Қўқондан, Риштонгача, Олтиариқ, Ёзёвон, Қўштепа йўллари бўйларидаги боғлар айниқса, баҳор фаслида гулга тўла бўстонга айланади. Дарахтларнинг Қизил, оқ, пушти гулларининг ажиб ифори кишини ўзига маст этади.
Дарахт экиб, боғ яратиш каби гўзал фазилатлари халқимиз қон-қонига сингиб кетган. Томорқа ери бўладими, мўжазгина боғими, кўча ёки йўл бўйигами кўчат экишга, дарахт турларини кўпайтиришга, уларни асраб авайлашга ҳаракат қилади. Мевасидан баҳраманд бўласан, соясида ҳордиқ чиқарасан, одамлар дуо қилишади деган ўй фикр, эзгу ниятлар ила кўчат экади. Натижада йиллар давомида гўзал боғу-роғлар пайдо бўлади. Хаттоки тошлиқ, ташландиқ, қатқалоқ ерларга ҳам ишлов бериб, у ерларни обод қилиш халқимизга хос хислат.
Қува тумани аҳолиси ўзининг кўчат етиштириш борасидаги юксак салоҳияти билан элга танилган. Туманга йўлингиз тушганида, йўл бўйича турфа арчалар, дарахт кўчатлари, гулларни сотиб ўтирган қувалик ҳамюртларимизга боқиб ҳам билиш мумкин. Бу дарахтлар, гуллар шу тупроқдан Қува заминида, меҳнаткаш инсонлар қўлида пайдо бўлган. Уларни олиб бориб ерга эксангиз бас, ўсиб, ривожланиб манзарали дарахтларга айланади.
Дарҳақиқат, бугун Қуваликлар кўчатчилик ортидан мўл ҳосил олиб, юқори даромадга эга бўлмоқда. Шу меҳнат, машаққат туфайли уларнинг оиласига, хонадонига файзу-барака тўкинлик кирмоқда.
Меҳнатлар самарасидан оиласи ҳам, маҳалласи ҳам юртимиз ҳам обод бўлиб бормоқда. Қуваликларнинг хонадонлари бугун саришта, томорқаларида доимо турли экинлар, турфа дарахтлар яшнаб кўзингини қувнатади. Шу меҳнат ортидан улар иморат солиб,тўй қилиб, йўқсилларга ёрдам қўлини чўзишяпти.
Агар хонадонгиздаги томорқангизга кўчат олмоқчи бўлсангиз, Қувага келинг, адашмайсиз. Бу ерда кўчатларнинг сара навлари ҳақиқий миришкорлар томонидан етиштирилади. Қув анори, гилоси, олма, беҳи ва ўрик кўчатлари, ҳаттоки, цитрусли меваларни етиштиришни ҳам уддалашяпти. Банан, апелсин, мандарин меваларини етиштириб келишяпти.
Айниқса, қуваликлар сабзавот кўчатларини етиштиришни устасига айланиб кетишган. Туманнинг “Гумхона” маҳалласи аҳолиси ҳам бугун кўчатчилик ортидан фаровон турмуш кечириб келмоқда. Маҳалла хонадонларидаги ҳар бир оила ўз томорқасида сабзавот кўчатларини етиштиради. Ҳар бир оилада иссиқхоналар яратилган бўлиб, унда помидор, бодринг кўчатлари етиштирилиб ички бозорга, мамлакатимизнинг турли ҳудудларга етказиб берилади.
Қуваликлар йилига 3 бора ҳосил олиб, юқори даромадга эришиб келишмоқда. Кўчатчиликнинг ўзидан миллион-миллион даромад олаётган маҳалла аҳолисининг ҳаёти фаровон. Маҳалла раиси Адҳамжон ака Мамасаидовнинг айтишича, карантин вақтида маҳалла аҳолисининг жами даромади 4 миллиард сўмга етибди.
Бугун иссиқхоналарда етиштирилаётган помидор,бодиринг кўчатлари нафақат ички бозорга, балки чет элларга ҳам экспорт қилинмоқда. Ўтган йили “Гумхона” маҳалласи “Йилнинг энг наъмунали маҳалласи” кўрик танловида биринчи ўринни қўлга киритгани бежиз эмас албатта.
Илҳомжон Нурматов ҳам шу маҳаллада истиқомат қилади. Ушбу ҳамюртимиз маҳалланинг энг фаол кўчатчиларидан саналади. Илҳом ака томорқасидаги 5 сотихдан иборат ерда иссиқхона ташкил этиб, унда помидор ва бодирингни сара навларини етиштириб келмоқда.
Шунингдек, кўчат етиштириш мақсадида яна қўшимча 4 сотих ерда иссиқхона ташкил этиб, у ерда ҳам сабзовот кўчатларини етиштириб келмоқда. Маҳалла фуқароларининг ерни севиши, табиат ва атроф-муҳитга бўлган эътибори, ўсимликлар ва тупроқ тилини тушунгани учун бугун мана шундай натижаларга эришиб келяпти. Униб ўсган ва экишга тайёр ҳолатга келтирилган кўчатлар бозорларга етказиб берилмоқда.
