Тадбир Ўзбекистон ва қатор хорижий давлатларнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари, вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимлик органлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, парламент аъзолари ва экспертлар — жами 300 дан зиёд иштирокчиларни офлайн ва онлайн форматларда қамраб олди.
Таъкидлангандек, бугун Ўзбекистон давлат ва жамиятнинг барча соҳаларида чуқур ислоҳотлар босқичидан ўтяпти. Баъзан вақт ва ресурслар танқислиги шароитида бўлса ҳам жадал ҳаракат қилишга тўғри келяпти. Бу жараёнларга кенг жамоатчиликнинг жалб этилиши қабул қилинаётган қарорлар инклюзивлигини таъминлайди. Айнан шунинг учун ҳукуматнинг барча даражаларида халқ билан мулоқот тамойили илгари сурилмоқда.
Давлат фуқаролик жамияти институтлари ролини англаган ҳолда, уларни мақсадли равишда қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш механизмларини жорий этяпти. Уларнинг имкониятларини ҳам кенгайтиряпти. Нодавлат нотижорат ташкилотлари соҳасидаги қонунчиликни сезиларли даражада либераллаштириш бошланди. Жамоат ташкилотлари фаолиятини чеклайдиган мавжуд тўсиқлар олиб ташланяпти. 70 дан ортиқ давлат идоралари ва муассасалари ҳузурида Жамоатчилик кенгашлари ташкил этилди. Нодавлат нотижорат ташкилотларининг хорижий грантларни олиши ва ундан фойдаланиши билан боғлиқ қатор тўсиқлар бекор қилинди.

Барча муҳим қарорларни, шу жумладан, қонунлар, фармонлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни фақатгина жамоатчилик муҳокамасидан кейингина қабул қилиш амалиёти йўлга қўйилди. Хусусан, давлатимиз раҳбари янги сайланган Президент лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқида: «Фуқаролик жамияти институтларининг эркин фаолият юритиши, давлат ва жамият бошқарувида фаол иштирок этиши учун зарур шароитлар яратиш, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини янада такомиллаштириш эътиборимиз марказида бўлади», — дея таъкидлади.
Форум давомида Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтлари ҳамда маҳаллий ҳокимият органлари ва давлат идоралари ўртасидаги ҳамкорликнинг мавжуд ҳолати таҳлил қилинди. Сўнг фуқаролик жамияти ва давлат ҳокимлик идоралари вакиллари Ўзбекистонда эркин фуқаролик жамиятини ривожлантириш, инсон қадри-қиммати ва унинг қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган, кенг кўламли ислоҳотларни янги поғонага кўтариш борасида тегишли таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқди. Жумладан, фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини янада такомиллаштириш, ижтимоий лойиҳаларни амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотлари салоҳиятидан самарали фойдаланиш, қонунлар, Президент ҳужжатлари ва топшириқлари, давлат ва ҳудудий дастурлар ишлаб чиқиш ва ижросини таъминлашга кўмаклашиш борасидаги фаоллигини ошириш, уларнинг ижроси юзасидан самарали жамоатчилик назорати механизмларини жорий этиш бўйича таклиф ва тавсиялар иштирокчилар томонидан илгари сўрилди, деб хабар беради «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати.

Форум Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ва халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилди.