Бугун айрим ривожланган давлатларда озиқ-овқат маҳсулотлари исроф қилинишига қарши ана шундай курашилмоқда. Чунки йилдан-йилга дунё аҳолиси сони кўпайиб, шунга мос тарзда озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаб ҳам ортиб бормоқда. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмолчига етказиш оддий жараён эмас. Бунинг учун қанчадан-қанча одам тер тўкади, вақт, маблағ ва катта ресурслар сарфланади. Айрим давлатлар ортиқча озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариб, исрофгарчиликка йўл қўяётган бир пайтда, баъзи камбағал мамлакатлар аҳолиси оғзи овқатга етмай, очарчиликдан қийналаётгани масаланинг қанчалик долзарблигидан далолат беради. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маълумотларига қараганда, бугунги кунда дунёда 820 миллион одам очарчиликдан азият чекмоқда. Ваҳоланки, дунё бўйича озиқ-овқат маҳсулотларининг учдан бир қисми турли сабаблар билан фойдаланилмай, чиқинди сифатида ташлаб юбориляпти.
БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти — ФАО маълумотларида қайд этилишича, АҚШда йилига ҳар бир одам 115 килограммдан озиқ-овқат маҳсулотларини исроф қиляпти. Бу кўрсаткич Европада 95, Африка ва Жануби-Шарқий Осиёда 7–11 килограммни ташкил этаётир. Аёнки, дўконлар муддати ўтаётган озиқ-овқат маҳсулотларидан воз кечади. Умумий овқатланиш муассасалари сотилмай қолиб кетган, одамлар эса сотиб олган ёки пиширган таомларининг ортиқчасини ташлаб юборади. Аслида ана шундай озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомларга муҳтож одамлар борлиги эса инобатга олинмайди.
Ортиқчасини бошқаларга илин!
БМТнинг бонг уришича, озиқ-овқат маҳсулотларининг исроф этилиши ва айнишининг олдини олиш дунёда очарчиликка қарши курашишда муҳим аҳамият касб этади. Бу эса фудшеринг тизимини дунё миқёсида йўлга қўйишни ва ривожлантиришни тақозо этмоқда.
Дунё мамлакатларида татбиқ этила бошланган фудшеринг қандай тизим? Унинг жаҳон миқёсида озиқ-овқат ресурсларидан унумли фойдаланиш, исрофгарчиликнинг олдини олиш, атроф-муҳит мусаффолигини сақлашдаги ўрни қандай?
Аввало, фудшеринг атамасига изоҳ бериб ўтсак. Фудшеринг инглизча сўз бўлиб, food — “овқат”, sharе — “бўлишмоқ” деган маънони англатади. Бу муддати ўтиб бораётган, лекин сотилмай қолган озиқ-овқат маҳсулотларини хайрия ташкилотлари ёки онлайн-платформа, ижтимоий тармоқлар орқали тарқатиш амалиётидир. Бу шундай ҳаракатки, ташкилот ва одамларнинг ортиқча озиқовқатни исроф қилиб, шунчаки ташлаб юборишининг олдини олади, уни муҳтож одамларга тортиқ этиш имконини беради.
Фудшеринг Германияда, даставвал озиқ-овқат чиқиндилари юзага келишининг олдини олиш усули сифатида пайдо бўлган. Кейинчалик бу ижтимоий моҳият касб этиб, жамиятнинг кам таъминланган оилаларини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш вазифаларини ҳам ўз ичига ола бошлайди.
Дунёдаги илк фудшеринг-лойиҳа Германиянинг Foodsharing.de платформаси бўлиб, 2012 йилда ишга туширилган. Айни пайтда Германия, Австрия, Швейцария ва бошқа Европа мамлакатларидан 200 минг нафардан зиёд киши мазкур онлайн-платформадан рўйхатдан ўтган. Шу билан бир қаторда, Германияда 1,65 миллион нафар кишига озиқ-овқат маҳсулотларини беғараз етказиб берадиган озиқ-овқат банклари ҳам мавжуд.
Бугунги кунда фудшеринг билан турли жамоат ташкилотлари, волонтёрлик ҳаракатлари ҳамда озиқ-овқат банклари шуғулланмоқда. Улар ортиб қолган озиқовқат маҳсулотларини тақсимлаш, уларни муҳтожларга етказиб беришда қўл келади.
Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, фудшерингнинг турли шакллари мавжуд. Хусусан, истеъмолчидан истеъмолчига (consumer-to-consumer) модели кенг тарқалган. Унга кўра, жисмоний шахслар ўзлари улашмоқчи бўлган озиқовқат маҳсулотларини маълумот ва суратлар билан онлайн-платформага, ижтимоий тармоқларга жойлайди. Унга қизиқиш билдирганлар эълон муаллифи билан учрашув жойини белгилаб, ундан ўша озиқ-овқатни қабул қилиб олади. Нафақат харид қилинган, балки уйда тайёрланган турли таомлар ҳам платформа воситасида ижтимоий ҳимояланмаган аҳоли қатламларига етказиб берилади. Муҳими, бундай саховат беғараз кўрсатилади.
Бизнесдан истеъмолчига (business-toconsumer) усулида эса ишлаб чиқарувчилар, компаниялар, дўконлар муддати ўтаётган маҳсулотларни истеъмолчиларга ёрдам тариқасида етказиб беради. Бу орқали ҳам ижтимоий ёрдам кўрсатилади, ҳам экологияга зарар етказишнинг олди олинади.
Мазкур усулнинг нотижорат шаклида волонтёрлар келишув асосида тегишли ташкилотга келиб, улашиладиган озиқовқат маҳсулотларини ижтимоий ҳимояланмаган аҳоли қатламларига етказиш чораларини кўради. Мазкур сервис фаолият кўрсатаётганидан буён 30 минг тоннадан зиёд озиқ-овқат маҳсулотлари исроф қилинишининг олди олинди.
Дунё давлатлари исрофгарчиликка қарши қандай курашмоқда?
Францияда бир киши йилига 30 килограмм озиқ-овқат маҳсулотини исроф қилар экан. Бунинг натижасида мамлакат ҳар йили 12–20 миллиард еврогача зарар кўрмоқда.
“Российская газета” нашрининг ёзишича, Россияда фуқаролар ҳамда савдо тармоқлари ҳар йили қиймати 1,6 триллион рубль бўлган 17 миллион тонна озиқ-овқат маҳсулотларини чиқинди сифатида ташлаб юборади. Бундай миқдордаги маҳсулотлар билан 30 миллион аҳолини бир йил давомида боқиш мумкин экан. Ушбу мамлакатда нон ва нон маҳсулотлари, макарон, ун, картошка ҳамда сут маҳсулотлари кўпроқ исроф қилинаётгани аниқланган. Бугунги кунда ривожланган мамлакатларда озиқ-овқат ресурслари исрофгарчилигига қарши курашиш борасида қатъий чоралар кўрилмоқда. Хусусан, 2016 йилда Францияда супермаркетларнинг сотилмай қолган, бироқ истеъмолга яроқли озиқ-овқат маҳсулотларидан воз кечишини тақиқлайдиган қонун қабул қилинган. Унга мувофиқ, савдо дўконлари сотилмай қолиб кетган маҳсулотларни ёрдамга муҳтож аҳоли вакилларига етказиб бериш юзасидан хайрия ташкилотлари билан шартнома туза бошлади.
Статистик маълумотлар шундан далолат беряптики, Хитойда ҳар йили 35 миллион тонна озиқ-овқат маҳсулотлари чиқинди сифатида ташлаб юборилади. Шу боис, Хитой парламенти 2021 йилда озиқ-овқат маҳсулотларининг исроф этилишига қарши курашиш билан боғлиқ қонун қабул қилди.
Айрим давлатларда, хусусан, Бельгияда фудшерингга асосланган муассасалар фаолият кўрсата бошлади. Уларда озиқ-овқат қолдиқларидан шўрвалар тайёрлаб сотилмоқда. Данияда эса Too Good To Go махсус иловаси ишга туширилган бўлиб, унда ресторанлар, супермаркетларда сотилмай қолиб кетган маҳсулотлар бўйича маълумот бериб борилади. Мазкур иловадан Европанинг 11 та мамлакатида фойдаланилмоқда. Бу орқали минглаб килограмм овқат исроф этилишининг олди олинмоқда.
