Аҳоли фаровонлиги ортиб бориши, сон ва сифат жиҳатидан кўпаяётган маиший техника электр энергияси истеъмолини оширмоқда.

Масаланинг яна бир жиҳати борки, бу истеъмол қилинаётган энергия ресурсларидан фойдаланишнинг мақсадлилиги ва самарадорлигини назарда тутади. Масалан, хорижий давлатларда турар жой секторида 1 метр квадрат ҳудудга тўғри келадиган солиштирма электр энергияси сарфи 120-150 киловатт-соатни ташкил этса, Ўзбекистонда 390-400 киловатт-соатга етади. Демак, мамлакатимизда электр энергияси истеъмоли хориждагидан деярли 3 баробар юқори. Бу каби қиёсий кўрсаткичлар бошқа йўналишлар бўйича таҳлил қилинса ҳам шундай хулосага келиш мумкин. Албатта, чет элда энергия сарфининг бу қадар камлигини кундалик турмуш тарзида аҳолининг энергия тежовчи ва энергия самарадорлиги юқори қурилмаларни ишлатиши билан асослаш мумкин. Бироқ барибир энергия сарфидаги қиёсий кўрсаткичлар ўртасидаги бундай тафовут истеъмолчиларнинг энергия тежаш маданияти билан ҳам тавсифланади.

Мазкур йўналишдаги тадқиқотлар натижасига кўра, айнан аҳоли турар жойларида энергияни тежаш имконияти 20-30 фоизни ташкил этади. Яъни бугун истеъмолчилар, жумладан, аҳолининг электр энергиясидан самарасиз фойдаланаётгани, зарурат бўлмаса ҳам электр жиҳозларини ишлатиши, ёритиш тизимларининг узлуксиз ёниб туриши истеъмол ошишига олиб келмоқда. Мазкур рақамлар битта истеъмолчи ёки бир хонадон мисолида у қадар катта кўрсаткич эмасдир, лекин электр энергиясидан фойдаланувчи абонентлар сони 7,3 миллион экани ҳисобга олинса, ҳазилакам рақам ҳосил бўлмаслиги тушунарли. Суткалик, ҳафталик, ойлик ва йиллик тежалган электр энергиясидан бошқа йўналишларда мақсадли фойдаланилса, самарадорлик анча ортади.

Шу ўринда савол туғилади: талаб ортиб бораётган бир паллада истеъмолчиларни узлуксиз сифатли электр энергияси билан таъминлаш йўналишида олдимизда турган вазифалар нималардан иборат?

Етти йилда 49 фоиз ошади

Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, 2022 йилда электр станциялари томонидан ишлаб чиқарилган электр энергияси 74,3 миллиард киловатт-соатни ташкил этган. 2030 йилга бориб бу кўрсаткич 124 миллиард киловатт-соатга етиши ёки бугунгига нисбатан 49 фоиз ошиши прогноз қилинмоқда. Агар мазкур кўрсаткич ишлаб чиқариш қувватига мос равишда бугун энергетика тизимининг ўрнатилган қуввати 18 гигаватт экани ҳисобга олинса, 2030 йилда бу кўрсаткич 35,4 гигаваттга етиши ёки 2 баробар ошиши кутилмоқда.

Прогнозлар кўрсатишича, келгуси етти йилда бугунги 40 фоизга яқин маънан ва жисман эскирган энергия қурилмаларини фойдаланувдан чиқариш билан бирга, энергетика тизими қувватини 17,4 гигаваттга ошириш зарурати мавжуд. Бунда бугунги энергетик мувозанат кўрсаткичлари билан таққослаганда, иссиқлик электр станциялари қувватини 15,4 гигаваттдан 19,6 гигаваттга, ГЭСлар қувватини 2,2 гигаваттдан 3,8 гигаваттга, қайта тикланувчи энергия манбалари қувватини 0,2 гигаваттдан 10 гигаваттга ошириш талаб этилади.

