қўйиб бераверади. Чунки, молиявий савод чала, мутасаддилар қовоқ солмаса бўлгани...

Президентимизнинг ғаллани етиштириш ва сотишда бозор тамойилини жорий этишнинг асосий жиҳатлари белгилаб берилган қарор ижросини таъминлаш наинки “буёғи бир гап бўлар” дейдиган, балки молия-ҳисоб соҳасида етарли билимга эга бўлган фермерларни ҳам анчайин ўйлантириб қўйди. Кўпчилиги китоб ёки интернетни титкилашга тушди.

Менинг ўзим олий маълумотли муҳандис-меъморман, дейди  Жиззах вилояти Зафаробод тумани “Ишбилармон Элёр Чимқўрғон” фермер хўжадиги раҳбари Элёр Абдуғаниев. Тўғриси, мен ҳам биржа моҳиятини умумий тарзда билсам-да, амалий фаолиятидан анчайин бехабар эканман.  Биржани оладиган бўлсак, унда очиқ савдоларни ўтказиш йўли билан товарлар билан савдо қилишга шароитини яратиши, маҳсулотларнинг нархи очиқ-ошкора, талаб ва таклиф асосида шаклланиши қандай тартибда кечишини ўқиб-ўрганишимга тўғри келди. Брокерлик ва трейдерлик фаолияти бўйича тушунчаларни ўқув семинарларида янада аниқлаштириб олдик.

Хусусан, брокер мижоз ҳамда биржа ўртасида воситачи сифатида фаолият юритади, харидор номидан битимларни амалга оширади.  Бутун дунёдаги нимаики товар, акция, валюта борки, ҳаммасининг нархи улар таклифи билан шаклланади, олди-соттиси ҳам шулар орқали амалга оширилади. Уларнинг иши деҳқончасига айтганда, далолникига ўхшаб кетар экан. Эндиликда биз улар билан ҳамкорликда ишлаяпмиз.

Фермер хўжалигимизда 20 гектар майдонда буғдой етиштирамиз. 52 тонна буғдойни биржа орқали сотдик. Дастлабки, ҳисоб-китобларга кўра, шартномада белгиланган нархга нисбатан ҳар бир килограмм учун қўшимча 450 сўмдан даромад қилдик.

Ғаллачилик соҳасида кутилаётган янгиликларнинг мазмун-моҳияти ва биржа савдоларида иштирок этиш тартибини тушунтириш мақсадида барча ҳудудларда биржамиз томонидан 20 мингдан ортиқ фермерлар ва кластер раҳбарлари учун махсус ўқув семинарлари ўтказилди, дейди Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси бош маклери Исломбек Иброҳимов. Уларда мижозларни биржада рўйхатдан ўтиш, брокерлик хизматларидан фойдаланиш ва маҳсулотларни савдоларга қўйиш қоидалари ўргатилди. Савдо майдончалари фаолияти билан танишиши жараёнида эса, аккредитациядан ўтказилди, брокерларга бириктирилди.

Биржада фаолият юритаётган брокерлар сонини кўпайтириш учун Савдо-саноат палатасининг 200 дан зиёд ходимлари ўқитилди ва уларга брокерлик сертификатлари берилди. Шунингдек, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг ҳисобчилар марказининг
1 200 дан зиёд ҳодимлари ҳам биржа савдолари йўналишида ўқитилди.

Иқтисодий ривожланиш ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг таҳлилларига кўра, айни кунда республика бўйича 40 мингга яқин хўжалик ғалла етиштириш билан шуғулланади. Ҳар бир фермер хўжалигида ўртача 10 та ишчи меҳнат қилса, фермерларнинг оиласи билан қўшиб ҳисоблаганда 440 мингга яқин хонадоннинг ёки ҳар оилада ўртача 5 кишидан ҳисоблаганда 2,2 миллион аҳолининг моддий манфаатдорлиги ошади.

Шу ўринда Бешқариқ туманидаги “Шерали Назарқулов” фермер хўжалиги раҳбари Нуридин Назарқулов билан бундан бироз олдин қилган суҳбатимиз ёдга тушади. Фермер уйган ғалла хирмонининг салмоғи 204 тоннадан ошган.  Дон харид қилишда жорий этилган янги тизимга кўра, буғдойнинг 150 тоннасига 3 миллион сўмдан, қолган қисми биржа савдоларида эркин нархда сотиш учун жамғарилди.

Ғаллани давлат томонидан сотиб олиш ва сотишда бозор нархларига ўтилиши фермерлар учун катта имконият берди, деган эди фермер хўжалиги раҳбари. Ўтган йили ғалла етиштириш бўйича шартнома режасини бажарган бўлсак-да 50 миллион сўм зарар кўрганмиз. Чунки маҳсулот таннархи харажатларни қопламаган. Бу йилги якуний натижа чакки эмас. Ҳисоб-китобларимизга кўра, ғаллачиликдан кўзланган ялпи даромадимиз бир миллиард сўмга етди. Бу ишчи–хизматчилар манфаатдорлигини ошириш, янги техника сотиб олиш ва қўшимча тармоқлар фаолиятини йўлга қўйишга шароит яратади. Шунингдек, фермер буғдойи дон корхоналарида вақтинча сақлаб бериш, биржа тўловларидаги имтиёзлар берилди. Юртбошимизга раҳмат энди меҳнатимизга яраша манфаат кўряпмиз.

Ҳақиқатан шундай, ғалла бозорининг эркинлаштириши фермерлар учун янги имкониятлар эшигини очяпти. Янги тизим бўйича суғориладиган ернинг ҳар бир гектаридан 2,5 минг тоннадан буғдойни биржа орқали сотувга чиқаради, қолганини фермер, кластерлар эркин бозор нархларида сотади. Ҳар йили жаҳон бозори, биржа нархларидан келиб чиқиб ғаллага тавсиявий нарх ишлаб чиқилади. Биржа савдолари ҳам белгиланган 3 миллион сўм якуний нарх эмаслигини кўрсатди ва у ўзгариб борди.

— Буғдой бўйича биржа савдолари мамлакатимизнинг ҳар бир туманида жойлашган биржанинг савдо майдончалари орқали амалга ошириб келинмоқда, — дейди Исломбек Иброҳимов. — Айни пайтда улар сони 360 дан зиёд бўлаб, бу жараёнга 3,5 мингдан ортиқ трейдерлар ҳам жалб этилган.

Ўтган даврда мамлакатимиз фермерлари томонидан 530 минг тоннадан зиёд буғдой маҳсулоти очиқ биржа савдолари орқали сотилди. Ҳар куни ўртача 700 дан ортиқ фермерлар сотувчи-корхона сифатида савдоларда иштирок этди.

Масалан, жорий йилнинг июль ойида ўтказилган савдо якунларига кўра, буғдойнинг биржада шаклланган ўртача нархи маҳсулотнинг бир тоннаси учун 3 559 минг сўмни ташкил қилди. Биржада буғдой бўйича шаклланган котировка унинг бошланғич нархига нисбатан 4 фоизга ўсган эди. Октябрь ойи бошига келиб эса, бу котирвка маҳсулотнинг бир тоннаси учун 3 530,9 минг сўмга тенг бўлди ва нарх бироз тушди. Умуман олганда, бозорларда таклиф даражаси етарли бўлганлиги сабабли биржада шаклланган нархлар буғдойнинг бошланғич нархига нисбатан ўртача 1 фоизга ўсган.

БИРЖАДАГИ ДОНИМИЗ ДАСТУРХОНДАГИ НОНИМИЗ

Бу ибора пайдо бўлганига ҳали кўп бўлгани йўқ. Аслида у азалдан “Хирмондаги донимиз-дастурхондаги нонимиз” қабилида ишлатиб келинган. Президентимизнинг юқорида қайд этилган қарори билан ун ишлаб чиқарувчи барча корхоналар буғдойни биржада сотиб олиши ва маҳсулотларини бозорда эркин сотишларии учун имкоият яратилгач, эски ибора ана шундай янгича мазмун касб этди.

Мутахассисларнинг фикрича, ишлаб чиқарувчилар сони кўплиги сабабли соҳада рақобат муҳити шаклланиши корхоналарни харажатларни камайтириш ва маҳсулот сифатини ошириш устида ишлашга мажбур этяпти. Алқисса, тадбиркорлик субъекти рақобатбардош бўлса, унинг даромади ошади. Истеъмолчилар учун бозордан сифатли маҳсулот сотиб олиш имкони вужудга келади.

Аслида Вазирлар Маҳкамасиинг қарори билан дон, ун ва нон етказиб бериш тизимига бозор механизмларини жорий этиш мақсадида 2019 йилнинг 15 октябридан бошлаб ташкилий-ҳуқуқий шаклларидан қатъи назар барча хўжалик юритувчи субъектлар биржа савдоларида ун ва дон маҳсулотларини (маҳаллий ҳамда импорт қилинган) эркин сотишлари ҳамда сотиб олишларига имконият яратилган эди. Лекин коронавирус пандемияси шароитида 2020 йил 16 апрелдан унни биржа савдоларисиз тўғридан-тўғри шартномалар асосида етказиб бериш бўйича вақтинчалик тартиб ўрнатилди. Бундан биржадан давлат ресурсини истеъмолчиларга манзилли етказиб бериш мақсади кўзланган эди.

Мутахассисларнинг фикрича, ушбу тизим шаффоф бўлмаганлиги сабабли ўзини оқламади. 2022 йилнинг май ойига келиб арзонлаштирилган уннинг бир қопи 140-145 минг сўм атрофида сотилиши тавсия этилганлигига қарамай мамлакатимизнинг турли ҳудудларида ўртача 270-290 минг сўмга чиқиб кетди.

— Президентимизнинг шу йил 28 майда имзолаган қарорига мувофиқ, жорий йил 1 июндан бошлаб 1-навли ун маҳсулоти “Ўздонмаҳсулот” акциядорлик жамитяти корхоналари томонидан очиқ биржа савдоларига қўйилиши ва сотилиши белгиланди,— дейди Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси бошқаруви раисининг маслаҳатчиси Мансур Тўйчиев. — Бунда, аввалги тизимдан фарқли равишда биржа савдолари шаффоф ва бозор тамойиллари асосида ўтказила бошланди. Агар 2020 йилда ўтказилган биржа савдоларига ҳар куни ўртача 6,9 минг тонна ун маҳсулотлари қўйилган бўлса, ушбу кўрсаткич 2022 йилнинг июнь ойида 10 минг тоннани ташкил қилди. Яъни мамлакатимизда ун заҳиралари етарли бўлганлиги сабабли биржа савдоларига кўпроқ миқдорда ун чиқарилди ва ун бозорларида таклиф даражаси ошиб борди.

Ўтган даврда “Ўздонмаҳсулот” АЖ таркибидаги 44 та корхона томонидан биржа савдоларига 613,6 минг тонна ун қўйилди ва улардан 568,8 минг тоннаси, яъни  93 фоизи сотилди. Нархларга келганда, уннинг ўртача қиймати сўнгги кунларда маҳсулотнинг бир тоннаси учун 4 806,7 минг сўмни ташкил этди. Бунда бозорларда таклиф даражаси етарли бўлганлиги сабабли биржада шаклланган нархлар ушбу маҳсулотнинг бошланғич нархига нисбатан 0,4 фоизга ўсганлигини кузатиш мумкин. Бу нарх барқарорлашганини кўрсатади.

Буғдой ва ун маҳсулотларининг биржа орқали сотилиши, уларнинг ҳаракатланиши ва солиқ тушумларининг шаффофлигини ҳам таъминлайди, давлатни мазкур соҳага аралашиш юкидан халос этади.

ТАКЛИФ КЎП БЎЛСА, НАРХЛАР АЛБАТТА  БАРҚАРОРЛАШАДИ

Ўзбекистон республика товар-хомашё биржасининг фаолияти кенг қамровли, савдо салмоғи ҳам шунга яраша тош босиб боряпти. Буни 2022 йил январь-сентябрь ойларида биржа савдолари орқали 7,6 трлн сўмлик юқори ликвидли бўлмаган, бошқа турдаги маҳсулотлар сотилгани ва бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан бир ярим баробарга кўплиги ҳам яққол кўрсатиб турибди.

Ўтган даврда 75,2 мингта янги мижозлар рўйхатдан ўтказилди ва бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан икки маротабага кўп. Биржанинг барча савдо платформаларида фаолият юритаётган мижозларнинг умумий сони эса 200 минг нафардан ошди. Бу янгидан янги тадбиркорлик субъектларининг кўпайиб, уларнинг бозор тамойилларига асосланган замонавий ва шаффоф савдо турларига бўлган қизиқишлари ортиб бораётганлигидан далолат беради. Сотувчилар ўртасида рақобатнинг кучайиши ҳамда бозорларда таклиф даражасини ошиши эса, маҳсулотлар учун ички нархларнинг барқарорлашувига йўл очаяпти.