“Food Banking” фудшеринг вазифасини бажаради
Аёнки, ижтимоий ҳимояланмаган аҳоли қатламларига турли тармоқлар — маҳалла, ҳокимият, хусусий сектор орқали асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш тажрибаси амалиётда учрайди. Айниқса, пандемия даврида бу борада кўплаб ишлар амалга оширилди. Лекин айнан фудшеринг тизими мамлакатимизда ҳозирча йўлга қўйилгани йўқ.
Бугунги кунда Ўзбекистонда озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан, музлатилган, қайта ишланган гўшт-сут маҳсулотлари ёрлиқларида яроқлилик муддати “истеъмол қилиш муддати” кўринишида қўлланилади, бироқ халқаро амалиётда маҳсулот ёрлиқларида “мақбул бўлган истеъмол муддати” қўлланилиб, маҳсулотни ушбу муддатдан кейин ҳам истеъмол қилиш мумкин. Дунё тажрибасидаги ана шундай жиҳатлар ҳисобга олиниб, мамлакатимизда озиқ-овқат маҳсулотларини хайрия тарзида ижтимоий ҳимояланмаган аҳоли қатламларига тарқатиш фаолиятини амалга оширувчи “Food Banking” тизимини йўлга қўйиш бўйича чоралар кўрилмоқда.
Хусусан, 2021 йил 17 сентябрда Вазирлар Маҳкамасининг “Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари йўқотишларини қисқартиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Ушбу қарорда тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда хорижий тажрибани чуқур ўрганган ҳолда, республикада озиқ-овқат маҳсулотлари исрофгарчилигини камайтириш, ушбу маҳсулотларни йиғиб олиш ва уларни хайрия тарзида тарқатиш фаолиятини амалга оширувчи “Food Banking” ташкилотлари тизимини жорий этиш белгиланган.
Бундан ташқари, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда озиқ-овқат маҳсулотларидаги йўқотишларни қисқартириш мақсадида “Ўзбeкистон Республикасининг миллий озиқ-овқат хавфсизлиги ва соғлом овқатланишнинг 2022–2030 йилларга мўлжалланган стратегияси” лойиҳаси ишлаб чиқилди.
— Ушбу стратегия лойиҳасида 5 та устувор йўналиш белгиланган бўлиб, улар орасида озиқ-овқат маҳсулотларини хайрия тарзида ижтимоий ҳимояланмаган аҳоли қатламларига тарқатиш фаолиятини амалга оширувчи “Food Banking” тизимини ташкил қилиш учун чоралар кўриш каби вазифалар киритилган, — дейди Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Озиқ-овқат саноатини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Отажон Пирмонов. — “Food Banking” моҳиятан фудшеринг билан ўхшаш. Мазкур тизимни ташкил этиш орқали истеъмолдан ортиқча маҳсулотларни йиғиш ва уларнинг истеъмолга яроқли бўлган қисмини хайрия қилиш, истеъмолга яроқсиз қисмини қайта ишлашга йўналтириш, тўғридан-тўғри чиқиндихоналарга ташланишининг олдини олиш орқали исрофгарчиликка йўл қўймаслик ва экологияга салбий таъсирини камайтиришга эришиш кўзда тутилган. Бунинг учун ушбу тизимнинг электрон платформаси ташкил этилиши ҳамда унинг иштирокчилари алоҳида ташкилот сифатида шаклланиши, давлат рўйхатидан ўтказилиши, мазкур соҳага муайян имтиёз ва преференциялар қўлланиши таклиф этилмоқда.
Мухтасар айтганда, фудшеринг тизими озиқ-овқат ресурсларини увол қилишнинг олдини олишда замонавий усул сифатида дунё мамлакатларида аллақачон жорий қилинган ва бу ўз самарасини бермоқда. Мазкур йўналишдаги илғор хорижий тажрибаларни ўрганиб, мамлакатимизда фудшеринг муқобили — “Food Banking” тизимининг жорий қилиниши келгусида озиқ-овқат ресурсларидан янада унумли фойдаланиш, истеъмолга яроқли бундай ресурсларни одамларга етказиш орқали исроф бўлишининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз.
Шаҳзод Ғаффоров,
“Янги Ўзбекистон” мухбири