Энергия ресурсларига талаб ортиб бориши шароитида мамлакат энергетика хавфсизлигини таъминлаш масаласи устувор йўналишлардандир. Масаланинг ечими фақат янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш билангина ҳал этилмайди. Чунки талаб доимий равишда каррасига ортиб бормоқда. Биргина мисол: бугун Ўзбекистон дунёда аҳоли сони бўйича 41-ўринда туради ва бу борада 50 та етакчи мамлакат қаторига киради. 2030 йилга бориб юртимиз аҳолиси 40 миллионга етиши прогноз қилинган. Бу эса, ўз навбатида, иқтисодиёт тармоқлари, ишлаб чиқариш, маиший хизмат кўрсатишда электр энергиясига талаб ошишига олиб келади. Хўш, бундай шароитда ундан фойдаланиш самарадорлигини оширишда қандай механизмлар мавжуд? Бу борадаги ҳалқаро тажриба ва юртимиздаги жорий ҳолат қай даражада?

Арзон нарса беқадр(ми?)

Бугун энергия самарадорлиги ва тежамкорлиги бўйича юқори кўрсаткичларга эга хорижий давлатларда электр энергияси нархини таҳлил қилсак, уларда нечоғли юқори қийматда эканини кўриш мумкин. Масалан, 1 киловатт-соат электр энергияси нархи Германияда — 62 цент, Японияда — 24,5 цент, Хитойда — 7,6 цент, Россияда — 5,5 цент, Озарбайжонда — 4,7 цент, қўшни Қозоғистонда — 4,8 цент. Ўзбекистонда эса 2,5 цент. Яна бир маълумот: электр энергияси нархи арзонлиги бўйича Ўзбекистон дунёда 13-ўринда туради.

Энергия ресурслари истеъмолини камайтириш борасида, аввало, юқори харажат талаб этувчи чора-тадбирлар ва уларни молиялаштириш манбаларини обдон ўйлаб кўриш керак. Чунки юқори харажатлилиги туфайли доим ҳам ҳамма нарса етарли даражада амалиётга жорий қилинмайди. Бундай шароитда энг мақбул йўл энергетикада бозор муносабатларига ўтиш ва энергия ресурслари нархини эркинлаштиришдир.

Улгуржи рақобатдош бозорнинг жорий ҳолати

Бугун мамлакатимизда электр энергиясининг улгуржи рақобатбардош бозорига ўтиш йўналишида қатор амалий ишлар қилинмоқда. Жумладан, Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, электр энергиясининг улгуржи рақобатдош бозорига изчил ўтишни назарда тутувчи концепция ишлаб чиқилган бўлиб, уч босқични ўз ичига олади.

Биринчи босқичда электр энергияси ишлаб чиқариш корхоналарини эркинлаштириш ва ишлаб чиқариладиган электр энергиясини сотишни ихтиёр этган хусусий (мустақил) ишлаб чиқарувчилар лицензия олиши кўзда тутилган.

Иккинчи босқичда электр энергиясини тақсимлаш тизимининг ягона оператори яратилади. Электр энергиясини истеъмолчиларга сотишга оид вазифалар эса аста-секин етказиб берувчиларга ўтказилади. Истеъмолчилар электр энергиясини савдо онлайн платформаси ёхуд исталган етказиб берувчи орқали харид қилиш имкониятини қўлга киритади.

Учинчи босқичда “кун ичи (соатбай) савдолар” қўлланади. Унга биноан, режали асосда савдо майдончасида соатбай ишлаб чиқарилган ва истеъмол қилинган электр энергиясининг ортиқча ёки етмаган ҳажми онлайн олди-сотди қилинади.

Энергетикада бозор муносабатларига ўтиш, энергия ресурслари нархини эркинлаштириш масаласига Президентимиз ҳам алоҳида тўхталиб, жумладан, бундай деганди: “Энергетика соҳасида рақобатдош улгуржи бозорни шакллантириш, хусусий инвесторлар учун кенг имкониятлар яратиш ва шу орқали электр энергиясига ўсиб бораётган талабни мақбул нархларда қондиришни асосий вазифа этиб белгиладик. Шу тариқа 2025 йилгача юртимизда камида 50 фоиз электр энергиясини хусусий электр станцияларида ишлаб чиқариш учун барча имкониятларни яратиб берамиз”.

Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, бугунга келиб иссиқлик, қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш бўйича хорижий инвесторлар билан қиймати 16,6 миллиард долларга тенг 34 та битим имзоланган. Ушбу битимлар асосида 19,5 гигаватт қувватга тенг янги электр станциялари ишга туширилади. Электр энергиясини мустақил ишлаб чиқарувчилар қаторида Total Eren SA (Франция), Abu Dhabi Future Energy Company — Masdar (БАА), Aksa Enerji Üretim A.Ş ва Cengiz Enerji San. ve Tic. A.Ş. (Туркия), ACWA Power (Саудия Арабистони), Siemens Energy (Германия), ЕDF (Франция), Stone City Energy (Нидерландия), Gezhouba Overseas Investment Group (ХХР), Tepelen Group AG (Швейцария) каби компаниялар бор.

Табақалаштирилган тарифлар

Бозор муносабатларига ўтишнинг асосий омилларидан бири нархларни эркинлаштиришдир. Мавжуд энергия ресурсларидан самарали фойдаланишда эса табақалаштирилган тарифлар тизимини қўллашнинг самарадорлиги хориж тажрибасида аллақачон тасдиғини топган. Табақалаштиришда энергия ресурслари истеъмоли учун тўловлар сутканинг турли даврида турли тарифлар асосида ўрнатилишини ҳисобга олсак, электр энергетикаси тизимининг максимал юклама соати вақтида, яъни сутканинг тариф юқори бўлган пайтида тўлов юқорилигини билган аҳоли энергия истеъмолини чеклайди. Бу вақтда юқори эҳтиёж бўлмаган электр жиҳозларини ишлатмайди.

Электр энергетикаси тизимининг юкламаси минимал вақтда, яъни сутканинг тариф паст бўлган даврида аҳоли истеъмоли ошиши энергетика тизими учун ҳам, аҳоли учун ҳам манфаатлидир. Бу, ўз навбатида, энергетика тизими қурилмалари, электр узатиш линиялари ва трансформаторларнинг узоқ муддат ва соз ҳолатда ишлашига имкон беради. Албатта, бу каби тизимлар жорий этилиши вақт талаб этади. Аввало, миллий зеҳниятдан келиб чиққан ҳолда барча омилларни ҳисобга олиш ва истеъмолчиларни мазкур ўзгаришларга тайёрлаш даркор. Лекин бир жиҳат аниқки, мазкур тизим хорижий мамлакатларда ўзини тўла оқлаган. Бунда энергетика тизими билан бирга истеъмолчи катта манфаатдорликка эга эканини унутмаслик лозим.

Табақалаштирилган тарифларга ўтишнинг дастлабки босқичи сифатида 2022 йилда энергия ресурслари истеъмоли бўйича “ижтимоий норма” тизимини жорий этиш масаласи кўтарилган, бу бўйича ҳукумат қарори лойиҳаси тайёрланиб, муҳокамага қўйилган эди. Кейинчалик мазкур тизимни жорий этиш муддати кечиктирилди. “Ижтимоий норма”нинг амалиётга киритилиши энергия ресурслари истеъмолида сезиларли ижобий ўзгаришларга олиб келармиди? “Ижтимоий норма”нинг ижтимоийлиги нимада?

“Ижтимоий норма”ни жорий этиш зарурати

“Ижтимоий норма” тизимини жорий этиш, аввало, энергия ресурслари нархининг бозор нархларига ўтиши билан тавсифланади. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил май-июнь ойларида муҳокамага қўйилган “Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нархларини ўзгартириш тўғрисида”ги қарори лойиҳасига мувофиқ, 2022 йил 1 июлдан электр энергияси ва газ истеъмоли учун нархларни “ижтимоий норма” асосида белгилаш кутилган эди. Лойиҳага кўра, амалдаги нархлар оширилиши, шунингдек, белгиланган нормадан кўпроқ ишлатганлар қўшимча ҳар бир киловатт·соат электр энергияси учун 2 баробар ҳақ тўлаши керак эди. Яъни аҳоли истеъмоли учун ойига 250 киловатт соатгача электр энергияси меъёр деб белгиланиб, 1 киловатт-соат учун 325 сўмгача имтиёзли нарх қўлланади. Бундан юқори ҳар бир киловатт-соат учун эса 650 сўмдан тўлаш, яъни бозор нархини қўллаш таклиф этилган. Мазкур қарор энергия ресурслари нархини эркинлаштириш ва бозор муносабатларига ўтиш йўлидаги дадил қадам эди.

Айнан мазкур тизим “кўп истеъмол — кўп тўлов” тамойили асосида шакллантирилган. Энергия ресурслари истеъмоли бўйича белгиланган меъёр ўртача кўрсаткич бўлиб, аксарият аҳолининг ойлик истеъмоли ундан ошмайди. Маълумотларга кўра, истеъмолчиларнинг 80 фоизи ойига ўртача 200 киловатт-соатгача электр энергияси ишлатади. Лекин аҳоли истеъмол қиладиган жами электр энергиясининг бор-йўғи 31 фоизи хонадонлар ҳиссасига тўғри келади. Яъни аҳоли истеъмоли учун йўналтириладиган электр энергиясининг 70 фоизини ойлик истеъмоли 200 киловатт соатдан юқори бўлган 20 фоиз аҳоли ишлатади. Бундан кўриш мумкинки, аҳолининг жуда кам қисми электр энергиясининг асосий қисмидан фойдаланади.

Мазмунан қаралганда, “ижтимоий меъёр” тизими жорий этилиши аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган. Ҳар бир киловатт-соат электр энергияси учун давлат бюджетидан муайян миқдорда субсидия ажратилади. Ижтимоий норма мазкур субсидияларни аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож ёки электр энергияси истеъмоли минимал бўлган аҳоли қатламига йўналтиришни назарда тутади.

Ҳозирча мазкур тизимни жорий этиш кечиктирилган. Лекин юқоридаги таҳлиллардан кўриш мумкинки, “ижтимоий норма” тизимининг жорий этилиши электр энергиясини бозор нархида сотиш ва унинг сотувидан фойда кўриш орқали янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш, электр тармоқларини модернизация қилиш имконини беради. Бу каби ўзгаришлар пировардида электр таъминоти тизими барқарор ишлашига замин яратилади.

Тарғибот — энг яхши восита

Одатда муайян турдаги ислоҳотлар аввалида омма орасида турли ёндашувларга дуч келинади. Аксариятида жорий этилиши режалаштирилган ислоҳот тўғрисида нотўғри фикрлар мавжуд бўлиб, уларнинг моҳияти ва мазмуни батафсил тушунтирилгандан сўнг фуқаролар нотўғри ўйлаганини тан олади. Тажриба кўрсатадики, ҳар қандай соҳадаги янгилик ва ўзгаришларнинг туб мазмун-моҳиятини аҳоли орасида тарғиб қилиш ислоҳотларнинг муваффақиятини белгилайди. Бугун медиаолам ривожланаётган бир шароитда соҳадаги янгилик ва ўзгаришларни аҳолига содда, тушунарли етказиш, асосий векторни ислоҳотларнинг инсон қадри ва манфаатларига йўналтириш лозим.

