Учрашувда асосий масалалардан бири сифатида Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи мамлакатлари билан агросаноат мажмуи соҳасидаги ўзаро алоқаси масалалари муҳокама этилди.
ЕИК вазири Евроосиё иқтисодий иттифоқи АСМни ривожлантиришнинг Ўзбекистон томонидан чуқурроқ ўрганиш учун қизиқарли ва фойдали бўлиши мумкин бўлган бир қатор устувор йўналишларини ажратиб кўрсатди. Булар — ЕОИИ озиқ-овқат хавфсизлигининг умумий тамойиллари ва ёндашувларини шакллантириш, Иттифоқ мамлакатлари бозорларига қўшимча равишда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш билан боғлиқ бўлган эҳтиёжлар ёки имкониятлар тўғрисида тезкор маълумот алмашиш учун майдон яратиш, органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг эркин ҳаракатланишини таъминлаш. Шунингдек агросаноат мажмуида академик мобиллик механизмларини яратиш, Иттифоқ агросаноатини ривожлантириш харитасини ишлаб чиқиш, иттифоқдош давлатларнинг миллий товар ишлаб чиқариш тизимларини бир-бирига боғлаш, шу жумладан Евроосиё улгуржи ва логистика мажмуаларини шакллантириш ҳам устувор аҳамиятга эга масалалардан саналади.
Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев агросаноат комплекси соҳасида ЕОИИ давлатлари билан ҳамкорликни ўзаро манфаатли равишда чуқурлаштириш фойдали эканини билдириб, академик мобилликни ривожлантириш механизмларини яратиш ва аъзо давлатларнинг миллий товар ўтказиш тизимларини бирлаштирувчи лойиҳаларга тўхталди.
Мулоқот давомида ветеринария ва фитосанитария назорати миллий сиёсатини янада такомиллаштириш вазифасини қўйилгани, ушбу йўналишда техник стандартларни мослаштириш, инфратузилмани модернизациялаш учун биргаликда ҳаракат қилиш кераклиги, бунинг учун эса Ўзбекистоннинг ветеринария ва карантин хизматларини ЕОИИ давлатларининг худди шу соҳалардаги инспекция органлари билан бирлаштириш учун майдон яратиш мумкинлиги таъкидланди.
ЕИК вазирининг фикрича, олдинда миллий маҳсулотларни ўтказиш тизимини ягона тармоққа бирлаштириш вазифаси турибди. Бу борада вазир Артак Камалян «ЕОИИ ташкилотининг маҳсулот тақсимлайдиган ягона тармоғи Иттифоқнинг ўзаро ва ташқи савдосини кучайтиришга, транспорт оқимини мақбуллаштириш, ишлаб чиқариш ва маҳсулот сотиш билан боғлиқ логистик ва умумий харажатларни камайтириш учун кўмаклашиш, охир-оқибатда истеъмолчиларни сифатли, янги маҳсулотлар билан таъминлашга қаратилган», – деган фикрни илгари сурди.
ЕИК Вазири Ўзбекистон билан ЕОИИ мамлакатлари ўртасида савдо-сотиқ ҳажмининг юқори эканлигини таъкидлаб ўтди. Хусусан, 2020 йилда ЕОИИ мамлакатларидан Ўзбекистонга экспорт қилинган қишлоқ хўжалиги хом ашёси ва озиқ-овқат маҳсулотлари 1,7 миллиард долларни ташкил этиб, 2019 йил билан таққослаганда, 38,2%га ошган. Ўзбекистондан ЕОИИ давлатларига импорт ҳажми эса 12,3%га ўсиб, 656,4 миллион долларни ташкил этган.
Бундан ташқари, Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий қисми фермер хўжаликлари томонидан етиштирилади. Шу муносабат билан, ЕИК вазири фикрига кўра, Иттифоқ давлатлари ва Ўзбекистон ўртасида ҳамкорликни кучайтириш ва логистик инфратузилма самарадорлигини ошириш учун салоҳият мавжуд, деб хабар беради Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати.