Юртимизда ўсимликларнинг 4,5 мингга яқин тури ўсади. Биологик ва ландшафт ранг-баранглиги ҳам асосий миллий бойликларимиз ҳисобланади.
Бугунги кунда қўриқхоналар ва миллий табиат боғлари ходимлари томонидан нафақат ўз ҳудудидаги табиий бойликларни асраш, балки аҳоли ўртасида муҳофаза этиладиган табиат бойликларининг нечоғлиқ муҳимлигини тушунтириш, атроф-муҳит озодалиги ва биохилма-хилликни сақлаш билан боғлиқ тарғибот-ташвиқот ишлари ҳам олиб борилмоқда.
Лекин бугун жиддий хавф билан юзма-юз келганимизда тарғибот-ташвиқот ишлари билан чегараланмай, қатъий чоралар қўллашимиз зарурлигини тушуниб етдик.
Шу ўринда бугунги кунда амалга оширилаётган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси иқлим ўзгариши, чўлланиш, шўрланиш, тупроқ эрозияси ва бошқа муаммоларга ечим бўлаётганини эътироф этиш зарур. Дунёдаги бошқа давлатларда экология билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш бўйича тажрибаларга назар ташласангиз, ХХРда ҳозирги кунга қадар давом этаётган дарахт экиш, «яшил белбоғлар» (иҳоталар) барпо этиш орқали чўлланишни тўхтатишга муваффақ бўлингани эътиборга молик.
Ўтган асрнинг 70 йилларида Хитойдаги Гоби ва Такламакон чўллари ҳалокатли даражада кенгая бошлагани, қумликларнинг маданий ўсимликлар ўсаётган майдонларга кириб келгани Хитой халқини ташвишга солиб қўйган эди. 1978 йилда ХХР ҳукумати томонидан махсус дастур ишлаб чиқилиб, уни амалга оширишга киришилди. Яъни иккита катта чўл атрофида яшил «белбоғ»лар барпо этилишига миллионлаб аҳоли жалб қилинди. Натижада чўлланиш жараёни нафақат тўхтатилди, балки қумликлар ютиб юборган экинзорлар қайтариб олинди. Эндиликда хитойликлар чўлларни чекинишга мажбур этиб, экинзорларни кенгайтириш учун кураш бошлаган. Бу курашда ҳам кўчат экиш, иҳоталар барпо этиш асосий қурол вазифасини бажармоқда.
Мамлакатимиздаги мавжуд чўл ҳудудлари кенгайиб бориши озиқ-овқат хавфсизлигига ҳам жиддий таъсир кўрсата бошлади. Натижада экинзорлар ҳосилдорлиги пасайиб, экин майдонлари ҳудуди йилдан йилга қисқармоқда. Аҳоли сони ортиб бораётганини ҳисобга олганда, бу бонг уришга асосли хабардир. «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси биз учун шу қадар муҳимки, унинг ижросини таъминлашга ёшу қари бирдек масъул.
2024 йилнинг баҳор мавсумида Жиззахда 9,8 миллион туп кўчат экилиши белгиланган эди. Вилоят бўйича жами 10,6 миллион туп кўчат экилиб, режа 107 фоиз бажарилди. Туман (шаҳар) экология инспекциялари томонидан жами 294 та корхона ва ташкилотга манзарали, мевали дарахтлар ва буталар ҳамда кўчатларни озиқлантириш ва парвариш қилиш бўйича кўрсатмалар берилди. Аммо кўрсатмаларни ўз вақтида бажармагани, суғориш ишларини ташкил этмагани ҳамда дарахтлар ва кўчатларни муҳофаза қилиш чораларини кўрмагани, пайҳон қилиш ҳолатлари бўйича 167 нафар масъул ходимга 543 миллион 730 минг сўм маъмурий жарималар қўлланди.