— Мисол учун, қурилиш хамиртуриши ҳисобланган, талаб юқорирлиги сабабли аввалги йиллари нархи кўтарилиб кетган цементни олайлик, — дейди Мансур Тўйчиев.—Жорий йилнинг бошидан буён биржанинг цемент бозорида барқарорлик кузатиляпти. Ўтган даврда мазкур маҳсулотнинг барча маркалари бўйича шаклланган ўртача нархлар бир тоннаси учун 606 минг сўмдан 589,9 минг сўмгача, яъни 3 фоизга пасайди.

         Яна бир муҳим маҳсулот — суюлтирилган газнинг биржадаги нархи жорий йилнинг июль-сентябрь ойларида бир тоннаси учун 10 056,8 минг сўмдан 4 090,2 минг сўмгача, яъни қарийб 2,5 маротабага тушди. Худди шу даврда шакарнинг биржадаги нархи маҳсулотнинг бир тоннаси учун 14 554,5 минг сўмдан 11 801,6 минг сўмгача, яъни 19 фоиз арзонлашди.

         Сўнгги икки ой мобайнидаги биржа котировкаларини таҳлил қилсак, техник олтингугурт бўйича 60, поливинилхлорид – 19, нефть ва газ конденсати – 17, мис – 16, буғдой – 15 ва олтин – 6 фоизга пасайганлигини кўрамиз. Бундан ташқари, биржа савдоларига синтетик дизель ёқилғиси, нафта, нефть кокси, суюқ минерал ўғитлар, барда, металл прокат лист, каустик сода, суюқ углерод оксиди, техник кислород каби янги маҳсулотлари ҳам сотувчи корхоналар томонидан очиқ биржа савдоларига қўйиб келинмоқда.

Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг хориждаги элчихоналар билан биргаликда 8 та янги хорижий савдо майдончасини очди ва улар сони 31 тага етди. Қозоғистон Республикасида эса илк бор биржанинг ваколатхонаси очилди. Хорижий савдо майдончаларнинг фаоллашуви натижасида ўтган уч чоракда 600 дан зиёд янги норезидент мижозлар аккредитациядан ўтказилди ҳамда 347 миллион АҚШ долларлик ташқи савдо битимлари тузилди.

Президентимизнинг 2021 йил 17 мартдаги "Юқори ликвидли ва монопол товарларни сотиш жараёнларига бозор механизмларини жорий этишни давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ хорижий савдо майдончалари орқали мамлакатимизга олиб келинаётган ушбу маҳсулотларни темир йўл орқали ташишда ички тарифлар қўлланилмоқда.

Мазкур қарор ижросини таъминлаш доирасида, давлат харидлари ва юк ташиш соҳаларида шаффофликни таъминлаш мақсадида биржа томонидан давлат харидлари бўйича xarid.uzex.uz ва электрон логистика бўйича e-logistika.uzex.uz порталлари ишга туширилган эди. Бунинг натижасида, 2022 йил январь-сентябрь ойларида давлат харидлари бўйича электрон савдо тизимида тузилган битимларнинг умумий ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,7 маротабага ошиб, 24,3 триллион сўмни ташкил қилди. Юк ташиш соҳасида шаффофликни таъминлаш ва соғлом рақобатни ривожлантириш мақсадида ташкил этилган e-logistika.uzex.uz электрон логистика савдо порталининг иш ҳажми ҳам ўсиб боряпти. Жумладан, жорий йил бошидан буён мазкур порталда 8,4 миллиард сўмлик 5,1 мингдан зиёд шартномалар тузилгган.

Истиқбол режалари ҳақида гап кетганда, аввало, янги электрон биржа савдолари ва клиринг тизимларини ишга туширилиши ҳамда давлат харидлари ва авторақам савдо тизимларида янги сервисларни жорий этилиши кутилмоқда.

Кўрдикки, биржадаги савдолар очиқ-ойдинлик ва шаффофлик тамойиллари асосида ўтказиб келинади, нархлар эса фақатгина талаб ва таклиф асосида шаклланади. Бу, ўз навбатида, тадбиркорларнинг товар ресурсларидан эркин фойдаланиш имкониятлари кенгайиши, ҳақиқий бозор нархларининг шаклланиши ва соғлом рақобатнинг ривожланишига хизмат қилади.

Абдурауф ҚОРЖОВОВ,

"Янги Ўзбекистон" мухбири