Парижда давом этаётган Ўзбекистон тарихи ва маданий меросига бағишланган иккита йирик кўргазма ҳамда Ўзбекистоннинг халқаро майдонда ошиб бораётган ўрни ва мамлакатимизнинг ШҲТдаги иштирокига бағишланган мазкур мақолалар француз жамоатчилиги томонидан катта қизиқиш билан мутолаа қилиняпти.

Таниқли журналист Леопольдин Фрержак «Valeurs actuelles» журналида чоп этилган «Ўзбекистон санъатининг буюк лаҳзалари» сарлавҳали мақоласининг сўз бошида «Лувр Музейи 19 асрлик тарихга оид ушбу Марказий Осиё давлати ҳудудини эгаллаган цивилизацияларга бағишланган кўргазмани намойиш этяпти», дея қайд этади.

Материалда таъкидланишича, қадимги даврдан бошлаб эрамизнинг биринчи асридаги подшоҳликларигача, турк ва хун кўчманчи гуруҳлари келгунга қадар Ўзбекистон турли цивилизациялар ва маданиятлар бешиги бўлган. «Марказий Осиёнинг бу ҳудуди тез орада Ислом дунёсининг марказига айланиб, моддий маданиятининг кўтарилишига сабаб бўлди. Лувр Музейида «Ўзбекистон воҳаларининг мўъжизалари. Карвон йўллари чорраҳасида» кўргазмасида энг қадимий Қуръоннинг тақдим этилиши ҳудуддаги туб ўзгаришлардан далолат беради», деб ёзади француз журнали.

Муаллиф, шунингдек, Париждаги Араб дунёсида ташкил этилган «Самарқандга йўл. Ипак ва олтин мўъжизалари» номли кўргазма ҳақидаги тафсилотларни муштарийлар эътиборига ҳавола этган. «Ипак бархатидан тикилган ва олтин билан қопланган чопон, сўзана, йирик каштадўзлик матолари, дўппилар ва от мусобақаси маросимлари буюмлари: XIX—XX аср ҳунармандчилик ноёблигини кўрсатадиган Ўзбекистон тўқимачилиги соҳасидаги ноу-хаулар Париждаги Араб дунёси институти диққат марказида турибди. Кўргазмада 300дан ортиқ намуналар тақдим этилган бўлиб, улар маҳаллий санъатнинг юксак фазилатларини очиб беради, деб ёзади Леопольдин Фрержак.

«Revue Conflits» веб-сайтида эълон қилинган «Ўзбекистон Марказий Осиёда етакчи роль ўйнаш истагида» сарлавҳали мақолада эса Ўзбекистонинг Марказий Осиё минтақасидаги ўрни ва минтақада тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, аҳоли фаровонлиги ошириш бўйича халқаро ташаббуслари батафсил қаламга олинган.

Нашр халқаро шарҳловчиси Себастьян Буссуа қаламига мансуб ушбу материалда Ўзбекистон сўнгги йилларда Марказий Осиёдаги минтақавий сиёсат марказларидан бирига айланиб бораётгани таъкидланган, деб хабар беради «Дунё» АА.

«Ўзбекистон инклюзив халқаро ҳамкорлик тарафдори бўлиб, «Марказий Осиё плюс» форматларида мулоқот ва ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришда фаол иштирок этади. Сўнгги йилларда мамлакат минтақанинг барча давлатлари билан муносабатларини юқори стратегик даражага кўтаришга ва Марказий Осиёни очиш ва уни айниқса Ғарбнинг, хусусан, европаликларнинг, танланган ҳамкорига айлантириш учун мутлақо янги муҳит яратишга муваффақ бўлди», деб ёзади веб-сайт.