Берлин шаҳрида «Тараққиёт стратегияси» маркази ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Германия Федератив Республикасидаги элчихонаси билан ҳамкорликда «Ўзбекистон – 2030» стратегиясининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда ГФРда амалий ташрифда бўлиб турган Ўзбекистон делегацияси, дипломатлар, немис сиёсий, бизнес ва илмий-таҳлилий доиралар вакиллари, ОАВ ҳамда ватандошлар иштирок этди.

Давра суҳбати аввалида Ўзбекистоннинг ГФРдаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Дилшод Ахатов «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини амалга ошириш бўйича қабул қилинган Президент қарори, унинг мамлакатда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлардаги ўрни ҳамда аҳамияти ҳақида сўз юритди.

Шунингдек, давра суҳбатида «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков келгуси етти йилга мўлжалланган, мамлакат тараққиётига хизмат қилувчи мазкур ҳужжатнинг мазмун-моҳиятига алоҳида тўхталиб, Стратегияда 100 мақсадни ўз ичига олган 5 та устувор йўналиш барча соҳалар бўйича муҳим вазифаларни қамраб олганлиги билан аҳамиятли эканлигини қайд этди.

Қизғин мунозараларга бой, интерактив тарзда ўтган давра суҳбатида германиялик экспертлар ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.  Улар Ўзбекистон Президенти томонидан қабул қилинган «Ўзбекистон – 2030» стратегияси эътирофга сазовор ҳужжатлигини таъкидлашди.

Стратегияда, айниқса, халқнинг фаровонлик даражасини оширишга эришиш, экология масалалари, ташқи сиёсатда яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, хусусан, Европа Иттифоқи, Германия билан алоқаларни ривожлантиришга қаратилган аниқ мақсадларнинг мавжудлиги уларда катта таассурот қолдирганини алоҳида эътироф этишди.