Унда унумдорлиги паст бўлган ва фойдаланилмаётган қишлоқ хўжалиги майдонлари ҳақида танқидий фикрлар билдирганди. Давлатимиз раҳбари ўз нутқида автомобиль йўллари ва дала ўртасидаги ерлардан фойдаланиш бўйича «Тўрақўрғон тажрибаси»га тўхталганди.

Бу борада Тўрақўрғонда қандай ишлар амалга оширилаётгани билан қизиқдик. Туманда 87 нафар фермер хўжаликлари томонидан 2021 йил ҳосили учун 4880 гектар майдонга бошоқли дон экинлари экиб парвариш қилинмоқда. 4269 гектар майдонга чигит қадаш режалаштирилган. Шу билан бирга, чигитга ҳамкор қилиб 1670 гектар майдонда соя ўстирилади. Айни кунгача 3802 гектар ёки 89,1 фоиз майдонга чигит экиб бўлинди, жараён қизғин давом этмоқда. 521 гектар боғ-ток қатор ораларига экспортбоп ҳамда озуқабоп сабзавот, полиз, картошка, саримсоқпиёз экилмоқда.

Туманда 2032 гектар яйлов ва аборотдан чиққан майдонларни аборотга киритиш учун 10 та ташаббускорга ажратиб, туман ҳокимининг қарори билан бириктириб берилган. Бугунги кунда 400 гектардан ортиқ майдонлар текисланиб, 150 гектаридан ортиғига экспортбоп мевали кўчатлар ўтқазилди.

- Машиналар қатнайдиган йўллар ва дала ўртасидаги ерлардан унумли фойдаланиш доимий эътиборимизда, - дейди туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Тўлқинжон Ботиров. - Мисол учун, тумандаги Наманган илмий тажриба станцияси экин ерларининг йўл бўйларида чигит билан ҳамкор сифатида 7 хил экин - соя, карам, саримсоқпиёз уруғлари ниш урмоқда. Ҳудуддаги «Зумрад ибрат» фермер хўжалиги йўл бўйига дала шийпони ҳамда енгил типдаги иссиқхона ташкил этилиб, ичига лимон кўчатлари ҳамда кўкатлар экилган. «Шарқ замин ёғдуси» фермер хўжалиги йўл ёқасидаги майдонда кўчат қаламчалари кўкариб турибди. Бу, албатта, кутилганидан кўпроқ ҳосил натижасини олиш мумкинлигини англатади.

Куни кеча вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов тумандаги «Шаҳанд Аъзамий», «Бураматут гулшани» фермер хўжаликлари дала майдонларини кўздан кечирди. Ғўза ва соя уруғлари қўшқатор қилиб экилган ерларда ўсимликлар бир текис униб чиқишни бошлаган. Мутахассисларнинг фикрича, бир гектар майдондан 15 центнердан соя ҳосили олинса, 7,5 миллион сўм қўшимча даромад топиш мумкин. У август-сентябрь ойларида ўришга тайёр бўлади.

- Вилоят раҳбари ҳудудимизнинг «Қоровултепа» массивидаги янги ерларни кўздан кечирди. Бу жойда «Наманган тўқимачи агро кластер» фермер хўжалиги томонидан 500 гектар майдон ўзлаштирилиши режалаштирилган, - дейди Тўрақўрғон тумани ҳокими Зулайҳо Маҳкамова. - Ҳозиргача 135 гектарига ишлов берилиб, 10 гектарга бодом, 6 гектарга ўрик экилди. Яна 100 гектар ер экишга ҳозирланяпти. Энг муҳими, йиллаб муаммо бўлган суғориш масаласи ҳал этилди. 1,5 километр масофадан кўтарма насос орқали об-ҳаёт келтириляпти. Томчилатиб суғориш орқали сувнинг тежамкорлиги таъминланади. Ерларга эса грек ёнғоғи, ўрик, бодом, хандон писта кўчатлари жойлаштирилиб, улар ҳосил бергунга қадар қатор ораларига пахта ва соя экилади.

Ерни эъзозлаш, ҳар қаричидан унумли фойдаланиш орқалигина манфаатдорликка эришиш мумкинлигини тумандаги барча фермер ва деҳқонлар тушуниб етишган ва астойдил меҳнат қилишмоқда.

Орифжон ЖЎРАЕВ,

«Янги Ўзбекистон» мухбири.