Арчадан 100 миллион сўм даромад олаётганлар
Айни вақтда, Фарғона вилоятида ердан самарали хосил олиш, ёшларнингбандлигини таъминлаш мақсадида, деҳқончилик билан шуғулланиш истагини билдирган ёшларга алоҳида ерлар ажратиб берилиб, у ерда деҳқончилик билан шуғулланиб қисқа вақт ичида юқори даромад олишмоқда.
Қува туманидаги Дамариқ маҳалла фуқаролар йиғинидаги 10 гектар ер ҳам ёшларга ажратилган бўлиб, бу ерда ёшлар кўчатчилик коперациясини амалга ошириб, меҳнат қилиб келишяпти. Ушбу кўчатчилик коперациясига бугунги кунда ёш ва шижоатли аёл Гулбахор Шералиева раҳбарик қилиб, ёшларни ёнига олиб 10 гектар ерда арча кўчатларини етиштириб келяпти.
Гулбахор Шералиеванинг айтишича: “Авваллари қишлоқда мавсумий ишчи бўлиб ишлардим. Кейинчалик ерга қизиқишим сабаб туман ҳокимлигига ер беришларини, деҳқончилик билан шуғулланишимни айтдим. Мурожаатим кўриб чиқилиб ер ажратиб берилди. Уни кенгайтириб бугун кооперация кўринишида фаолият олиб боряпмиз. Ерга асосан арча, каштан, турли манзарали дарахт ва гул кўчатларини экяпмиз. Улар ўсиб ривожланганидан кейин сотиш муаммо бўлмайди.
Ички бозорга, шунингдек республикамизнинг турли вилоятларига, буюртмачиларга етказиб беряпмиз. Ҳаттоки чет элларга Қозоғистонга, Туркманистонга етказиб беряпмиз. Ҳар бир мавсумга мос бўлгани учун арчадан яхши даромад оляпмиз. Ҳар йили 70 сотих ердан юз миллион даромад олиш мумкин.
Юз минг сўмлик арча кўчати уруғидан 10-15 миллион сўмлик даромад олиш мумкин. Чўчимай ерга арча уруғларини, арча кўчатларини экиш мумкин. Бир парча ерингизга ҳам арча уруғини сепиб, уни ўстириб даромадини олган сари ғайратингиз жўшаверади”.
Хонадонида эко боғ яратган аёл
Қува туманининг Янги чек маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Барно опа Икромова хонадонига кирсангиз қайтиб чиқиб кетгингиз келмайди. Оила бекаси Барно опа томорқасида бир-биридан гўзал, мафтункор, кимматбахо гул ва манзарали кўчатларни етиштириб келади. Хонадоннинг ўзи бир бўстон! Опа уй шароитида гўзал бир экобоғни яратиб қўйганидан ҳайратингиз ошади.
Сабаби, бу уйда гулларнинг барча турларини кўриб баҳри дилингиз очилади. Камалакнинг деярли барча ранглари мавжуд гуллардан завқингиз ошади. Атиргулнинг турли навлари, лола, шамшод, палма гуллари бамисоли дарахт кўринишига келган.
Чет элдан олиб келинган бурданеж, мангулия, смарк, ясин, юпа, оқ қайин, арчанинг турли навлари, қирим соснаси, павлония, лавровий листу, райхону ялпизлар, гуллардан ташкил топган ғаройиб декрациялар экобоғга янада тароват бағишлаб турибди. Гуллар орасидаги сўрида бир пиёла чой ичиб ширин ҳаёл суришнинг гашти бошқача.
Ана шундай муаттар гулларга кўмилган обод хонадонда бугун 5000га яқин гуллар, манзарали кўчатлар парвариш қилиб келиняпти. Шунингдек, Барно опа алоҳида 3 гектар ер олиб манзарали дархт ва гул кўчатлари етиштириб келяпти.
Барно опа табиатга, экологияга бўлган меҳр-муҳаббати сабаб бугун мана шундай гўзал боғу борғларни барпо этди. Экологик партия аъзоси сифатида табиатни севишни, ардоқлашни, гул ва ниҳолларни етиштириш сирларини уйига келган меҳмонларга ҳам улашади.
- Инсон қўли мўжизалар яратишга қодир. Фақат озгина ҳавсала, эътибор, меҳнат, ҳаракат бўлса бас, ҳар қандай ерда ҳам чаманзорлар яратса бўлади, - дейди Барно опа.
Барно опа Икромованинг ана шундай меҳнатлари ўтган йили муносиб баҳоланиб “Шуҳрат” медали билан тақдирланди. Бугун кўксини безаб турган ушбу мукофот қаҳрамонимизга масъулият, куч ва шижоат бағишлаб, ушбу эзгу ишини янада фаоллик билан амалга оширишга чорлаб келмоқда.
Ҳа, дунёда инсон борки, умр манзилларида яшаб иқтидор, маҳорат, қунт ва ирода билан кўзлаган эзгу мақсадларига эришади. Меҳнати ортидан саодат топаётган ҳамюртларимиз, шубҳасиз, барчамизга ибрат!
Ф.Ўктамова
Ўзбекистон Экологик партияси
Фарғона вилоят кенгаши масъул ходими