“Аҳолининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш хизматини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори бу борада ўз вақтида қабул қилингани билан аҳамиятлидир. Ушбу ҳужжат билан аҳоли руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш хизматини тубдан такомиллаштириш юзасидан ихтисослаштирилган психиатрия ва наркология ёрдами кўрсатишнинг ягона вертикал бошқарув тизимини жорий этиш белгиланди.

Қарорда бирламчи бўғин тиббиёт муассасаларига руҳий саломатликни муҳофаза қилиш хизматларини интеграция қилиш, руҳий ҳолати бузилган шахсларни дори воситалари билан эҳтиёжга кўра тўлиқ таъминлаш кўзда тутилган. Шунингдек, аҳоли, айниқса, болалар ва ўсмир ёшларнинг руҳий саломатлигини мустаҳкамлаш, соҳада кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, мутахассисларни муносиб рағбатлантириш ва самарали меҳнати учун қўшимча шароитлар яратиш, психиатрия муассасаларининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлашга қаратилган қатор вазифалар белгилаб берилди.

Эндиликда Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт маркази Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт марказига айлантирилиб, фаолияти қайта ташкил этилади. Туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларида тиббий психолог, стационар ўринга эга бўлмаган руҳий-асаб касалликлари диспансерлари ва таркибида диспансер мавжуд бўлган руҳий касалликлар шифохоналарида суицидолог, стационар ўринга эга бўлган руҳий-асаб касалликлари диспансерлари ва руҳий касалликлар шифохоналари қабул бўлимида бир қатор шифокорлар штатлари жорий этиладиган ва ходимлар руҳий ҳолати бузилган шахсларни аниқлаш ва улар билан ишлаш бўйича ўқитиладиган бўлди.

Мактабгача ва мактаб таълими тизимида ўқувчиларда ўзини ўзи бошқариш, мураккаб ҳаётий вазиятларни енгиб ўтиш кўникмасини шакллантириш, депрессия, хавотирли ҳолатлар ва суицидларнинг олдини олиш бўйича махсус ижтимоий-эмоционал ўқув соатларини (Social Emotional Learning, SEL) умумий ўрта таълим муассасаларида ўқитиш йўлга қўйилади.

Соҳани малакали кадрлар билан таъминлашни янада яхшилаш борасида ходим “психиатрия”, “суд психиатрияси”, “тиббий психология” ва “наркология” йўналишлари бўйича қайта тайёрлов, “Психиатрия”, “Тиббий психология” ва “Наркология” клиник ординатура ва магистратура мутахассисликларига ўқиши, ушбу йўналишлар бўйича нуфузли хорижий тиббиёт муассасалари ҳамда марказларида малака ошириш ва стажировка ўташи ташкил этилади. Шунингдек, давлат тиббиёт муассасаларида фаолият юритаётган психиатр, тиббий психолог, психотерапевт ҳамда суицидологларнинг лавозим маошига устама миқдори 25 фоиздан 50 фоизга оширилди.

Руҳий ҳолати бузилган шахслар амбулатор шароитда даволаниши учун уларни имтиёзли асосда дори воситалари билан таъминлашга 2023 йилда қўшимча 10 миллиард сўм маблағ ажратилиб, кейинги йилларда давлат бюджети параметрларида маблағлар назарда тутилиши белгилаб қўйилди. Бу эса, тиббиёт муассасаларини, шу жумладан, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларини руҳий ҳолати бузилган шахсларни даволаш учун дори воситалари билан эҳтиёжга кўра тўлиқ таъминлаш имконини беради.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг руҳий ҳолат бузилишлари ва неврологик бузилишлар, шунингдек, психофаол моддаларни истеъмол қилиш билан боғлиқ бузилишларда ёрдам кўрсатиш бўйича ҳаракатлар дастури (Mental Health Gap Action Programme) амалга оширилади. Мутасадди вазирлик ва идоралар тизимида фаолият юритувчи психологлар, илмий доиралар ва фуқаролик жамияти институтлари вакилларидан иборат руҳий саломатликни муҳофаза қилиш масалалари бўйича жамоатчилик кенгаши ташкил этилиб, улар томонидан ушбу соҳадаги муаммоли масалаларни муҳокама қилиш, психологлар фаолиятини самарали ташкил этишга кўмаклашиш, соҳага замонавий технология ва усулларни татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилади.

Бундан ташқари, психиатрия ва наркология муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларнинг фаолиятини рақамлаштиришни жадаллаштириш, нодавлат нотижорат ташкилотлар билан ҳамкорлигини кучайтириш, психиатрия йўналиши бўйича даволаш стандартлари ва клиник баённомаларини қайта кўриб чиқиш белгиланган. Марказда илмий-тадқиқот лабораториялари фаолиятини йўлга қўйиш, руҳий ҳолат бузилишлари, уларнинг бошланғич аломатлари ҳамда ўз вақтида даволанмасликнинг салбий оқибатлари тўғрисида аҳолининг хабардорлик даражасини ошириш борасида вазифалар ва уларни амалга ошириш механизмлари ҳам аниқ белгилаб қўйилди. Бундай саъй-ҳаракатлар, албатта, руҳий ҳолати бузилган шахсларни эрта аниқлаш, даволанишини ташкил этиш ва руҳий ҳолати бузилиши натижасида келиб чиқадиган нохуш ҳолатларнинг олдини олиш учун замин яратади.

Ушбу ҳужжат ижроси аҳолининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш хизматини такомиллаштириш, руҳий ҳолат бузилишларини эрта аниқлаш, уларга ташхис қўйиш, даволаш сифатини ошириш, соҳада самарали бошқарув тизимини жорий этишга замин яратади. Бу борада илм-фанни ривожлантириш, кадрлар салоҳиятини юксалтириш ва психиатрия муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, аҳолига ўз вақтида психиатрия ёрдами кўрсатилишини ташкил этишга хизмат қилади.

“Руҳий саломатлик” тушунчаси, бу – инсон ўз имкониятларини рўёбга чиқариши, ҳаётнинг нормал стрессларига дош бера олиши, сифатли ва самарали меҳнат қилиши, шунингдек, жамиятда ўз ҳиссасини қўшиши мумкин бўлган фаровонлик ҳолати сифатида тавсифланади. Шу нуқтаи назардан, мазкур қарорда белгиланган вазифалар ўз вақтида ижро этилиши аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий хизмат сифатини оширишда муҳим қадам бўлади.

Зумрад БЕКАТОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутути