Меҳмонни уюшма раиси Сирожиддин Саййид қабул қилди. Суҳбатда олим Германияда “Бобурнома”нинг янги, тўлдирилган нашри чоп этишга тайёрланаётгани ҳақида таъкидлади. Унинг мундарижаси, мазмун-моҳиятига тўхталди.

Бу хабардан Сирожиддин Саййид қувонганини билдириб, ушбу асар тарих билан боғлиқ бўлгани учун ундаги ҳар бир маълумотда фактларга таяниш лозимлигини айтиб ўтди. Китобнинг яратилиш жараёнида эса адабий ҳамкорликка тайёрлигини маълум қилди.

Асли ўзбекистонлик бўлган адиб Ёзувчилар уюшмасининг фахрий аъзоси ҳисобланади. Бир қатор китоблари нашр этилган.

– Она Ватанга бўлган меҳрим-муҳаббатим мазкур китоб устида ишлашга ундади, – деди  Хелмут Далов. – Асардаги қаҳрамонлар ҳаёти ва ўша давр воқелигини акс эттиришда асл тарихий ҳақиқатларни очишга ҳаракат қилдим.

Меҳмон Сирожиддин Саййидни шу йилнинг октябрь ойида Германияда бўлиб ўтадиган мазкур китобнинг тақдимотида иштирок этишга таклиф қилди. Ўз навбатида, уюшма раиси ҳам бугун мамлакатимизда Заҳириддин Муҳаммад Бобур, бобурийлар сулоласи кенг ўрганилаётгани ва шу мақсадда тақдимот ҳар икки давлатда ҳам ўтказилиши ҳамда унда бобуршунос олимлар ҳам қатнашиши лозимлигини таъкидлади.

Учрашувда томонлар адабий алоқаларга доимий тайёрлигини ва бу борадаги режаларни келишиб олишди.

Зулайҳо Аҳмаджонова,
журналист