Ёз ва куз мавсумида ҳаво ҳарорати кескин ошиб кетган вақтларда экилган дарахт ва бута кўчатлари қуриб қолишининг олдини олиш, экилган кўчатларни сақлаб қолиш мақсадида 4 миллион 700 мингдан ортиқ кўчат суғорилди.
Шунингдек, 2024 йил кузги кўчат экиш мавсумида вилоят бўйича 6 миллион 668 минг 570 туп манзарали дарахт ва бута кўчати экилиб, белгиланган режа 105,2 фоиз бажарилди.
Хуллас, баҳорги ва кузги экиш якуни бўйича вилоятда 17 миллион 268 минг 570 туп кўчат экилди. Агар шу суръат сақлаб қолинса, вилоятда яшил майдонлар сезиларли кенгаяди.
Аммо қоғоздаги ҳисоботларга қараб иш кўрилганида ҳамма ёқ дарахтзорга айланиб кетган бўларди. Афсуски, ундай эмас, айрим ташкилот ва муассасалар рақамнинг ортидан қувиб, ер ҳолати, куннинг экишга мослиги, суғориш имкони, шароитнинг ҳисобини олмай кўчат экишга зўр берди. Натижада минглаб кўчатлар кўкармай қуриб қолди. Қанча меҳнат, қанча маблағ ҳавога совурилди.
Ҳудудларда экиладиган дарахт ва бута кўчатлари кўкарувчанлигини таъминлаш учун суғориш тизими мавжуд бўлмаган ерларга ҳамда ёши 5 йилдан кам бўлган кўчатларнинг экилиши тақиқланган бўлса-да, жорий йилнинг баҳор мавсумида Арнасой, Бахмал, Ғаллаорол, Ш.Рашидов, Зомин, Зарбдор, Зафаробод, Фориш ва Янгиобод туманларида жами 14 та корхона, ташкилот ва муассаса томонидан 42 минг 390 туп кўчат суғориш тизими мавжуд бўлмаган ерларга экилган.
Янги қуриладиган бино ва иншоотларни лойиҳалаштиришда уларга туташ ҳудудларнинг кўкаламзорлаштириш майдонлари лойиҳа учун ажратиладиган ер участкалари умумий майдонининг 25 фоизидан кам бўлишига йўл қўйилмайди деб белгиланган. Аммо ушбу масалага қурилиш ташкилотлари, буюртмачи, лойиҳачи, пудратчи томонидан эътибор берилмай, қурилишлар лойиҳалаштирилиб, фойдаланишга топшириб юборилмоқда.
Шу билан бирга, давлат аҳамиятидаги автомагистраллар атрофида ташкил этилаётган «яшил белбоғ»лар суғориш тизими мавжуд бўлмагани ҳамда агротехника қоидаларига риоя этилмагани сабабли унувчанлик даражаси пастлигича қолмоқда. Туман (шаҳар)ларнинг ички ва марказий кўчаларида экилган кўчатлар қуриб қолиш ҳолатлари кўп учрамоқда.
Юқорида келтирилган 42 минг 390 туп кўчатнинг аксарияти баҳорги экиш даврида ўтқазилган ва кўкармагани аниқланган. Кузги экишда кўкармайдиганлари энди маълум бўлади. Бундай кўзбўямачилик, маблағларни ҳавога совуриш ҳисобига режани бажаргандан бажармаган маъқул эмасми? Эсиз…
Тез орада баҳорги экиш мавсуми бошланади. Лекин ақли бор раҳбарлар, маҳалла етакчилари қишнинг илиқ кунларидан фойдаланиб, белгиланган жойларга аллақачон кўчат ва бута ниҳолларини экиб қўйди. Янги мавсум олдидан йўл ёқаларида аввал суғориш тизимини шакллантириб, кейин кўчат экишни бошлаш керак.
Шунингдек, чўл ҳудудларида ҳам иҳоталар яратишдан аввал уларни суғориш ташвишини қилиб қўйиш зарур. Акс ҳолда, қумликлар сездирмай экинзорларга кириб келади.
Асад МУСТАФОЕВ,
журналист