Сизу бизга таниш манзара, шундайми? Энди бундай ҳолатга йўл қўйилмайди. Сабаби, жорий йилнинг 1 июнида Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида синов тариқасида ишга туширилган «Шаффоф қурилиш» ахборот тизими аҳолига қурилиш соҳасига оид барча маълумотларни тақдим этади. Бу тизимга геопортал ҳам интеграциялаштирилган бўлиб, у орқали тадбиркорлар ва юртимизда иш бошламоқчи бўлган инвесторлар қаерда бино қуриш мумкинлигини билиб олишлари мумкин.
Қурилиш вазирлиги томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида соҳани рақамлаштириш борасида қилинаётган ишлар ва уларнинг натижалари тўғрисида ҳисобот берилди. Унда айтилишича, вазирлик расмий сайтига қурилиш жараёни калькулятори ҳам жойлаштирилмоқда.
— Энди истаган киши ундан фойдаланиши мумкин, — дейди вазирлик қошидаги Қурилиш соҳасида АКТни ривожлантириш маркази раҳбари Санжар Абдуғаниев. — Ўзбекистонда бирор бир объект қурмоқчи бўлган тадбиркор бунинг учун ишни нимадан бошлаши керак, қандай жараёнлардан ўтилади ёки қайси ҳужжатлар талаб этилади, ҳаттоки сарфланадиган маблағ ва вақт ҳажмигача бўлган ахборотни шу тизим орқали олиш имкониятига эга. Бунинг учун махсус параметрлар бўйича маълумотларни киритади ва ҳисоблагич унга сарф-харажатдан тортиб кимга мурожаат қилишигача аниқ ахборот тақдим этади. «Шаффоф қурилиш» ахборот тизимини ишлаб чиқишда Россия Федерацияси ва Туркия тажрибаси ўрганилди. Улардаги қурилиш соҳасининг автоматлаштириш жараёнларини бориб, танишиб чиқдик ва биз учун қулай бўлган жиҳатларни татбиқ этмоқдамиз. «Шаффоф қурилиш» ахборот тизими 2021 йил январь ойидан бутун республика ҳудудларида ишга тушади.
Муҳим янгиликлардан яна бири, пудрат ташкилотларининг рейтинги ишлаб чиқилганидир. Ундан ишчи муҳандисларнинг касбий билими, корхона бажарган ишлари кўлами, солиқ тўлови ҳамда банкдаги ҳисоби ва шу каби маълумотлар ўрин олади. Рейтинг тизими тадбиркорларга тендерда қатнашишларида ёрдам беради. Тендер ва аукционлар ўтказилишидан олдин талабгорлар маблағи, мутахассислари етарли даражада экани ҳамда техник имкониятлари тўғрисидаги маълумотларни киритиши ахборот тизимига керак. Ана ундан кейин у соғлом рақобатга кириша олади.
Қурилиш соҳасида энди йўлга қўйилаётган бу тизим, аввало, қоғозбозликка чек қўяди. Қолаверса, жараёнда инсон омили кескин камаяди. Тақдим этилиши лозим бўлган ҳужжатлар сони ҳам 14 тадан 6 тага қисқаради.
Анжуманда тилга олинган яна бир масала — қурилиш соҳасида ҳалигача эски нормалар асосида иш олиб борилаётгани бўлди. Мутахассисларнинг хабар беришича, 2020 йилда жами 60 та янги норма ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этиш режалаштирилган. Бу борадаги ишлар 2025 йилга қадар давом этади. Илк маротаба вазирлик қошида Қурилишда техник меъёрлаш маркази фаолиятининг йўлга қўйилгани юртимизда бўй чўзаётган биноларнинг нафақат чиройли, балки сифат ва чидамлилик жиҳатидан ҳам мукаммал ишланишига замин яратади, деган умиддамиз.
Соҳиба МУЛЛАЕВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири