2022 йил 10 май куни Ўзбекистон халқ шоири, академик Ғафур Ғулом таввалудига 119 йил тўлди. Сана муносабати билан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан шоир уй-музейига адабий пресс-саёҳат ташкил этилди. Тадбирнинг янгилиги шундаки, ҳар куни 10 000 қадам юриш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилувчи Пиёдалар клуби фаоллари саналган адиблар, журналистлар ёмғир шаррос ёғаётганига қарамай, Ёзувчилар уюшмаси биносидан Ғафур Ғулом уй-музейига қадар пиёда борди. Улар йўл-йўлакай Адиблар хиёбонидаги шоир ҳайкалига гул қўйди.

2003 йили Ғафур Ғулом таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан яратилган ушбу ҳайкал дастлаб шоир номидаги боққа ўрнатилади. Президентнинг 2017 йилги тегишли қарори билан ёдгорлик Адиблар хиёбонига кўчирилди. Айни пайтда у Тошкент давлат юридик университетига бириктирилган бўлиб, олий ўқув юрти шоир номи ва ижоди тарғиботига бағишланган кўплаб хайрли ишларни бажаряпти.

Пиёдалар клуби аъзолари Абдулла Қаҳҳор, Ойбек, Зулфия, Ҳамид Олимжон, Муқимий, Фурқат, Бердақ, Огаҳий, Бобур ва Навоий ҳайкалларидан ўтиб, музейга қараб кетиб борар экан, Ғафур Ғулом шеърларидан айтди, адабий гурунглар қилди.

Пиёдалар клуби қачон ва нима мақсадда тузилган ўзи? 2022 йилнинг бошида Камолон дарвоза маҳалласида жойлашган Ёзувчилар уйи яқинидаги пиёдалар йўлагида ижодкорлар ташаббуси билан ташкил этилган Пиёдалар клуби аъзолари ҳар куни 10 000 қадам юради, тўғри овқатланиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилади, адабиёт ва санъат ҳақида гурунглашади, фикр алмашади. Юришнинг кони фойда эканини билган соғлом турмуш тарғиботчилари бу каби хайрли тадбирлар ўтказиб ўз сафига бошқаларни ҳам чорлайди.

Адиблар, оммавий ахборот воситалари ходимлари музейга етиб боргач, у ерда адиб ҳаёти ва ижоди билан боғлиқ қимматли экспонатлар билан танишди. Шоир ҳақидаги кўплаб қизиқарли маълумотларга эга бўлди.

Ғафур Ғулом 1903 йил 10 май куни Тошкент шаҳрининг Қўрғонтеги маҳалласида туғилган. Меҳмонлар музейда шоир туғилган уйнинг фотосуратини кўрди. Ҳозирда бу уй, афсуски, сақланмаган. Ўша хонадон ҳозирги Тошкент шаҳрининг Халқлар дўстлиги майдонидан Ҳадра майдонига кетишда ўнг қўлда бўлган. Келганлар, умуман, бу ердаги фотосуратларда Тошкентнинг ХХ аср бошларидаги кўриниши билан танишди. Шоир асарларида Тошкентнинг маҳаллаларини, бозорларини маҳорат билан тасвирлаган.

Айтишларича, Ғафур Ғулом туғилганда отаси Ғулом Мирзо Ориф ўғли 35 ёшда, онаси Тошбиби Шоюсуф қизи 25 ёшда бўлган. Отаси ўз даврининг етук саводхон кишиларидан эди. Форс-тожик тилларини яхши билган ва русча сўзлаша олган. Тошкентдаги думахонанинг маҳаллий бўлимида мирзалик қилган. “Ғулом” ва “Мирзо” тахаллуслари билан шеърлар битган. Лекин уларни бир жойга тўплаб чиқармаган. Шоирнинг онаси ҳам ўзбекча, форс-тожик тилларидаги китобларни ўқий олган. Зеҳнли ва шеърият ихлосманди бўлган. Халқ термалари вазнида шеърлар айтган. Ана шундай муҳитда катта бўлган Ғафурнинг адабиётга иштиёқи жуда эрта уйғонган бўлса, ажабмас. Ғулом ота ва Тошбиби аянинг сурати йўқ. Шоир 9 ёшида отасидан, 12 ёшида онасидан етим қолган. Унинг бу оғриқлари “Сен етим эмассан” шеърида яққол акс этган:

Етимлик нимадир –

Бизлардан сўра,

Ўнинчи йилларнинг

Саргардонлиги

Иситма аралаш

Қўрқинч туш каби

Хаёл кўзгусидан

Учмайди сира.

Музейда Тошкент шаҳридаги эски мактабнинг макети бор. Бола Ғафур ўз маҳалласидаги Ҳасанбой домланинг ана шундай эски мактабида ўқиган. Мактабда савод чиқарган, Бедилни ўқиган. Сўнг Тошкентдаги Тиллашайх мадрасасида бироз таҳсил олган. Эски мактаб ва мадрасада ўқиган кезларда араб, форс-тожик тилларини ўрганган. 1916 йили Ғафурни акаси Ўқчи маҳалласидаги рус-тузем мактабига ўтказган. У шу ерда рус тилини ўрганган ва Толстой, Пушкин, Лермонтов, Фетнинг ижоди билан танишган.

Меҳмонлар Ғафур Ғулом бу уйда 1944 йилдан 1966 йилгача яшаб ижод этгани, уй-музей Ўзбекистон ҳукуматининг 1981 йил 16 июндаги қарори билан ташкил этилгани, 1983 йили шоирнинг 80-йиллик юбелейи муносабати билан зиёратчилар учун очилганини билди. Уй-музей икки қисмдан иборат. Янги бинода Ғафур Ғуломнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида ҳикоя қиладиган адабий экспозициялар жойлашган. У шоир таваллудининг 101 йиллиги муносабати билан 2004 йил 10 май куни очилган. Музейнинг эски биносида эса шоир яшаган хоналар ва фойдаланган буюмлар ўрин олган.

Маълумотларга кўра, Ғафур Ғулом ўсмирлик йилларида қилмаган иши қолмаган. Охири босмахонага ҳарф терувчи-наборшик бўлиб ишга киради. Музейда шоир ишлаган босмахонанинг фотосурати осилган. Ўшанда устози Абдураҳмон Соҳибоевнинг маслаҳати билан 8 ойлик ўқитувчилар тайёрлаш курсида ўқийди. Битиргач, 1919 йил 3 мартда Бодак маҳалласидаги “Чўлпон” номли мактабга ўқитувчи этиб тайинланади. 1924 йили “Ҳаёт” мактабига, кейинчалик, “Умид” мусиқа билим юртида ишлайди. 1926 йили 3-боқимсиз болалар уйига мудир этиб тайинланади. Айни пайтда 7 йиллик “Урфон” мактабида ҳам мудирлик вазифасини бажаради. Музейда Ғафур Ғуломнинг ўқитувчилик фаолияти ҳақидаги сурат ва ҳужжатлар бор.

Ғафур Ғулом илк шеърини 1923 йили ёзади. Унинг номи “Фелекс болалари”. Шеър ўша даврдаги етим болаларга бағишланган. Бу ҳақдаги маълумотлар музейнинг “Ғафур Ғулом ижодининг илк даври” бўлимида акс этган. Шунингдек, у ерда шоирнинг Ёзувчилар уюшмаси аъзолари билан тушган суратлари, илк нашр этилган китоблариям ўрин олган.

Ғафур Ғулом журналист ҳам эди. Музейдаги бир бўлим унинг журналистлик фаолиятига бағишланади. У таржимаи ҳолида шундай эслайди: “1928 йил 15 сентябрдан бошлаб, “Камбағал деҳқон” газетасида секретар бўлиб хизматга кирдим... Бирор кун йўқ эдики, “Қизил Ўзбекистон”да, “Камбағал деҳқон”да, “Муштум”да ё бошқа журнал, газетада бирор мақола, фелетоним, очерким ё шеърим босилмаса... Ижодим яна-яна янги илҳом билан авж олиб борар эди”.

1943 йили Ғафур Ғулом Ўзбекистон Фанлар Академияси ташкил этилганда биринчилардан бўлиб, академик этиб сайланади. Ҳукуматнинг бу ҳақдаги қарори “Қизил Ўзбекистон” газетасида босилади. Бу хабар чоп этилган саҳифа музейнинг энг қимматли экспонатларидан бири саналади.

“Ғафур Ғулом поэмалари” номли бўлимда унинг 30-йилларда яратган бир нечта асарлари ўрин олган. Булар – “Қўқон”, “Хитойдан лавҳалар”, “Эгалари эгаллаганда”…

“Ғафур Ғулом – моҳир таржимон” номли бўлимда унинг таржимонлик фаолияти билан боғлиқ лавҳалар ўрин олган. У Жомий, Бедил, Рудакий, Лутфий, Шайх Саъдий, Шекспир, Лопе де Вега, Гоголь, Маяковский, Пушкин, Лермонтов, Некрасов, Демьян Бедний, Тарас Шевченко, Кирилов, Нозим Ҳикмат ижодини яхши билган, уларнинг асарларини ўзбек тилига ўгирган. Бу бўлимдан Ғафур Ғулом Шекспирнинг “Отелло”, “Қирол Лир” драмаларини ўзбек тилига таржима қилганини билиш, ушбу фожиаларнинг саҳна кўринишлари акс этган суратларни кўриш мумкин.

Бу бўлим “Ғафур Ғулом 2-жаҳон уруши йилларида” деб номланган. У ўша йиллари “Халқ отланди”, “Мен яҳудийман”, “Сен етим эмассан”, “Кузатиш”, “Соғиниш”, “Қиш”, “Хотин”, “Бизнинг кўчада ҳам байрам бўлажак”, “Ғолиблар”, “Вақт” каби шеърларини ёзади. Шоир 1942 йили ўзбек делегацияси таркибида ғарбий фронтга боради. Бу эса шоирнинг фронтда тушган фотосурати. Оиласига фронтдан қайтаётганда ёзган телеграммаси. Ғафур Ғуломнинг жияни Ҳамидулла Ҳусанов урушдан қайтиб келгач, шоирга соат совға қилади. У шу соатга қараб “Вақт” шеърини ёзади. Суратда сиз шоирнинг машҳур шеъри яратилишига туртки бўлган жияни Ҳамидулла Ҳусановни кўрасиз.

“Шум бола”. Ғафур Ғулом ижодини бу асарсиз тасаввур қилиб бўлмайди. “Ғафур Ғуломнинг “Шум бола” асари” номли бўлим. Рассомларнинг қиссага ишлаган иллюстрация ва суратлари. Асарнинг газетада эълон қилинган нусхасидан парча. Қиссанинг араб имлосидаги қўлёзмаси. Буларнинг бари кишини ўзига мафтун этади.

Қисса XX асрнинг 30-йилларда араб имлосида ёзила бошланган. Дастлаб “Довдираш” номи билан 1936 йили нашр этилган. Кейинчалик ёзувчи уни “Шум бола” деб атаган. Ғафур Ғулом бу қиссани то 60-йилларгача қайта ишлаган ва асар ҳозирги биз ўқийдиган ҳолга келтирилган. Витринада сиз ушбу қиссасининг турли йилларда ва турли тилларда чоп этилган нусхаларини кўрасиз. У рус, тожик, қозоқ, араб, урду, латиш, венгер, румин, грек ва бошқа ҳорижий тилларга таржима қилинган.

Ғафур Ғулом чин маънода болалар шоири эди. Кейинги бўлим унинг болаларга атаб ёзилган асарларига бағишланган. Бунда сиз Ғафур Ғуломнинг рассом Яр Кравченко томонидан 1949 йилда ишланган портретни кўрасиз. Бу экспонатларда эса Ғафур Ғуломнинг мактаб болаларига китоблар тақдим этгани ҳақидаги газета маълумоти. Ушбу мақолада шоирнинг ўз шахсий кутубхонасидан 2000га яқин китобни Тошкентдаги 90 мактабга совға қилгани тўғрисида ёзилган. Булар эса Ғафур Ғуломнинг болаларга бағишланган шеъларига ишланган суратлар, иллюстрациялар. Витринада эса “Сиз менинг ёшлигимсиз”, “Турғун ва ўрдак”, “Тонготар қўшиғи”, “Бир ғунча очилгунча” каби болаларга бағишланган шеърий тўпламлар.

Музейнинг кўҳна биносида шоирнинг шахсий кийим ва буюмлари – кийган дўппию тўни, чалган дуторию пианиноси, ўқиган китобларию фойдаланган стол-жавонлари, ўтирган диванию стулларигача асл ҳолида сақланган.

Ғафур Ғулом 1966 йил 10 июль куни вафот этади. Музейда Ғафур Ғулом вафоти муносабати билан турли давлатлардан келган таъзия телеграммалари бор. “Тошкент ҳақиқати” газетасининг 1966 йил 12 июнь сонида ҳам шоир вафоти ва дафн этилиши билан боғлиқ лавҳалар эълон қилинган. Шоирнинг ҳоки Тошкентдаги Чиғатой қабристонига қўйилган. У ерда шоирга атаб ёдгорлик ўрнатилган.

Ғафур Ғулом вафотидан сўнг унинг номини абадийлаштириш тўғрисида Ўзбекистон ҳукумати қарор чиқаради. Ҳозирги кунда Тошкент шаҳридаги катта кўча, нашриёт, метро бекати, истироҳат боғи, Самарқанд шаҳридаги маҳалла, Қўқон шаҳридаги адабиёт музейи шоир номи билан аталади. Ғафур Ғуломнинг “Шум бола” ва “Нетай”, “Ёдгор”, “Ҳасан кайфий”, “Афанди ўлмайдиган бўлди” асарлари асосида кинофильмлар ишланган. Сиз бу ердаги суратларда шу кинофильмлардан лавҳаларни кўрасиз.

Шоир таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан адибнинг ҳикоялари асосида Миллий театрда Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азимнинг “Ўтган замон ҳангомалари” спектакли қўйилади. Ғафур Ғуломнинг кўплаб шеърлари бастакорлар томонидан қўшиқ қилинган. Шулардан бир нечтасининг ноталари музейда сақланади. 1999 йилда Ғафур Ғуломга “Буюк хизматлари учун” ордени берилади. Мукофотни шоирнинг қизи Олмос Аҳмедова Президентдан қабул қилиб олади.

2023 йил шоир таваллудига 120 йил тўлади. Шу муносабат билан бир муддатдан сўнг уй-музейи таъмирланиш учун ёпилар экан.

Адиблар, журналистлар уй-музейини диққат билан томоша қилди, шоирнинг қизи, музей директори Олмос Аҳмедова билан самимий гурунг қилди.

– Дадам ниҳоятда меҳмондўст эдилар, аям бундан ҳечам нолимасди, – дейди у меҳмонлар билан суҳбатда. – Бу уйга нафақат Ўзбекистоннинг турли жойларидан, балки дунёнинг ҳар томонидан меҳмонлар келган. Бу фазилат менга дадамдан ўтган бўлса керак, мен ҳам уйимизга кўп меҳмонлар келишини яхши кўраман. Хуш келибсизлар!

Суҳбатда Ғафур Ғуломнинг болажон бўлгани, болаларни яхши кўргани ҳам гапирилди. Ўзининг 11 нафар фарзанди бўлгани ҳам айтилди.

Адабий пресс-саёҳат сўнггида шоир яшаган хонадондан бир пиёда чой ичдик. Гурунгимизни давом эттирдик. Бошқа адибларнинг уйлари ва уй-музейларига ҳам пресс-турлар ташкил этишга келишиб олдик.

Тадбирни тугатганимизда ёмғир тинган эди. Жамоамиз билан Ғафур Ғулом уй-музейидан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига пиёда қайтар эканмиз, адибнинг очиққўл ва меҳмондўст, бағри кенг ва болажон бўлгани “Бизнинг уйга қўниб ўтинг, дўстларим” номли шеъридаям акс этгани такрор ва такрор эсимга келаверди:

Шукр айтаман толеимга, болам кўп,

Чаккаларга тақгудек лолам кўп,

Келин-куёв, тоға, амма, холам кўп,

Кўкчой учун етгулик пиёлам кўп,

Бизнинг уйга қўниб ўтинг, дўстларим.

Фозил Фарҳод,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси

Ахборот хизмати бўлими бошлиғи