“Ижтимоий норма” тизими тарғиботида ҳам шу каби бўшлиқлар кузатилди. Тарғибот етишмади. Расмий маълумотлар кўп берилди, лекин содда ва аниқ видеороликлар, мазкур тизим жорий этилишидан аввал ва жорий этилганидан кейин унинг тўлов ҳолатига таъсир кўрсатиши жараёни халққа етарлича етказилмади. Тан олиб айтиш керак, энергия ресурслари нархи билан боғлиқ ҳар қандай ўзгариш доим ҳам ижобий кутиб олинмайди. Лекин бу ўзгаришлар фақат ва фақат халқ манфаатига хизмат қилишини етказиш ҳамда тушунтириш лозим. Бу, ўз навбатида, аҳолининг энергия ресурсларидан фойдаланиш маданияти ошишига ва энергия ресурслари истеъмоли учун тўлов тизимида “кўп истеъмол — кўп тўлов” тамойили қўлланишига олиб келади. Шу ўринда истеъмолчиларга “Пул ўзингизники, лекин ресурслар барчамизники”, деган иборани эслатиш лозим.

Хулоса ўрнида

Бугун Ўзбекистон барча соҳада илдам одимламоқда. Буни дунё ҳамжамияти ҳам эътироф этмоқда. Қайси соҳани олиб қараманг, ривожланишни кўрасиз. Асосий жиҳатни ҳам унутмаслик керак — барча соҳалар ривожи мамлакатнинг энергетик мустақиллиги ва барқарорлиги билан ифодаланади. Ҳар бир воқелик — бир дарс, сабоқ аслида. Сўнгги вақтларда энергетика тизимида кузатилаётган қисқа муддатли ва мавсумий тақчилликдан тўғри хулоса чиқариш лозим. Бу фақат ишлаб чиқариш қувватини кўпайтириш билан ҳал этиладиган масала эмас. Сабаби, сўнгги беш йилда электр энергиясини ишлаб чиқариш 1,3 баробар оширилди. Лекин тизимдаги муаммолар тўла-тўкис бартараф этилгани йўқ. Шундан келиб чиқиб, тизимнинг асосий бўғини бўлган истеъмолчиларнинг шахсий масъулиятини ошириш, энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш ва рағбатлантириш механизмларини ишлаб чиқиш ва, асосийси, бозор муносабатларига ўтиш жараёнини тезлаштириш олдимизга қўйилган вазифаларнинг сифатли ва ўз вақтида бажарилишига замин яратади.

Энергетикада бозор муносабатларига ўтиш учун муайян ишлар бажарилган ва улар давом эттирилмоқда. Лекин бугунги шиддатли замонда бу масалада қатъийроқ бўлиш талаб этилади. Бозор муносабатларига ўтишнинг ҳуқуқий механизмларини яратиш борасидаги ишларни кун тартибига олиб чиқиш лозим.

Хусусан, бозор муносабатларини тартибга солишда асос бўлувчи “Электр энергетикаси тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳририни яратиш билан боғлиқ ишларни ҳамда Электр тармоқлари кодекси (Grid Code) ва электр энергияси бозори моделини ишлаб чиқиш жараёнини якунига етказиш мақсадга мувофиқ. Электр энергияси бозори модели ва бозор муносабатларига ўтиш концепциясини ишлаб чиқиш соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналиши бўлмоғи даркор. Зеро, энергетикада бозор муносабатларига ўтишни даврнинг ўзи талаб этмоқда. Чунки рақобат муҳитидагина ривожланиш бор. Тизимнинг бозор муносабатларига ўтиши эса мазкур рақобатнинг пайдо бўлишига, натижада истеъмолчиларни сифатли ва узлуксиз электр энергияси билан таъминлашга асос бўлади.

Икромжон РАҲМОНОВ,

Тошкент давлат техника университети

кафедра мудири, техника фанлари доктори