Бўка туманида яшовчи 97 ёшли Хўжақул бобо Мадаминов хонадони ҳар байрамда совға-саломга тўлади. Эътибордан руҳланган бобо янада яшаради. Бу йил ҳам  9 май — Хотира ва қадрлаш куни арафасида Президент табриги, 12 миллион сўм пул мукофоти, эсдалик совғалар уруш қатнашчиси — Хўжақул бобога топширилди.

...Қишлоқда кун кўриш тобора оғирлашиб, ҳали у, ҳали бу ҳовлида мотам бўлиб турган кунлар. Почтачининг халтаси яхши муждадан кўра, шумхабарга тўла. Бу орада икки ўғлини жангга кузатиб, Хўжақулига суяниб қолган онаизор эса ўзини анча олдириб қўйган.

—1924 йил 13 февралда Сирдарёда туғилдим, — деб ҳикоясини бошлайди Хўжақул бобо. Бу тарихни невара-чеваралари кўп эшитган бўлса ҳам бобонинг оғзига термилади. — Оилада беш ўғил, бир қиз эдик. Эсимизни колхозда танидик. У пайтлар кун кўриш оғир, бир бурда нон топиш учун саҳардан қош қорайгунча даладан бери келмасдик. Шу тариқа кунлар ўтди. Ҳамма урушга кетар, қишлоқда йигитлар сони камайиб борарди. Бундай паллаларда ўзини четга олиш йигит киши учун ор, номус. Менга эса, ҳа деганда, “повестка” келавермайди. Ҳарбий комиссариатга борсам, қайтаришади. Шу орада қишлоғимизга яна 10 та чақирув келди. Бир куни ҳеч кимга сездирмай, поездга чиқдиму урушга чақирилганлар билан фронтга кетдим.

Бугун замон ўзгарди, раҳбарлар ҳам, оддий одамлар ҳам бошқа. У пайтлар олдингиздан раис чиқиб қолса, қочишга жой тополмай қолардингиз. Ҳозир Президентимизнинг ўзи уйма-уй юриб, одамлардан “Нима дардинг бор?” деб сўраб юрибди. Бунақа даврни энди кўрдик. Баъзан телевизорда одамларнинг давлатимиз раҳбарига бемалол гапираётганини кўриб, хурсанд бўламан.

Хўжақул бобонинг икки акаси ҳам урушдан қайтди: бирининг бир енги ҳавода ҳилпираб, бири оғир дардга чалиниб. Иккиси ҳам кўп яшамади. Хўжақул эса 1942 йилнинг бошларида Украина ҳудудида жангга кирди. Ойларни қувиб йил ўтар, урушнинг оғзи тобора кенгаяр, лекин охиридан дарак йўқ эди. 

1944 йилнинг сўнгги кунларида Хўжақул Мадаминов полки фашистлар ҳужумига учради. Уруш кўриб, суяги қотган йигитлар окоп қазишга улгурди. Бироқ қулоқни қоматга келтирувчи овоз ва совуқ қурол парчалари тумандек сочилган ҳавода Хўжақул оёғида оғриқ сезди — яраланган эди. Жанг майдонидан шифокор судрабсудраб олиб чиқди. Госпиталга ётқизишди, аҳволи ўнгланмагач, Астраханга юборишди. Шундан сўнг қўлтиқтаёққа суяниб юртга қайтди.

— Сирдарё вокзалига кечаси келиб тушдим, — дея эслайди бобо. — Атроф зим-зиё. Тонг отгач, бозорга бордим. Одам кам, асосан, хотин-халаж. Жун сотиб ўтирган аёлни таниб, ёнига бордим. Салом бердим. Совуқ гаплашди. Қўшни аёлнинг ўзини бундай тутишидан хафа бўлиб, “Мен урушдан қайтдим, янга” дедим. Юзимга бирпас тикилиб турди-да, йиғлаб юборди. Чунки мендан на хат, на хабар бўлавермагач, ҳамма, ўлган деб гумон қилган экан. Ахир уруш забтига олиб, қишлоққа фақат қора хат келавергач, бошқача бўлмайди ҳам.

Озиб-тўзиб кетган Хўжақулни қишлоқда ҳам биров таниди, биров танимади. Боиси, уруш даҳшатлари унинг ташқи кўринишига ҳам таъсир қилган эди.

Ўғли урушга кетгач, ўзини батамом олдириб, тўшакка михланиб қолган онаизорнинг аҳволи аста-секин ўнглана бошлади. Хўжақул яна колхозга ишга кирди. Кейин Сирдарёдан Тошкент вилоятига келиб, арпа экди. Уйланди, бола-чақали бўлди.

Бугун 6 фарзанд ва 130 га яқин набираю чеваралар қуршовида кексалик гаштини сурмоқда.

Бобо ҳали тетик. Мамлакатимизда бўлаётган ўзгаришлар эпкинидан хурсанд. Ўтган ҳаёти билан бугунни таққослайди. Невараю чевараларига бу кунларнинг қадрига етиш кераклигини уқтиради.

— Ўтган йили туманда уруш қатнашчиларидан тўрт киши эдик, бу йил бир ўзим қолибман, — дейди маъюс тортганча Хўжақул бобо. — Аллоҳ умр берган экан, яшаяпмиз. Қўлимдан келгани дуо. Шундай дориламон замонда ўтаётган ҳар куним — байрам.

Дарвоқе, давлатимиз раҳбари Хўжақул Мадаминовга йўллаган мактубида шундай сўзлар бор: “Сиздек қаҳрамон юртдошларимиз билан барчамиз ҳақли равишда фахрланамиз. Сизларни хонадонларимизнинг файзи ва кўрки, жамиятимизнинг бебаҳо бойлиги сифатида доимо ардоқлаб, эъзозлаб яшашни ўзимизнинг муқаддас бурчимиз, деб биламиз ва бу йўлда бундан буён ҳам барча шартшароитларни яратиб берамиз”.

Биз Хўжақул бобонинг хонадонидан чиқар эканмиз, бугун урушдан ёлғиз ёдгор сифатида қолган Бўканинг ўғлони ҳикояларини жон қулоғи билан тинглаётган болакайлар ҳам жўр бўлади: “Ҳали узоқ яшайсиз, бобо!”.